Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:57

БМТ Бош котиби Орол денгизини қутқариш чақириғи билан чиқди


Орол денгизининг 2014 йил август ойигача бўлган ҳолати.
Орол денгизининг 2014 йил август ойигача бўлган ҳолати.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун халқаро донорларни қуриб ва йўқолиб бораётган Орол денгизи экологик фожеасини бартараф қилиш ишида фаолроқ иштирок этишга чақирди. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар қилади.

БМТ Бош котиби 28 октябрь куни Ўзбекистоннинг Урганч шаҳрида очилган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” халқаро конференцияси иштирокчиларига видеочақириқ билан мурожаат қилди.

“Бугунги кунда Орол денгизи тўла йўқолиб битиш арафасида турибди. Бу йўқотиш Ўзбекистон ва унинг хорижидаги миллионлаб одам турмушида ўз аксини топади”, дея билдирган ўз мурожаатида Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Орол денгизи қуришига асосий сабаб сув заҳираларидан жўяли фойдаланмаслик, деб билади.

Бан Ки Мун трансчегаравий сув заҳираларидан фойдаланишда халқаро ҳамкорлик, энг аввало, минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида урғу беради.

БМТ Бош котиби БМТга дохил кўплаб муассасалар, жумладан, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази Орол ҳавзасида яшовчи одамлар турмуш шароитини яхшилашда кўмак кўрсатиш учун қўлдан келган барча ишларни амалга ошираётгани ҳамда экологик офат оқибатларини бартараф қилишда ёрдам бераётганини қайд этади.

Бан Ки Мун бу уринишларнинг барчаси халқаро донорлар томонидан дастакланишига умид билдиради.

Орол фожеасини дунёдаги бирор-бир мамлакат бир ўзи бартараф этолмаслигини урғулаган БМТ Бош котиби бу офатга қарши кураш бўйича халқаро фаолиятни активлаштиришга чақиради.

Бан Ки Мун ўзи етакчилик қилиб келаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Орол фожеасига жиддий эътибор билан ёндошаётганини шу йил сентябрь ойи охирида Нью Йоркда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашув чоғида ҳам таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош котиби 2010 йили Оролбўйи минтақасига сафар қилган ва Орол денгизининг қуриётганини Ер куррасидаги энг даҳшатли ҳалокатлардан бири, деб айтган эди.

- Оролбўйи минтақасида вазият йил сайин қийинлашиб бормоқда. Ўзбекистон қисмидаги Оролбўйи ҳудудини кўздан кечирар эканман, қум барҳанларига чўмган кемалар қабристонини кўриб, даҳшатга тушдим. Орол муаммосини муттасил мулоқот ва сўзлашувлар йўли билан ҳал қилиш нафақат минтақа етакчилари, балки халқаро ҳамжамият зиммасида ҳамдир, - деганди ўшанда Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафардан қайтган Бан Ки Мун.

Орол денгизи муаммоларига бағишланиб, Урганч шаҳрида очилган халқаро конференция иши бугун ҳам давом этади.

XS
SM
MD
LG