Линклар

Украина: Сайловда ЕИга хайрихоҳ партиялар пешқадамлик қилмоқда


Украина Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга мувофиқ, 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида бош вазир Арсений Яценюк етакчилигидаги “Халқ жабҳаси” ва “Петро Порошенко блоки” олдинда бораяпти.

Украина МСК раҳбари Андрий Магера якшанба куни бўлиб ўтган сайлов бўйича сайлов комиссияларидан олинган баённомаларнинг чорак қисми текшириб бўлинганидан сўнг Халқ жабҳаси 21,68 фоиз билан биринчи ўринда, Порошенко блоки 21,64 фоиз билан иккинчи ўринда бораётганини маълум қилди. Бу икки сиёсий блок парламент коалицияси тузишга тайёрлигини билдирган.

Украина Марказий сайлов комиссияси раҳбарининг билдиришича, Верховная Рада сайланган, Донецк ва Луганск вилоятларининг қатор округларида сайлов ўтмагани эса унинг легитимлигига таъсир кўрсатмайди.

Андрий Магерага кўра, кечаги сайловларда сайловчилар давомати 52 фоиздан кўпроқни ташкил қилган.

Парламентга кириш учун қўйилган беш фоизлик тўсиқдан яна тўрт партия ўтди. Булар Олег Ляшконинг Радикал партияси, Юлия Тимошенконинг Батькившчина партияси, Минтақалар партиясининг собиқ вакилларини жам қилган “Мухолифат блоки” ва Львов мэри Андрей Садовой бошчилигидаги “Самопомошь” партияларидир.

Шарҳловчилар Тимошенко ва Ляшко партияларининг сайловда кам овоз олишини жамоатчиликнинг “уруш партияси”га берган жавоби ўлароқ баҳоламоқдалар. Чунки, шарҳловчиларга кўра, украиналикларнинг аксар қисми мамлакатда тинчлик-осойишталик ўрнатилиши тарафдоридир.

Парламентга кириши мумкинлиги тахмин қилинган “Свобода” миллатчилик партияси ҳамда Россия билан алоқаларни мустаҳкамлашни ёқлаб чиқаётган Украина коммунистик партияси ва собиқ бош вазир ўринбосари Сергей Тигипко етакчилигидаги “Кучли Украина” партиялари ҳам 5 фоизлик тўсиқдан ўтолмаган.

Бир мандатли округлардан асосан ўзини ўзи кўрсатган номзодлар ғалаба қозонмоқдалар.

Украинада бўлиб ўтган парламент сайловларини ЕХҲТнинг 700 дан зиёд кузатувчиси кузатиб борди. Озодликнинг украин хизмати мухбирига кўра, овоз бериш жараёнида кузатувчилар арзирли қонунбузарликларни қайд этмаганлар.

Берилган овозларни санаш ишини Украинанинг айрим ҳудудларидаги нотинч вазият мураккаблаштирмоқда. Донецк вилоятининг Волновахск туманида отишма туфайли овозларни санаш иши ҳатто тўхтатиб қўйилган.

Барча бюллетенлар бўйича парламент сайловининг дастлабки натижалари Украина Марказий сайлов комиссияси томонидан бугун эълон қилиниши кутилаётир.

XS
SM
MD
LG