Линклар

logo-print

Қўқонда пахта терими учун аҳолидан пул йиғиш давом этмоқда


Қўқон маҳаллаларидан ҳар куни шаҳар автовокзалига йиғилган ҳашарчилар автобусларда олиб кетиляпти

Қўқон маҳаллаларидан ҳар куни шаҳар автовокзалига йиғилган ҳашарчилар автобусларда олиб кетиляпти

Пахта йиғим-терими охирлаб қолганига қарамасдан, Қўқон шаҳри маҳаллаларида теримга мардикор ёллаш учун аҳолидан ҳар ҳафта беш минг сўмдан пул йиғилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, бола нафақаси оладиган аёллар, арзон кўмир учун навбатда турганлар пахта теримига боришга мажбурланяпти. Қўқон маҳалла жамғармаси раиси аҳолидан пул йиғилаётганига оид иддаоларни инкор қилди.

Қўқон шаҳри Чорсу мавзесининг 18-маҳалласида истиқомат қиладиган, исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган уй бекасига кўра, пахта терими тугаб бораётганига қарамасдан маҳалла фаоллари аҳолидан мардикор ёллаш учун пул йиғишни давом эттирмоқда:

- Пахтага чиқмайдиганлардан ҳафтасига беш минг сўмдан олиб кетяпти. Мана пахта ҳам тугаяпти, балки басдир, десак “йўқ ҳокимнинг буйруғи билан пахтага одам жўнатиш давом этяпти. Шунга бу пулга мардикор ёллаб жўнатяпмиз, дейишяпти,- деди уй бекаси.

Унинг айтишича, пахтага хонадонидан одам чиқармаганлар ёки мардикор ёллаш учун пул бермаганлар арзон нархдаги кўмир ва газ баллондан бенасиб қолиш билан чўчитилмоқда:

- Булар мардикор оламиз дейишяптию, лекин ҳали мардикор олганини кўрмадик. Ўзи бизнинг маҳалламизда камбағаллар кўп. Болалар пулини эса пора берганлар ва бой одамлар олишяпти. Шунга одамларнинг жаҳли чиқиб пахтага ҳам чиқмаяпти. Лекин олдинда қиш бор. Маҳалладан бериладиган кўмир ва газ баллонлари умидида халқ юз-хотир қилиб, беш минг сўмдан беряптида,- дейди суҳбатдош.

Чорсудаги маҳаллалардан пахта учун беш минг сўмдан йиғилаётганини бошқа қўқонликлар ҳам тасдиқлади.

Қўқон шаҳар маҳалла жамғармаси раиси Раҳимжон Муҳаммаджонов, Озодлик билан суҳбатда, маҳаллалардан пахта теримига одамлар чиқарилаётганини тасдиқлар экан, лекин мардикор ёллаш учун пул йиғилаётганини илк бор эшитганини айтди:

- Вой ноинсофларей, шунақа қилишяптимикан? Мен буни ҳозир суриштириб биламан. Бош вазирнинг, ҳокимнинг топшириғи билан пахта зарбдор дегани учун маҳаллалардан 20-10 тадан одам чиқаряпмиз. Энг кам маҳалла ҳам бешта чиқаради. Лекин у гаплардан хабарим йўқ, унинг тагига етаман,- деди Раҳимжон Муҳаммаджонов.

Ўзбекистонда пахта мавсуми бошланганидан буён ишчи-хизматчиларни, ўқитувчи-шифокорларни ва маҳаллада истиқомат қиладиган одамларни пахта теримига мажбурий сафарбар қилиш кўп кузатилди.

Ўзбекистондаги 11та вазирлик, қўмита, инспекция раҳбарлари 2011 йилнинг 28 февралида имзо чеккан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йиғиштириб олиш учун таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларидан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш ҚОИДАЛАРИ”га кўра, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинмаслиги лозим. Мазкур тартибга амал қилинмаган ҳолатда мансабдор шахслар жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Меҳнат кодексининг 7-моддасида бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади. Акс ҳолда бу МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ сифатида малакаланади.

Мажбурий тарзда далага ҳайдашнинг қанчалик қонунга тўғри келишини ўрганган Ташаббус ҳуқуқий сайтининг юристлари Ўзбекистон қонунчилигида пахта теримига чиқмаганлик учун маъмурий ёки жиноий жазо белгилайдиган бирор ҳуқуқий ҳужжатнинг йўқлигини аниқлашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG