Линклар

logo-print

Исроил Қуддуснинг араблар яшайдиган қисмига 1000дан ортиқ уй қурмоқчи


Исроил Қуддус шарқидаги Ҳар Хома мавзеси яқинида 2010 йилда яҳудийлар учун қурган янги уйлар.

Исроил Қуддус шарқидаги Ҳар Хома мавзеси яқинида 2010 йилда яҳудийлар учун қурган янги уйлар.

Исроил Қуддус шаҳрининг араблар яшайдиган шарқий қисмига яҳудийлар учун 1000дан ортиқ янги тураржой биноси қуришни режаламоқда.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу идорасидаги манба томонидан 27 октябрь куни эълон қилинган маълумотга кўра, Ҳар Хома мавзесига 400 та, Рамат Шломо мавзесига 600дан кўпроқ янги тураржой биноси қуриш мўлжалланган.

Манба Исроил ҳукумати “Ғарбий Соҳилдаги инфратузилма лойиҳалари режасини ҳам илгари суриш”ни тасдиқлаган.

Фаластинликлар мусулмон, яҳудий ва насронийлар учун муқаддас бўлган Қуддус шаҳрини бўлажак Фаластин давлатининг пойтахти деб эълон қилишни хоҳлайди ва Исроил яҳудийлар учун янги тураржой бинолари қуришига қарши бўлиб келмоқда.

Исроил ҳукумати эса тарихий, диний ва хавфсизлик сабабларини рўкач қилиб Қуддус шаҳри тўлалигича бир умрга Исроилнинг пойтахти бўлиб қолишини айтган.

Бироқ халқаро ҳамжамият, жумладан, АҚШ Исроил Қуддус шаҳрининг шарқий қисмини ўз ҳудудига аннексия қилганини тан олмаган.

Исроил ҳукумати яҳудийлар учун 1000дан ортиқ янги тураржой биноси қурилишини эълон қилгани бир неча ойдан бери зўравонликлар рўй бериб келаётган Қуддус шаҳаридаги вазиятни кескинлаштириши мумкинлиги айтилмоқда.

Жорий йил июнь ойида номаълум гуруҳ томонидан ўғирлаб кетилган уч нафар яҳудий ўсмирнинг жасадлари топилганидан кейин Қуддусда вазият кескинлашган.

Бунга жавобан исроиллик гуруҳ Қуддус шарқида бир фаластинлик болани ўғирлаб кетиб кейин ўлдиргани ортидан зўравонликлар рўй берди.

Бу ва бошқа воқеалари Ғазода 50 кун давом этган урушга сабаб бўлди.

Марказчи Йеш Атиг партияси аъзоси, Исроил Молия вазири Йаир Лапид якшанба куни кечқурун эълон қилган баёнотида яҳудийлар учун янги тураржой бинолари қурилиши режасининг айни дамда эълон қилинишига қарши чиқди.

- Бу режа Исроил-АҚШ муносабатларини жиддий бўҳронга олиб келиши ва Исроилнинг дунёдаги обрўсига путур етказади, дея баён қилган Исроил Молия вазири.

Қўшма Штатлар аввал Исроилнинг янги тураржой бинолари қуриш режаларини танқид қилган.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби Набил Абу Рдайна Исроилнинг ушбу режасини минтақада “зилзила” содир этиши мумкин бўлган “хавфли эскалация” дея атаган.

Маҳмуд Аббос етакчилигидаги Фатҳ фракциясининг юқори лавозимли аъзоси Жибрил Ражуб Исроилнинг режаси янги зўравонликларга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG