Линклар

Дубайнинг Ал Васл футбол клуби “осиëлик ўйинчи” иддаоси билан сотиб олган 21 яшар бразилиялик Фабио де Лиманинг Осиëга алоқаси – унинг қўлидаги Ўзбекистон паспортидир. Ҳозирча Лимага Ўзбекистон паспортини ким¸ қайси асосда бергани қоронғу.

Дубайдаги "ўзбек" футболчиси

Озодлик билан суҳбатда Бирлашган араб амирликлари футбол уюшмаси расмийси Фабио де Лиманинг Ал Васлга “ўзбекистонлик” сифатида сотиб олинганини тасдиқлади.

- Лима бир пайтнинг ўзида ҳам Бразилия¸ ҳам Ўзбекистон фуқаросидир. Биз уни ўзбекистонлик футболчи сифатида рўйхатга олганмиз. Дунëнинг кўп давлатида икки ëки ундан кўп фуқаролилик бўлиш қонунийдир. Масалан¸ Бразилия ва Испанияда шундай. Шунинг учун Лимада ҳам Бразилия¸ ҳам Ўзбекистон паспорти бор. Бу нормал¸ деди БАА Футбол уюшмаси расмийси.

Жамоатчилик учун нормал бўлмаган жиҳат эса Фабио де Лиманинг "ўзбекистонлик футболчи" сифатида на бирор ўзбек клуби ва на миллий жамоада ўйин кўрсатмагани; унинг Ўзбекистон деган тупроққа балки қадам ҳам босмаганидир.

Боз устига¸ Ўзбекистон ўз паспортини ҳатто мамлакат ҳудудида туғилиб¸ бир умр шу ерда яшаëтганларга бериш бобида энг кўп қийинчилик ва тўсиқ ўрнатган мамлакат сифатида фуқаролигини хорижликка осонгина бериб қўядиган давлат эмас.

Ўзбекистон фуқаролигини олиш шартлари

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик тўғрисидаги” 1992 йилда қабул қилиниб¸ 2004 йилда тўлдирилган қонуннинг 17-моддасида хориж фуқаросига Ўзбекистон фуқаролигини бериш шарт-шароитлари қуйидагича белгиланган:

“1) чет эл фуқаролигидан воз кечиш;

2) сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик”.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси расмийси мамлакат қонунчилигида фахрий фуқаро деган тушунча йўқлиги¸ амалда хориж фуқаросининг Ўзбекистон фуқаролигини олиши жуда узоқ ва мураккаб жараëн эканини таъкидлади:

- Ўзбекистонда бир фуқаролик фақат. Шунинг учун хориж фуқароси аввалги фуқаролигидан воз кечиши ва буни расман тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак. Кейин у камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида доимий прописка билан яшаган бўлиши керак. Бу жудаям қийин жараëн ва шунинг учун хорижлик ўз фуқаролигидан воз кечмагани яхшироқ¸ деди ИИВ расмийси.

Фабио де Лима Бразилия фуқаролигидан воз кечмаган¸ Ўзбекистонда беш йил яшаш турсин¸ бу мамлакатга бормагани аниқроқ бир ҳолатда унга қайси қонун асосида Ўзбекистондаги қайси тизим Ўзбекистон паспортини бергани очиқ қолмоқда.

Озодлик бу саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Дубайдаги консулхонасига сим қоқди¸ аммо пайшанба ва жума кунлари телефон гўшагини кўтарган одам бўлмади.

Уч бразилияликни сотиб олганга бир "ўзбекистонлик" қўшиб берилади....

Озодликнинг футболга яқин манбалари берган изоҳга кўра¸ Осиë футбол конфедерацияси белгилаган 3+1 қоидасига мувофиқ¸ мазкур қитъадаги ҳар бир клуб бошқа қитъа¸ дейлик Лотин Америкасидан сотиб олинадиган ҳар учта легионер ëнида битта осиëликни ҳам олиши шарт. Бу қоида¸ Осиë футбол клублари ўртасида ҳам ўйинчилар алмашиш ва улар тажрибасини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган. Аммо аксарияти Европа ва Лотин Америкаси ўйинчиларига ишқибоз пулдор араб клублари бу қоидага чап бериш учун ҳийлаи шаърий ўйлаб топганлар – Фабио де Лима мисоли кўрсатиб турганидек¸ асли бразилиялик ўйинчи гўë осиëлик¸ бу мисолда¸ ўзбекистонлик сифатида рўйхатга олинади ва гўë қоидага амал қилинади.

Ал Васл мураббийси Йоргино 18 сентябрь куни ўтказган матбуот анжуманида клубга кетма-кет учта бразилиялик ва бир "ўзбекистонлик "де Лиманинг сотиб олингани ҳақида гапирган.

БАА Футбол уюшмаси расмийси Озодлик билан суҳбатда де Лиманинг қандай қилиб ўзбекистонлик футболчига айланганидан бехабарлигини таъкидлади. Ўзбекистонда қўш фуқаролилик йўқлиги¸ Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун аввалги паспортдан воз кечиш ҳақидаги маълумотга жавобан у:

- Бу масалада Ўзбекистон Футбол федерациясига мурожаат қилинг¸ масаланинг бундай легал жиҳатларидан хабарим йўқ¸ дея жавоб берди.

Озодлик ҳозирча Фабио де Лимани топиб¸ унинг ўзидан ўзбекистонлик футболчига айланиш тарихини ўргана олмади.

Озодликнинг футболга яқин манбалари фаразича¸ де Лима каттагина коррупция аралашган иш қурбони бўлиши мумкин.

Айрим Интернет нашрларида Фабио де Лимага берилган Ўзбекистон паспортининг сохта экани¸ бошқа бир аëлда ҳам айни рақамдаги паспорт мавжудлиги ҳақидаги маълумот пайдо бўлди.

Озодлик де Лимага берилган Ўзбекистон паспорти нусхасига эга бўлмагани боис¸ бу иддаони ҳозирча тасдиқлаш имконига эга эмас.

Осиë футбол конфедерацияси изоҳ беришни истамади

24 октябрь куни Озодликнинг ушбу масалага ойдинлик киритишни сўраб Осиë футбол конфедерацияси Куала-лумпурдаги бош қароргоҳига электрон почта орқали йўллаган мурожаатига қуйидагича жавоб келди:

"Сизнинг сўровингиз маҳаллий характерга эга бўлгани учун биз унга ҳеч қандай изоҳ бера олмаймиз. Бу масала билан ички лигада ўйинчиларни рўйхатга олишга маъсул маҳаллий Футбол уюшмаларига мурожаат қилишингизни маслаҳат берамиз. Ҳар бир маҳаллий уюшма ўз ички мусобақалари доирасида хориж ўйинчилари сони ва фуқаролиги борасида ўзи маъқул деб билган қоидаларни жорий этишга ҳақли.

Бу масалада ФИФА нинг ўйинчиларни трансфер қилиш ва улар мақомига оид Қоидаларига ҳам қараб қўйишингиз мумкин.

Дарвоқе¸ Ал Васл клуби ҳозирда Осиë футбол конфедерацияси мусобақаларида қатнашаëтгани йўқ.

Бу маълумот масалага ойдинлик киритишга ëрдам беришига умид қиламиз."

Озодликнинг Ўзбекистон футбол федерациясидан бу масалада изоҳ олиш уринишлари натижасиз қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG