Линклар

28 октябрь куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати Ироқ ва Сурия ҳудудларида жиҳод қилаëтган Исломий давлат жанггари гуруҳига алоқадорликда айбланган ўнлаб одамни қўлга олди. Бу облавалар Москванинг ҳам Исломий давлат таҳдидидан борган сари хавотирга тушаëтгани ифодаси сифатида кўрилмоқда.

Россия матбуоти хабарларига кўра¸ 28 октябрь куни қўлга олинганлар асосан кавказликлар ва улар орасида Исломий давлат билан ҳамкорлик қилишда гумонланаëтган олти нафар озарий ҳам бор. Расмийлар иддаосича¸ бу олтовлон Москва марказида автомобилларга хизмат кўрсатиш салони хизматчиси ниқоби остида аслида жанггари гуруҳга одам ëллаш билан шуғулланган.

Федерал хавфсизлик хизмати тарқатган баëнотда айтилишича¸ ушбу автосалондан тушган даромаднинг бир қисми Сурияга жўнатилгани баробарида ушланганлар Москвадаги озарий мигрантларини Суриядаги жиҳодга жўнатиш учун тарғибот олиб борган.

Бу қамоққа олишлар Россия жамоатчилиги орасида Исломий давлат гуруҳининг мамлакат ичкарисидаги таъсири ва бу экстремистик мафкурадан туғилаëтган таҳдидни жиддий қабул қила бошлагани ифодаси сифати кўрилмоқда.

Москвадаги Марказий Осиë¸ Кавказ ва Волга-Урал тадқиқотлари маркази директори Семëн Багдасаров 29 октябрь куни Россия раҳбариятини Исломий давлат таҳдидига қарши курашда вақтни бой берганликда айблади:

- Москвада фақатгина Исломий давлатга хайрихоҳлар эмас¸ балки уларга пул жўнатиб¸ одам ëллашда айбланаëтганларнинг қамоққа олингани факти бунақа мафкурадагилар фаолиятини тўхтатиш учун аллақачон конкрет чора-тадбирлар қўллаш замони ўтиб кетганини кўрсатди¸ деди Багдасров жумладан.

Москвадаги қамоққа олишлардан сўнг Россия Бош прокуратураси 27 октябрь куни постсовет ҳудудида оммалашган ВКонтакте ижтимоий тармоғидаги Исломий давлат мафкурасини қўлловчи ўнлаб аккаунт ëпилганини эълон қилди ва бу ҳам Россия давлат тизимларининг Исломий давлат таҳдиди билан жиддий шуғулланишга ўтаëтгани белгиси сифатида талқин этилмоқда.

Исломий давлатнинг Россия ички хавфсизлигига таҳдиди ҳақидаги баëнотлар янги бўлса-да¸ Шимолий Кавказ¸ қолаверса¸ Марказий Осиë республикаларидан Россияга ишлашга келганларнинг Сурияга жиҳодга кетганига оид хабарлар 2012 йилдан бери мавжуд.

Исломий гуруҳлар томонидан уюштирилгани иддао қилинадиган террор хуружлари Россия ҳудудида тез-тез учраб турганига қарамай¸ кузатувчилар фикрича¸ Исломий давлатдан туғилаëтган таҳдид манбаининг бу гал Шимолий Кавказ гуруҳларидан кўра кўпроқ марказий осиëлик меҳнат муҳожирлари экани айтилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра¸ айнан Ўзбекистон¸ Тожикистон ва Қирғизистон каби мусулмон ўлкаларидан Россияга иш излаб келаëтган қашшоқлашган қатлам Исломий давлат сафига одам ëлловчилар нишонига айланган.

Бу таҳдид ўчоғини кичрайтириш мақсадида Багдасаров Марказий Осиë ва Кавказ давлатлари фуқароларининг Россияга кириши учун виза режими жорий этишни таклиф қилди:

- Бу биринчи галда Ўзбекистон¸ Тожикистон¸ Қирғизистон¸ Озарбайжон ва жанубий Кавказликларга тегишлидир. Бу тўрт давлат фуқаролари бугун Исломий давлат сафида туриб жиҳод қилмоқда. Уларнинг эртага уйига¸ сўнгра Россияга қайтиб¸ Сурия ва Ироқда ўрганган террор ҳаракатларини бизнинг ҳудудда амалга ошириш эҳтимоли жуда жиддийдир¸ деди россиялик таҳлилчи жумладан.

Ўтган ҳафта Россия фуқароси Сергей Горбуновнинг Исломий давлат террорчилари томонидан қатл этилганига оид хабарлар пайдо бўлди. Айни пайтда яна бир россиялик Константин Журавлëв ҳам Суриядаги жанггарилар қўлида гаровда қолмоқда.

Жамоатчиликнинг Россияда ҳам аста-секин Исломий давлат гуруҳининг террор ҳаракатларидан ташвишга тушаëтганига жавоб ўлароқ ҳуқуқ тизимлари бу таҳдидга қарши кураш бошланганини кўрсатишга уринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG