Линклар

Украинада парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда


Киевдаги сайлов участкаларидан бири, 2014 йилнинг 26 октябри.

Киевдаги сайлов участкаларидан бири, 2014 йилнинг 26 октябри.

Бугун Украинада мамлакат парламентига муддатидан олдинги сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловларни Украина президенти Петро Порошенко мамлакатнинг келажакдаги йўналишини белгилаб берувчи тарихий сайловлар, деб атаган.

Йил бошидан буён кечган воқеалар туфайли жаҳон ҳамжамияти диққат марказида қолиб келаётган Украинада сайлов участкалари 26 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 11.00 да очилди. Овоз бериш жараёни учун 12 соат вақт ажратилган парламент сайловларида иштирок этиш учун 29 та сиёсий партия рўйхатдан ўтган. Улар парламентдаги 450 ўрин учун ўзаро кураш олиб борадилар.

Сайлов арафасида чиқиш қилган Украина президенти Петро Порошенко бу сайловлар жорий йил февраль ойида собиқ президент Виктор Янукович оммавий норозиликлар туфайли мамлакатдан қочиб кетганидан кейин бошланган “ҳокимиятнинг топширилиши” жараёнини тамомига етказажагини билдирди.

Порошенко украиналикларни ислоҳотларга қодир, коррупциядан ҳоли, Украина тарафида бўлган, Европа тарафида бўлган, аммо советча бўлмаган парламентни сайлаб олишга чақирди.

Порошенкога кўра, ҳозирда президент девони томонидан “Стратегия-2020” деб номланган дастур асосида Европа билан коалицион келишув лойиҳаси тайёрлаб қўйилган.

- Унинг амалга оширилиши Украинада турмушнинг европача стандартларини жорий қилиш ва жаҳонда муносиб ўрин эгаллашни таъминлайди, - деди Украина президенти.

Порошенко 2020 йилга бориб Украина Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширишга тайёр бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.

Парламент сайловларида иштирок этиш учун 36,5 миллион сайловчи рўйхатга олинган. Аммо уларнинг 4 миллиондан кўпроғи мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратида бўлган Донецк ва Луганск вилоятларида истиқомат қилади. Айирмачилар ўз назорати остида бўлган ҳудудларда сайлов ўтказилмаслигини билдирганлар.

Украина расмийларига кўра, сайлов куни Донецк ва Луганск вилоятларида тартибни сақлаш учун қўшимча милиция кучлари ва ҳарбийлар сафарбар қилинган.

Сайлов жараёнини ЕХҲТ, Европа Иттифоқи парламент ассамблеяси, Европарламент ва бошқа халқаро ташкилотлардан бўлган 600 дан зиёд кузатувчи кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG