Линклар

logo-print

Порошенко Украинада бўлиб ўтган парламент сайловларидан қониқиш изҳор қилди


Президент Петро Порошенко украиналикларга мурожаат қилмоқда, Киев, 2014 йилнинг 26 октябри.

Президент Петро Порошенко украиналикларга мурожаат қилмоқда, Киев, 2014 йилнинг 26 октябри.

Украина президенти Петро Порошенко якшанба куни мамлакат бўйлаб ўтказилган парламент сайловида фаол иштирок этганлари учун украиналикларга миннатдорчилик билдирди.

У сайловда евроинтеграция тарафдори бўлган партиялар ғалаба қозонганидан қониқиш изҳор қилди ва янги ҳукуматни шакллантириш бўйича музокаралар яқин кунларда бошланажагини қайд этди.

26 октябрь оқшомида миллий телевидение орқали сўзлаган Петро Порошенко сайловларда овоз берган юртдошлари Украинанинг Европа томон йўналиш олишига кучли ва оғишмас дастак берганини таъкидлади.

Экзит-пол натижаларига кўра, якшанба куни ўтказилган сайловларда Петро Порошенко блоки биринчи, бош вазир Арсений Яценюк етакчилигидаги Халқ жабҳаси эса иккинчи ўринни эгаллаши мумкин.

Порошенко Халқ жабҳаси ўз блокининг асосий ҳамкори бўлиб ҳисобланишини айтиб, Яценюк партияси билан коалицияга оид музокаралар 27 октябрдан бошланажагини маълум қилди.

Украина президенти бу сиёсий тузилмалар парламентда мутлақ кўпчиликни ташкил қилишидан ҳамда мамлакат конституциясига фундаментал ўзгартишлар киритилишидан умидвор эканини қўшимча қилди.

Якшанба куни Украинада ўтказилган парламент сайловларида сайловчилар давомати 51 фоизни ташкил қилди. Сайловнинг дастлабки натижалари 27 октябрь куни эрталаб эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG