Линклар

Жиззах вилояти Дўстлик тумани пахта заводининг бир гуруҳ ишчилар Озодликка мурожаат қилиб, 2014 йилги пахта мавсумида ишлатилиб ̧ бирор марта ҳам маош олмасдан ишдан бўшатиб юборилганларидан шикоят қилди.

Дўстлик тумани пахта заводида мавсумий ишлатилиб, пулини ололмаган 25 кишидан бириси бўлган самарқандлик Равшанбек, Озодлик билан суҳбатда, вазиятни гапириб берди

- Бизни ишлатиб¸ ишлатиб мавсум тугагач, сокрашениега туширди. Дўстлик пахта тозалаш заводи қошидаги пахта пунктида бир сезон ишладик. Илгариги Гагарин туманида. Ишдан бўшатганига 3 кун бўлди. Бухгалтерия пул бермаяпти. 25 киши пул кутиб, зах бетон хонада ëтибмиз. Уйга бўш ҳамëн билан боришга юзимиз чидамаяпти. Заводни пули бўлмаса, бизни нега ишлатди¸- дейди суҳбатдош.

Дўстлик пахта заводи раҳбариятидаги Озодлик манбаларининг билдиришича¸ жорий пахта мавсумида Самарқанддан келиб ишга ëлланган 25 киши шартнома тугагани боис ишдан бўшатилган.

Манбага кўра¸ жорий пахта мавсуми бўйича ҳисоб-китоблар тугагач уларнинг пластик карталарига шартномада кўрсатилган пул ўтказиб берилади.

Дўстлик пахта заводида саркор бўлиб ишлайдиган ва исми очиқланмаслигини истаган йигитнинг Озодликка айтишича¸ ишдан бўшамаган ходимларнинг ойликлари ҳам 10 ой кечиктириб берилмоқда:

- Масалан, ҳозирги мавсум бошланган пайтда 2013 йил пахта мавсумидаги ойликни олдим. 10 ой кечикди ойлик. Бу пулни ҳам Агробанкдаги пластикка ўтказди. Пластикни кўтариб валютчикларга бордим. Валютчиклар 15 фоиз олиб қолиб, обналичка қилиб беришди. Ойликни кечиккани бир тараф¸ баракаси учгани яна бир тараф¸- дейди суҳбатдош.

Дўстлик пахта заводи раҳбариятидаги Озодлик манбалари ҳам бугунги кунда корхона ходимларидан маош бўйича 8 ойлик қарздорлик тўпланиб қолганини тасдиқлади.

Заводдаги манбанинг айтишича¸ вужудга келган муаммо корхона мижозлари бўлган давлат ташкилотларидан пул тушмагани билан боғлиқ.

Озодлик манбаларининг таъкидича¸ “Ўзпахтасаноат” давлат ширкати таркибига кирувчи иш ҳақининг вақтида тўланмаслиги одатий ҳолга айланмоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ Хоразм вилояти Ҳазорасп туман пахта тозалаш заводи ишчиларининг ҳам ойлик маоши кечикмоқда.

Шахслари ошкор қилинмаслигини сўраган Ҳазорасп пахта заводи ходимлари 2014 йилда ҳали бирор марта маош берилмаганини Озодликка билдиришди.

- 8 ойдан бери ишчиларнинг ойликлари берилмаяпти. Бу масала бўйича мурожаат қилмаган давлат ташкилоти қолмади. Жуда қийин аҳволда қолдик,- дейди Озодликка мурожаат қилган завод ишчиларидан бири.

Унинг яна айтишича, бу вазият хусусида бир гуруҳ ишчилар Хоразм вилоят прокуратурасига ҳам мурожаат қилишган. Лекин самара чиқмаган.

Ҳазорасп туман пахта тозалаш заводида ишчи бўлиб ишлайдиган Рўзмат ака, Озодлик билан суҳбатда, шу йилнинг май ойидан бери маош олмаганлигини таъкидлади.

- Ойлигим 500 минг¸ аммо шундан фақат 100 мингини май ойида пластикка ўтказиб берди¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра, пахта заводи ўз ишчиларининг Агробанкдаги пластик карталарига баъзан ойлик маошнинг бешдан бирини ўтказиб қўйиш билан кифояланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG