Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:37

Ўзбекистоннинг Россиядаги янги элчиси иш бошлади


Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган Акмал Камолов Москвадаги ваколатхонада ўз ишини бошлади. Янги элчи бундан олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

27 октябрдан бошлаб Москвадаги Погорельский тор кўчаси 12 уйда жойлашган Ўзбекистон элчихонаси раҳбари ўз ишини бошлади.

Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтидан Ўзбекистоннинг Россиядаги янги элчиси этиб Акмал Камолов тайинланганини кўриш мумкин. Акмал Камолов республиканинг Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

У бу лавозимни 4 йил эгаллаган 53 яшар Зиёдулла Пўлатхўжаевдан қабул қилиб олди. Олдинроқ Зиёдулла Пўлатхўжаев жорий йилнинг июнь ойи бошларида танқидлар остида чақиртириб олингани айтилган эди. Август ойида Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси қарори билан Пўлатхўжаев расман ўз лавозимидан озод қилинди.

“Узметроном” нашри Зиёдулла Пўлатхўжаев спиртли ичимликларга ружу қўйгани ва ваколатхона ходимларига қўпол муомаласи учун Тошкентга чақиртириб олинганини хабар қилган эди.

Россияда фаолият юритаётган қатор ўзбек диаспоралари ва ташкилотлари ҳам олдинги элчининг олиб борган ишини салбий баҳолаб, ўтган 4 йил давомида ўзбекистонликларнинг Россиядаги аҳволи жуда оғирлашганини эътироф этган эди.

Бироқ, ҳозирча Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси расмий сайтида янги элчи тўғрисида ҳанузгача маълумот келтирилмаган.

XS
SM
MD
LG