Линклар

logo-print

Октябрь ойидан иш бошлаган янги хизмат “Оила қуришга кўмаклашиш маркази” деб аталади ва бу агентлик ўғлига рисоладагидай келин қидираëтган бўлғуси қайноналар баробарида¸ ўз шартларига мос келувчи қаллиқ излаëтган йигит-қизларга жуфтини топишга кўмак беришни мақсад қилган.

Ҳозирча Тошкентнинг Скверида иш бошлаган “Оила қуришга кўмаклашиш маркази”нинг асосий мижозлари ўғлига кўнглига мос келин¸ қизига эса куëв қидираëтган тошкентлик оналардир¸ дейди янги агентлик ходимаси:

- Асосан¸ оналар келишади уйлантирмоқчи бўлган ўғилларига қиз қидириб. Қизларниям оналари¸ опалари¸ баъзида ўзлари келишади¸ телефон қилишади. Бизда ўзимизнинг шартномамиз бор¸ танишишади. Агар шартнома ëқса¸ тўғри келса мижозга¸ кейин маълумотнома тўлдиришади. Уйланмоқчи бўлган йигитнинг ўзи ëки онаси тўлдиради. Унда ижтимоий аҳволи¸ туғилган йили¸ миллати¸ қаерда туғилганини тўлдириб кетганидан кейин биз базага киритамиз. Очилганимизга бир ой ҳам бўлмади¸ лекин аллақачон минглаб одам мурожаат қилди. Мижозлар 22 ëшдан 78 гача бўлган эркаклар¸ 17-19 яшар қизлар¸ дейди агентлик ходимаси.

Яхши келинга талабгорларга тақдим этиладиган рўйхатни бойитиш учун агентлик маҳалла ва ўқув юртларидаги хотин-қизлар кенгашлари билан яқиндан ишлай бошлаган:

- Ҳокимият бизни хотин-қизлар кенгашлари билан боғлаб қўйган. Уларга йўлланмамиз бор. Женсовет¸ домком¸ маҳалла комитетлари билан боғланамиз. Айрим оналарнинг ўзлари қизимни тузукроқ жойга узатмоқчиман¸ деб келишади. Олий маълумотли¸ топиш-тутишли бўлиши керак¸ деган маънода улар ҳам ўзларини кимни хоҳлаëтгани ҳақида маълумотнома ташлаб кетади. Шунга қараб биз йигитларга қиз тавсия қиламиз. Лекин қизларга оид ахборот манбаи сир сақланади. Биз ҳеч кимга¸ хусусан¸ куëв ва унинг оиласига қизга оид маълумотни қаердан олганимизни айтмаймиз. Бошқа агентликлардан катта фарқимиз ҳам шу¸ дейди агентлик вакили.

Тошкентлик Дилдора Тиббиëт коллежини жорий йилда тугатган ва у келин қидириб юрган бўлғуси қайноналар бараварида совчилик агентликлари вакилларининг ҳам қизлар кўп ўқийдиган коллежлардан яхши қизлар ҳақида маълумот йиғиб юрганига шахсан гувоҳ бўлган:

- Медколлежга ўхшаган қизлар кўп ўқийдиган коллежларга келиб¸ деканни олдига киришадида, озгина пул ташлаб яхши қизларни адреси¸ телефонини олишади. Бунақа коллежларда яхши қизлар борми¸ деб совчиликка келадиганлар роса кўп¸ дейди 19 яшар Дилдора.

Бу суҳбатдош аксар тенгдошларининг йигитлар¸ айримларининг эса ўз турмуш ўртоғи билан, асосан Интернетдаги ижтимоий тармоқларда танишаëтганини қўшимча қилади.

“Оила қуришга кўмаклашиш маркази” ходимаси Интернетдаги танишув сайтларида кимнинг аслида ким эканини билиш ўта қийинлиги¸ ўғри¸ наркоман ëки оиласи борлар ҳам ëш қизлар бошини осонгина айлантириши мумкинлиги боис¸ ëшларнинг ўзи ҳам¸ оналари ҳам совчилик агентликлари хизматига мурожаат қилишни афзал кўраëтганини айтади.

Суҳбатдошга кўра¸ Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигида рўйхатдан ўтган ва махсус хизмат лицензиясига эга бўлгани учун агентлик қиз қидираëтган эркакларнинг турар жой манзилидаги наркодиспансерлардан уларнинг махсус рўйхатда туриш-турмаслиги ҳақида справка олиш имконига ҳам эга.

Ҳар иккала мижознинг умумий соғлиғига оид справкани эса¸ уларнинг ўзи тақдим этиши керак¸ деб қўшимча қилди агентлик ходимаси.

Ўзбекистон пойтахтида расмий рақамларга кўра¸ шу кунда икки ярим миллион¸ норасмий ҳисоб-китобга кўра эса¸ тўрт миллиондан кўп одам яшамоқда.

Қишлоқ ва туманлардаги ишсизлик юз минглаб вилоятликларни давлат ичида давлатга айланган Тошкентга тортмоқда.

Кечагина яхши қиз маҳалласидан ортмайди¸ деган нақлга ишонган ўзбеклар эндиликда маҳалла қолиб¸ вилоят сарҳадлари ҳам ювилиб¸ Тошкент деб аталган катта қозонга тушгач¸ ўғлига яхши оиланинг қизини¸ қизига эса тагли-тугли оила ўғлини топиш машаққати қаршисида қолди.

Интернет замонида маҳаллама-маҳалла¸ институтма институт юриб “шу атрофда яхши қиз борми? деган сўров ўтказишу¸ тавсия қилинган қизларни кўриш учун эшикма-эшик юришлар ўтмишга айлана бошлади¸ дейди “Оила қуришга кўмаклашиш маркази” ходимаси:

- Кўчадан нари суриштирганингиз¸ битта қўшнидан гап олганингиз қайдаю¸ агентлик орқали минглаб қиз ичидан танлаб олганингиз қаерда. Биз билан бир йилга шартнома тузилса¸ минглаб қиз¸ минглаб йигитларни кўрсатамиз. Ичидан танлаб оласиз. Бир марта 158 минг тўлаб¸ бир йил ичида хоҳлаганингизча қиз танлашингиз мумкин. Қанақасини сўрасангиз¸ шунақасини таклиф қиламиз. Зиëли оилалар ўқиган¸ тилларни биладиган қиз хоҳлайди. Коллежни битирибоқ узатиладиган қизларга харидорлар ҳам бор. Ўқимишли йигитлар ўқимишли қиз хоҳлайди. Хуллас¸ қанақасини сўрашингизга қараб¸ шунақасини таклиф қиламиз¸ дейди агентлик ходимаси.

“Оила қуришга кўмаклашиш маркази” маркази ҳозирча ўз мижозлари ва потенциал мижозларининг асосан тошкентликлар экани¸ аммо хизмат кўламини бутун республика миқëсига кўчириш режаси борлигини айтади.

Айни пайтда ҳозирда Тошкентда ички бозордаги эҳтиëжни қондириш баробарида Германия¸ Туркия ва Жанубий Корея бўйдоқларини ўзбекистонлик келин билан таъминлаш мақсадида очилган қатор совчилик агентликлари хизмат кўрсатмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG