Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:59

Украина сайловида Европа тарафдорлари ғалаба қилди


Украина парламентидаги мутлақ кўпчилик европараст партиялар назоратида бўлади.
Украина парламентидаги мутлақ кўпчилик европараст партиялар назоратида бўлади.

Украинада ўтказилган парламент сайловларида европапараст партиялар ғалаба қозонди. Бир йил давом этган сиёсий беқарорлик ва мамлакат шарқида бир неча ойдан бери тўхтамаётган қуролли тўқнашувлардан кейин украиналиклар якшанба кунги сайлов барқарорлик ўрнатилишига туртки бўлишидан умидвор бўлмоқда. Ҳозиргача саналган овозларга кўра, 50 фоиздан ортиқроқ овоз европапараст партияларга берилган.

27 октябрь куни эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, бош вазир Арсений Яценюк етакчилигидаги "Халқ жабҳаси" 21,6 фоиз, президент Петро Порошенконинг блоки 21,5 фоиз овоз тўплаб парламентдаги аксар ўринларга эгалик қиладиган бўлди.

Ҳозирча санаб бўлинган 50 фоизга яқин овоз натижасига кўра, яна бир европапарсат “Самопомошчь” партияси 11 фоиз овоз олиб учинчи ўринни эгаллаган.

Порошенко 26 октябрь куни телевидение орқали қилган чиқишида овоз бериш натижалари “Украинанинг Европа томон йўналиш олишига кучли ва оғишмас дастак” берганини таъкидлади.

- Дмократик, европапараст кучларга қарийб конституциявий кўпчилик имкони ва иқтидордаги партияларга 50 фоиздан ортиқроқ овоз берилганини кўрсатувчи натижалар Украина тарихида биринчи марта кузтилмоқда. Бу Украина халқи, Украина давлати, Украина жамияти томонидан кўрсатилган ишонч ислоҳотлар жараёнини кечиктирмасдан бошлаш зарурияти англанаётганини ҳам кўрсатади,- деди Порошенко.

Президент овоз бериш натижалари мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар билан давом этаётган қуролли тўқнашувга “сиёсий ечим топиш” тарафдорлари иродасини намойиш қилади, дея қўшимча қилди. 5 сентябрь куни сулҳ имзоланганига қарамасдан, Украина шарқида аҳоли гавжум ҳудудларни эгаллаб олган россияпараст айирмачилар билан қуролли тўқнашувлар давом этаётгани натижасида 3700дан ошиқ одам ҳалок бўлган.

Якшанба куни президент расмий сайтида эълон қилган баёнотида Порошенко “демократик, ислоҳотчи, украинпараст ва европараст кучлар” учун овоз берган сайловчиларга миннатдорчилик билдирди.

Порошенко коалиция тузиш бўйича музокаралар 27 октябрь куни бошланишини билдириб, “Халқ жабҳасини” ўз блокининг асосий ҳамкори дея атади.

Кичик фарқ билан олдинда кетаётган “Халқ жабҳаси” раиси, бош вазир Арсений Яценюк коалицион ҳукумат дарҳол ислоҳотларни бошлашини ваъда қилди.

- Ҳозиргина Украина президенти билан учрашдим, янги ҳукумат ва янги парламент мамлакатимиз учун зарур бўлган ислоҳотларни дарҳол ва самарали бошлай олиши учун биз имкон қадар қисқа вақт ичида коалиция тузишга ҳаракат қиламиз,- деди Яценюк.

450 ўринли Олий радага кириш учун 5 фоизлик маррани яна учта партия, жумладан Мухолифат блоки ҳам ошиб ўтиши кутилмоқда. Мазкур блокка ҳокимиятдан ағдарилган президент Виктор Януковичнинг кўплаб тарафдорлари қўшилган.

Ҳозиргача маълум натижаларга кўра, Мухолифат блоки жами 9,7 фоиз, Олег Ляшко етакчилигидаги Радикал партия 7,5 фоиз ва собиқ бош вазир Юлия Тимошенко етакчилигидаги Баткившчина партияси 5,8 фоиз овоз олган.

Коммунист партияси Украина 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери илк бор Радага кира олмайдиган бўлди.

Бу натижалар партиялар олган овозларга доирдир ва парламентдаги ўринларнинг ярмини белгилаб беради. Ўринларнинг иккинчи ярмини бир мандатли окргулардан сайланган депутатлар эгаллайди.

Партия рўйхати бўйича парламентга ўтмаган ультрамиллатчи Ўнг Сектор етакчиси Дмитро Ярош, дастлабки натижаларга кўра, Днепропетровскдаги бир мандатли окргудан депутатликка сайланадиган кўринади.

Президент Порошенко салафи Виктор Янукович ҳокимиятдан ағдарилганидан саккиз ой ўтиб муддатидан аввал парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Янукович Европа Иттифоқи билан Ассоциация келишувни имзолаш ниятидан қайтгани норозиликларни келтириб чиқарди ва халқ қўзғолони унинг ҳокимиятдан қувилиши билан тугади.

Януковичнинг ҳокимиятдан ағдарилишига жавобан Россия март ойида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилди. Киев ва Ғарб ҳукуматлари Москвани шарқий Украинада россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшин ва қурол-аслаҳа жўнатаётганликда айблаб келади.

Қрим минтақаси ва айирмачилар назоратида қолаётган Луганск ва Донецк вилоятдаридаги беш миллионга яқин украиналик якшанба кунги сайловда қатнашмади.

XS
SM
MD
LG