Линклар

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Низоми асосида республика бўйлаб 50 дан ортиқ давлат бинолари ва ишлаб чиқариш объектлари текинга сармоядорларга таклиф қилинмоқда. Танлов асосидаги савдонинг асосий шарти чала қурилган, айримлари қаровсиз қолган ва талон-тарож қилинган биноларни 1-5 йил ичида тиклаш ҳамда ўртача 50-60 кишига иш бериши керак.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган “Давлат мулки объектларини харидорга, сармоя ётқизиш ва ижтимоий мажбуриятларни зиммасига олиш шарти билан, харид нархи “нолга тенг” қийматда реализация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида давлат мулки бўлган бинолар текинга таклиф қилинмоқда.

Андижон, Бухоро, Наманган, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида текинга берилаётган 50 дан зиёд объектнинг аксарияти чала қурилган ёки собиқ совет замонида қурилган, ҳозир эса ташландиқ ҳолга келиб қолган фабрика, завод, шифохона, турар-жой бинолари, боғча, мактаб каби таълим муассасаларга тегишли бинолардир.

Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси эълон қилган рўйхатдаги айрим бинолар шу кунда қарийб харобага айланган ва объектнинг каттагина қисми ўмарилган.

Қўмитанинг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими бу объектлар учун талабгорлар ҳозирданоқ танловда иштирок этиш учун ариза киритиши мумкинлигини билдирди.

"Расмий сайтимизда объектлар паспортлари билан бирга эълон қилинди. Хоҳловчилар кириб-кўриб, бирортасини танлагандан кейин бизга қўнғироқ қилишлари мумкин. Ҳар бир объектни реализация қилиш бўйича шартлар кўрсатилган", деди қўмита мулозими мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Давлат текинга бераётган биноларни олиш шартлари сармоявий ва ижтимоий мажбуриятлар кўринишида белгиланган. Яъни, конкрет суммаси эълон қилинган сармоя узоғи билан 5 йилда киритилиши ва давлат тендер ҳайъати томонидан белгиланган миқдорда ишчи ўрни яратиши лозим.

Муҳими, бу объектларга оид мажбуриятни тўлиқ зиммасига олишга рози бўлган тақдирда нафақат юридик шахслар, балки жисмоний шахслар ҳам олиши мумкин.

Жумладан, Озодлик мухбири Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида танловга қўйилган 4 қаватли бинонинг биринчи қаватига билан қизиқиб кўрди.

Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими бунинг учун зарур икки ҳужжат - унга белгиланган 250 миллион сўмлик сармояни 12 ой давомида кирита олиш қурбини тасдиқловчи ҳужжат ва айтилган муддатда 10 иш ўрни яратилишини исботловчи бизнес режа эканини айтди.

Мулозимга кўра, харидор бўлаётган жисмоний шахслар асосан, банклардан имтиёзли равишда берилаётган кредитни олиш эвазига танловда иштирок этаётганини қўшимча қилди.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган баъзи тадбиркорлар: "Давлат текинга бераётган объектларни олиб, имтиёзли кредитдан фойдаланиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўймайсизми?" деган саволга "текиннинг оши татимас" мазмунида жавоб берди:

"Birinchidan bankdan kredit olish muammo, kreditni oformleniye qilishganidan keyin ham uni perecisleniye qilishning ozi muammo/ Tenderga qoyilgan qurilishlar uchun konkret summani boyningizga ilib qoyishadi, vaqtini ham tayinlab qoyishadi. Keyin u tenderga qoyilgan binolarni hech korgamisiz ozi, 4ta ustuni bor xolos. Lichno menga bunaqa volokita hech kerek emas", деди Озодликка WhatsApp орқали жавоб берган фарғоналик якка тартибдаги тадбиркор.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг собиқ мулозими, Астана шаҳридаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаевга кўра ҳам, гарчи ҳукумат кредит имтиёзларини таклиф қилаётган бўлса-да, бундай объектларни олишга анча-мунча тадбиркор ёки сармоядор журъат қилмайди.

- Биринчидан, аксар ҳолларда бу биноларни тиклаш, янгилаш ўша корхонанинг бухгалтерлик балансидан ошиб кетади ва тадбиркор киритган сармоясини ололмайди. Иккинчидан, аксар ҳолларда белгиланган миқдорда ишчи ўрин яратиш билан бирга корхонанинг аввалги қарзлари тадбиркорларнинг бўйнига илиб қўйилади ёки ишчиларининг неча йиллик ойликларини тўлаш мажбурияти юкланади. Шунинг учун, "ноль баҳога сотилади", деган гапнинг ўзиданоқ сармоядорлар қочади, - деб ҳисоблайди Сапарбой Жубаев.

Вазирлар Маҳкамаси Низомида текинга тарқатилаётган давлат ҳисобидаги объектларни пулдорлар қўлига беришнинг бир неча йўли кўзда тутилган - кимошди савдоси, танлов асосидаги савдо ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали истовчи ишбилармонлар бу биноларни олиши мумкин.

Олди-сотди шартномаси шартларининг бажарилиши устидан назорат маҳаллий ҳукумат идоралари томонидан амалга оширилади, зеро текинга сотилаётган бинолар маҳаллий ҳокимликлар балансидаги бинолардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG