Линклар

Суриядаги ўзбек жангарилари "Исломий давлат" рекламаси билан шуғулланмоқда


Ютубга ИШИД томонидан қўйилган видеодан тасвир.

Ютубга ИШИД томонидан қўйилган видеодан тасвир.

“Исломий давлат” экстремист гуруҳи Туркия билан чегарадош Кобани шаҳрининг асосий қисмини эгаллаб олиши ортидан 17 октябр куни бу гуруҳ жангариларини “инсонпарвар” дея тақдим қилувчи видео интернетдаги Youtube порталига юкланди. Тарғибот мақсадида олингани кўриниб турган видеотасвир “қахрамони” ўзини қаровсиз қолган курдларнинг ҳалоскори сифатида тамсил қилади.

Видео билан танишган Ироқлик журналист Ҳошим Алининг фикрича¸ тасвир "Исломий давлат" гуруҳини пропаганда қилиш мақсадида Суриядаги ўзбек жангарилари тарафидан Кобани шаҳрида суратга олиниб, интернетга юкланган.

Видеотасвирни суратга олаëтган тасвирчи ва кадр ортидаги одамларнинг ўзбек тилида гаплашиб, тасвирни изоҳлагани ҳам бу хулосага асос бўлади.

Беш дақиқалик видеотасвирда серсоч¸ серсоқол "ИД" жангарисининг ишғол қилинган ҳудудда қолиб кетган қари аëлга ëрдам кўрсатгани ва озиқ-овқат билан таъминлагани акс этган.

Тарғибот мақсадида олингани кўриниб турган видеотасвир “қахрамони” - "ИД" жангариси видеокамерага қараб “Мана бу қари курд аëлни фарзандлари овқат ва сувсиз ташлаб кетишди. Биз эса бу аëлга овқат, сув ва бошпана бердик”, дея гапиради.

Кадр ортидаги ўзбекча овоз эса “Буни суратга олиб, Интернетга қўйиш керак¸ кофирлар кўрсин”, дейди.

Ана шундан кейин тасвирдаги "ИД" жангариси қари курд кампирни мотоциклга ўтказиб олиб кетади. Мотоциклга кампирга аталган озиқ-овқат солинган қоп ҳам юкланади.

“Қопни суратга ол қопни”, деган ўзбек тилидаги овоз кадр ортида жаранглайди.

Ироқлик журналист Ҳошим Алининг Озодликка айтишича¸ бу видео "ИД"ни раҳмдил қилиб кўрсатувчи пропаганданинг бир қисмидир.

- Бу ғирт пропаганда¸ ëлғон устига қурилган пропаганда. Тасвирдаги аëлни болалари ташлаб кетмаган. У Кобанидаги кимсасиз аëл. Лекин видеодаги жангари бу аëлни болалари ташлаб кетган деб айтади. Мақсад¸ курдлар ўз жонларини қутқариб, қари ота-оналарини жанг майдонига ташлаб кетган раҳмсиз қавм деган фикрни тарқатиш. Видеодаги жангари қари аëлга қараб¸ энди биз сизнинг ҳизматингиздамиз¸ биз сизга фарзандмиз, деб писанда қилади¸ дейди Ҳошим Али.

Суҳбатдошга кўра¸ "ИД" ўзлари ҳақидаги тасаввурларнинг ижобий бўлишини таъминлаш учун PR тарғиботни кучайтирган.

- "ИД"нинг тарғиботи ҳақида мақола ëзганман. Ҳозир ИД энг ривожланган IT-технологиялар асосида ижтимоий тармоқларда тарғиботни кучайтирган. "ИД"ни раҳмдил қилиб кўрсатувчи¸ "ИД"ни шариат посбони¸ адолат тамали қилиб кўрсатувчи видеороликлар саҳна драматургияси асосида инсон ҳис-туйғуларини нишонга олган ҳолда яратилмоқда. "ИД" жангарисининг қари курд аëлга раҳм-шафқат кўрсатгани ҳақидаги видео ҳам шулардан бири, дейди суҳбатдош.

Айни пайтда, "ИД" жанггарилари қисман Кобанидан сиқиб чиқарилган. Бу гуруҳ таркибида ўзбек жангарилари ҳам бор.

Бироз муқаддам Сурияда жанг қилиб юрган ва ўзининг айни гуруҳига мансуб эканини айтган ўзбекистонлик жиҳодчи Озодлик билан боғланган эди.

"ИД" сафидаги ўзбек жангариси.

"ИД" сафидаги ўзбек жангариси.

У ердаги жанг ҳаракатлари ва унда иштирок этишдан мақсадини баён қилган "жиҳодчи" ўзбекистонлик ва Марказий Осиё минтақасидан борган жиҳодчилар кўплиги, уларнинг 200-300 кишилик бир неча гуруҳи Сурия ҳамда минтақанинг бошқа ҳудудларидаги жангларда иштирок этаётганини иддао қилган.

Сурияда жиҳод қилаётганини айтган Абу Усмон Ўзбек исмли ўзбекистонлик WhatsApp тармоғидан Озодликка боғланиб, Ироқ ва Шом диёрида жанг қилиб юрган жиҳодчилар орасида оиласи билан жабҳага кираётган ўзбекистонликлар сони ортаётганини айтган эди.

Норасмий кузатувларга кўра, кейинги пайтларда Сурияга кетиб қолаётганлар сафига Россияда мардикорлик қилиб юрган ўзбеклар ҳам қўшилмоқда. Туркиялик ҳуқуқ фаоллари Суриядаги жиҳодчи ўзбеклар сони 3-3,5 минг кишига етганини тахмин қилмоқда.

Ўтган ойда Ўзбекистон Исломий ҳаракати "Исломий Давлат"ни қўллаб-қувватлаши ва у билан бир сафда эканлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари 44 яшар Усмон Ғозий (асл исми Валиев Абдуносир Шукурович-таҳр.) тарафидан 13 сентябр куни имзолаган ва 26 сентябр куни эълон қилинган баëнотда “Ироқ ва Шомда Исломий Халифалик эълон қилингани хабари” ҳаракат аъзоларини “хурсанд ва хушнуд” қилгани таъкидланган эди.

Баëнот муаллифлари бутун дунё мусулмонларини “Исломий Хилофатнинг тикланиши” билан табриклаб, бошқаларнинг ҳам бу гуруҳни қўллаб-қувватлашга чақирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG