Линклар

logo-print

Таниқли журналист, ўзбек тилида Ўшда чиқадиган "Сиёсат" газетасининг ношири ва бош муҳаррири, "Америка овози" радиоси мухбири Алишер Соиповнинг номаълум шахслар томонидан Ўшда отиб кетилганига 7 йил тўлди. Алишернинг укаси Шоҳруҳ Соипов акасининг ҳақиқий қотиллари топилиб, жазоланишига умид билдиради.

Ҳозирда акаси изидан бориб журналистика билан шуғулланаётган Шоҳруҳ Соипов акасини хотирлаб ёзган блогини Озодликка тақдим қилди.

Қуйида ушбу блогни таҳрир қилинмаган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Бундан етти йил аввал, ҳудди шу кун, 2007 йилнинг 24 октябрида ҳар куни ишларини тамомлаб, дарвозадан уйга кириб келадиган акамиз келмади. Келмади десам нотўғри бўлар, келди, фақат жонсиз танаси келди.

Бир кун аввал эрталаб ҳовлидаги сўрида бирга ўтириб нонушта қилиб, ишга кетаётиб дарвозадан кетма-кет чиқиб, хайрлашганимиз сўнгги кўришганимиз бўлди. “Яхши бориб кел”, деб менга оқ йўл тилаб, ўзи эса одатдагидай дарвоза олдида такси кутиб қолди.

Ўша куни мен Жалолобод шаҳрига хизмат сафари билан йўлга чиққандим. Ўшанда у ерда бир тун тунаб, эртасига негадир имкон қадар ишларимини тезроқ битириб, Ўшга қайтишга ҳаракат қилдим. 24 октябрь кечки соат олти яримлар чамасида таксида акам отилган жойдан ўтдим. Мавзе гавжум, одамлар ишдан қатаётган пайт, лекин у пайтда акам ҳали ҳаёт эди...

Уйга келиб оиламиз билан бирга кечки овқатга ўтирдим. Ўша пайтда туғилганига эндигина икки ой тўлган акамнинг қизи Зулайҳо тинимсиз йиғлаган, гоҳ онаси, гоҳ биз ака-укалар қўлимизда кўтариб уни юпатишга ҳаракат қилардик. Қизалоқнинг йиғиси узоқ давом этди ва ниҳоят у тинчланди.

Алишер акам ҳали ишдан келмаганди. Одатда, у уйга ишларини тамомлаганидан кейин, кундузими, оқшом пайтми ёки ярим кечада қайтар эди. Ўша куни ҳам бу одатий ҳолат қатори кўрилди. Кечки соат тўққиздан ўтганда дарвозадан бировнинг чақиргани эшитилди. Ташқарига чиққанимизда, шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати ва форма киймаган милиция ходимлари турган экан. Улар Алишер акамнинг отиб кетилганини айтмай, бизни саволга тутиб маълумот олишга ҳаракат қилишарди.

Дадамни, мени ва акамни шаҳар ички ишлар бўлимига олиб тушиб, у ерда бизни гўёки гумондор шахс сифатида “Алишер сўнгги пайт қаерда, кимлар билан ишлаган?, “Яқин дўстлари ким?” каби саволлар бериб сўроққа тутдилар. Энг аввало ҳаёлимизга акамизни ўғирлаб кетишди ёки бирон кор-ҳол содир бўлди, деган фикр келди. Аммо унинг отиб кетилганини мутлақо ўйламагандик.

Шу вақт ичида отиб ўлдирилган акамизни аллақачон ўликхонага олиб келишган экан. У ерга борганимизда, унинг олдида бир қанча МХХ ва милиция ходимлари туришар, келган одамларни кузатишар эди. Ўликхона ходимларидан бири шум хабарни эшитиб йиғилган қариндошлардан акамизнинг танасини ёриш учун 2000 сом (50 доллар атрофида) пора сўрашга ҳам улгурган эди.

Ўша куни ярим тунда соат 12ларга яқин акамизнинг жонсиз танасини уйга олиб келдик. Ўнг оёғининг сонига орқа тарафдан отилган ўқ оёқнинг ички тарафидан, бошнинг орқа тарафидан отилган ўқ пешонасидан ва бошининг орқаси чап тарафидан отилган ўқ эса ўнг жағидан тешиб чиққан эди.

Оиламиз аъзолари, қариндошлар, дўсту-душман ҳовлимизга йиғилди. Одамлар навбати билан акамни кўргани кириб чиқишар, унинг жонсиз танаси эса ҳаёлимда барчани кузатиб, душманларига гўё “Менинг ўлганимга суюнманг, сизларни Аллоҳнинг адолатли маҳкамасида кутиб оламан”, деб тургандек эди.

Шу вақт ичида ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари акам таъсис этган “Сиёсат” газетасининг офисини ходимларга дўқ-пўписа билан очтириб, ундаги барча буюмларни олиб чиқиб кетган эдилар. МХХ ходимлари энг аввал акамнинг чўнтагидаги ва офисида қолган яна бир уяли алоқа телефонини олганлар.

Оиламиз Алишер акам билан видолашишни хоҳламасак ҳам, лекин имконсиз эканлигимизни билар эдик. Эртасига пешин намозидан сўнг жаноза ўқилди, оиламиз, қавму-қариндош, дўсту-биродарлар билан акамизни охирги сафарига кузатдик. Ўша сониядан бошлаб у биз билан бирга эмаслигини аччиқ бўлса ҳам тан олдик.

Ўша кундан бошлаб, “Алишерни ким ўлдирган?” деган савол ҳанузгача жавобсиз қолаяпти.

Қотиллик юзасидан очилган жиноий ишда Боткен вилояти Лайлак районида истиқомат қилиб келган собиқ милиция ходими Абдуфарит Расулов айбланувчи шахс сифатида қўлга олиниб судланди.

Қирғизистон Олий суди 2010 йилнинг 9 ноябрида Ўш шаҳар судининг айбланувчига нисбатан чиқарган 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Абдуфарит Расулов барча суд махкамаларида ўзининг айбсизлигини, иқрорлик кўрсатмаларига қийноқлар остида қўл қўйганини ва қотилликнинг ягона гувоҳи бўлмиш Иқбол Мирсаитов билан аттига бир марта бир неча сония давомида юзма-юз кўришганини айтди.

“У инсон бир хонада ўтирган экан. Мени олиб чиқиб, бошқа хонага олиб ўтаётганда кўрганман. Ўйлаганман, ўзларининг (милиция ходимларининг) таниши бўлса керак, деб. Кейин билсам, у инсон, менга қарши гувоҳлик бераётган экан”, деган эди Абдуфарит Расулов.

Қотилликнинг ягона гувоҳи Иқбол Мирсаитов етти йил мобайнида ўтган суд маҳкамаларида фақат бир марта, аттига 15 дақиқа давомида суд жараёнида қатнашиб, судья, адвокат ва жабрланувчиларнинг саволларига тўлиқ жавоб бермай, “эслай олмайман” деган гаплар билан чекланган.

“Воқеа қандай юз берди?” деган саволга у “Биз йўл четида турган эдик, орқа тарафдан кимдир келиб, Алишерга қараб ўқ узди” деди.

“Сиз қандай қилиб тирик қолдингиз?” деган саволга ”Қотил менга ҳам пистолетни йўналтирган эди, унинг қўл остидан, энгашиб қочиб кетдим”;

“Биринчи бўлиб кимга хабар бердингиз?” деган саволга “МХХ бўлимига. Мени улар воқеа жойидан олиб кетишди”;

“Нега дарҳол оила аъзоларига хабар қилмадингиз?” деган саволга эса “Уларнинг манзилини, телефон рақамини билмас эдим”, деб жавоб берди.

Ота- онамнинг сўнгги, “Сиз ҳам мусулмонсиз, агар айтаётганларингиз тўғри бўлса, Аллоҳ номини тилга олиб айбдор эмаслигингизни айта оласизми?” саволига эса, бироз тўхтаб, “Бу ерда ундай нарсани аралаштиришнинг кераги йўқ”, дея мужмал жавоб қайтарди.

Ваҳоланки, Иқбол Мирсаитов узоқ вақтдан бери акам билан дўстлашиб келган ва 2006 йили акамнинг никоҳ тўйида бирга ёнида юриб, шахсан менга “акангиз ичаётган чой, сувларга қараб туринг, тағин биронтаси душманлик қилиб бирон нарса қўшиб қўймасин”, деб қайғурганди.

Оиламиз Иқбол Мирсаитовни етти йил кутди ва ҳозир ҳам кутмоқда, акам билан умрининг сўнгги лаҳзаларида бирга бўлган, қотилликнинг ягона гувоҳи, нима бўлганини, воқеа қандай юз берганини айтиб берса, эшитсак деб. Лекин у уйимизга бирор марта ҳам келмади. Бу инсон билан учрашишга бир неча уринишларим эса натижа бермади.

Акамизнинг айрим ҳамкасбларидан олган маълумотларимиз ва етти йил ичида оилавий изланишлар натижасида қўлга киритганимиздан, Қирғизистон ҳуқуқ тартибот идоралари ҳам ушбу қотиллик бўйича асосий ягона гувоҳни сўроққа олмай, турли хил бахоналар билан беркитиб юришлари ортида, ўз сирларини ошкор этилмасликларини, аксига олганда, давлатлараро низо келиб чиқиши эҳтимоли аён бўлди.

Шундоқ ҳам бир қалтис вазиятда, Ўзбекистон билан ўз муносабатларини ёмонлашишини ҳоҳламаган Қирғизистон ҳукумати қўшни ҳукумат розилигисиз жиноятнинг юзини очишга журъат этолмаслигини тушунган ва Иқбол Мирсаитовни ўз паноҳларига олиб юришга қарор қилганлар.

Орадан етти йил ўтди. Акамизнинг оилада, жамиятда тутган ўрни, унинг йўқлиги билинаяпти. Гоҳида, агар у ҳаёт бўлганда, балки ўзининг мақолалари билан жамиятдаги муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига ўз ҳиссасини қўшган бўлармиди, деган фикр ўтади ҳаёлдан.

Афсус, у биз билан эмас. Акамга ким дўсту, кимлар душман бўлганини шу вақт мобайнида тушуниб етдик, деб ўйлайман. Дадамиз Аваз Соипов “барчага Аллоҳ бор, вақт ўтган сари ҳаммасини кўрсатади”, дейди.

Ишончимиз комил, акамизнинг ўлдирилишига кимлар қандай ҳисса қўшгани, кимлар буйруқ берганию ва кимлар ижро этгани бир кун келиб ойдинлашади ва айбдорлар албатта ўз жазосини оладилар, агар бу дунёда бўлмаса, Аллоҳнинг адолатли ҳузурида.

Шоҳруҳ Соипов. 24 октябрь. 2014 йил.

Қуйида Алишер Соиповга бағишлаб тайëрланган Қурултой дастурини эшитишингиз мумкин:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG