Линклар

Журналист ва ëзувчи, 39 яшар Шукур Жабборнинг “Шайтанат” асари муаллифининг тавбаси" деган мақоласи ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда.

Шукур Жабборнинг facebookдаги саҳифасида эълон қилинган бу мақола “юмалоқ-ёстиқ асарлар ва уларнинг нодон ўқувчилари” га аталган.

“Адабиёт деганларининг “а”си чиқиб кетди”, деб бошланадиган мақола “адабиёт фаришталик мақомидан тушиб ҳайвонотга айланди”, деган иддао илгари сурилади. Мақоладан иқтибос:

“Бугунги замоннинг ўқувчисиям, ёзувчисиям айниди. 90- йиллар хаос пайдо бўлди. Шунда Тоҳир Малик “Шайтанат” детективини ёзди. Детектив ва осон ўқилувчи нарсага ташна бўп турган ўқувчи ёппасига “Шайтанат”га ёпишди. Хаос бир мунча тўлди.” (орфография муаллифники)

Бу гапларни ëзган Шукур Жаббор "Тоҳир Малик “Шайтанат”ни ëзиб ўқувчиларни олди-қочди асарлар ўқишга мубтало қилганидан афсусда", деган иддаони илгари сурди:

“Тоҳир Малик нима иш қилиб қўйганини кейин тушуниб етди, лекин кеч бўлган эди. Тоҳир аканинг ижодини кузатсак, кейинги асарларида детектив деганларидан қочиш, пушаймонлик кўзга ташланади. Чунки, бу инсоннинг қалбига назар ташласам “адабиётдаги бузғунчиликни бошлаб бердим”, деган афсус чекишга ўхшаган бир нималарни илғаб қоламан. Буни ҳозир ёзаётган нарсаларидан ҳам билиш мумкин”, дейилади мақола давомида.

Шукур Жабборнинг бу мулоҳазалари ортидан Озодлик мухбири таниқли ëзувчи Тоҳир Малик билан боғланди.

Шукур Жабборнинг "енгил-елпи адабиëт" ҳақидаги фикрларига қўшилган ҳолда Тоҳир Малик “Шайтанат” асарини ëзгани учун афсусланмаслигини билдирди:

- Йўқ, нега пушаймон бўламан. Пушаймон бўлсам ëзмас эдим-ку буни?! Мен бу китобни ëзганимдан афсусланмайман. Китоб, аввало, мафия ҳақида эмас. Китоб ҳаëт ҳақида¸ ҳаëтдаги эътиборга лойиқ жиҳатлар ҳақида. “Шайтанат” асарини танқид қилаëтганлар китобни фақат сарлавҳасини ўқишган¸ дейди Тоҳир Малик.

Айни пайтда Тоҳир Маликнинг китоби мафияни улуғлашга сабаб бўлди дейдиганлар кўп. Ўзбекистонлик таниқли шоира Гулчеҳра Нуриллаева назарида “Шайтанат” романида мафия ўзбек шуурида ижобий тарзда гавдалантирилган:

- Мен бу масалага аввал-бошда ижобий қараган эдим¸ чунки бу асар қўлма-қўл бўлиб ўқилиб¸ бестселлер асарлар қаторидан жой олган эди. Лекин асарга иккинчи марта кўз югуртириб чиққанимдан кейин бу асар мафия дунëсини оқлайдиган, ҳатто мафия дунëси оталарига маслаҳатчилик қилган бир асар сифатида менда таассурот қолдирди. Бу китоб одамларга “сен ҳам мафия билан шуғулланавер¸ сенга ҳам оқ йўл¸ улар жуда покиза ва ҳалол одамлар¸ улар жуда жабрдийда одамлар”, дейдиган бир фикрни сингдирувчи асар сифатида мени ҳайрон қолдирди. Нега бу фикрлар менга¸ бу асарни биринчи бора ўқиганимда келмади? Тўғри, асар анчагина маҳорат билан ëзилган. Балки мени шу маҳорат чалғитгандир.¸- дейди шоира.

Олдинги эшиттиришларимиздан бирида мухолифатчи шоир Ëдгор Обид ҳам Тоҳир Маликни “Мард ўғрилар куйчиси", деб ëзғирган эди:

- Мен Тоҳир Маликнинг истеъдодли ëзувчи эканлигини биламан. Бу томондан уни ҳурмат қиламан. Унинг жуда яхши асарлари бор. Лекин “Шайтанат” асарида менинг диққатимни тортган нарса “маслаҳатчи”, деган гап. Эътибор беринг - Зокир Алматов. Бекорга Зокир Алматовни маслаҳатчи қилиб танламагандир. Китобнинг босилиб чиқишига ҳам ўша одам ва “юқори”дагилар сабабчи бўлган бўлиши мумкин. Бу китоб Тоҳир Маликка мафия ҳақида шундай асар ëзган одам сифатида катта шуҳрат келтирди. Бу асарда “мард ўғрилар” деган гап бор.Қароқчиларни “мард” деб гапиришади. Тўғри, халқ қасоскорлари қадимда бўлган, лекин булар халқ қасоскорлари эмас-ку. Булар ўғрилар. Ўғри қандай қилиб яхши одам бўлиши мумкин? Уни қандай қилиб мард дейиш мумкин?

Бу эътирозларга Тоҳир Маликнинг жавоби оддийгина бўлди:

- Тўғри жиноят олами ҳақида ëзаман. Ëзганларим жиноят олами ҳақидаги ҳикоялар. Қозонга яқин юрсанг қораси юқади, дейди-ку. Мен ўша қора қозонни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Китобда Асадбек - салбий образ. Лекин кинода уни ижобий қилишган. Китобни ўқимай фақат кинони кўрганлар “Шайтанат”да мафия улуғланган, дейишади. Китобни ўқиш керак. Кинода китоб мазмуни бузилган, дейди адиб..

Тоҳир Малик билан суҳбатни тўла тарзда мана бу ерда тинглаш мумкин.

Тоҳир Малик ҳақида

Адибнинг Интернетдаги саҳифаси у ҳақда мана бу маълумотлар берилган:

Тоҳир Малик 1946 йилнинг охирида Тошкентда туғилди.

Бўлғуси ëзувчи мактабни 1963 йилда тамомлаб, ҳозирги Миллий университетнинг кечки журналистика факультетига ўқишга кирди. Кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлади.

Тоҳир Малик ўзбек адабиётида кам эътибор берилган фантастика жанрига айнан талабалик йиллари қўл урди ва бир қатор асарлар билан китобхонлар эътиборни ўзига тортди.

Унинг талабалик йилларида ёзган “Ҳикмат афандининг ўлими” асари ўзбек адабиётида фантастика йўналишида ёзилган биринчи қисса саналади.

Шундан сўнг унинг бу йўналишдаги бир қатор ҳикоялари, “Фалак”, “Сомон йўли элчилари”, “Тириклик суви”, “Заҳарли ғубор” (кейинроқ “Васваса” номи билан қайта ишланган) қиссалари, “Девона” романи (дастлаб “Чорраҳада қолган одамлар” номида нашр этилган) “Қора фаришта” китоби эълон қилинди ва бу асарлар рус ҳамда чет тилларга таржима қилинди.

Тоҳир Малик ижодида детектив жанри алоҳида аҳамият касб этади.

Адиб бу йўналишга асос солувчилардан биридир. “Алвидо, болалик” ва “Чархпалак” қиссалари китобхонлар томонидан яхши кутиб олиниб, йиллик мукофот билан тақдирлангач, у “Шайтанат” романи устида иш бошлади.

Асарнинг тўрт китоби ўн беш йил давомида ёзилиб, кўп нусхада нашр этилди ва йигирма қисмли фильм ишланди. Ёзувчи асарга нуқта қўйиш эрта, деб ҳисоблаб, 2011 йилда асарнинг бешинчи китобини нашр эттирди.

Бу орада унинг “Мурдалар гапирмайдилар”, “Ўлим учбурчаги”, “Талваса” каби асарлари ёзилди.

Ëзувчининг “Алвидо, болалик” асари саҳналаштирилиб, Ёш томошабинлар театрида 600 мартадан зиёд ўйналди ва ҳануз намойиш этиляпти.

Шунингдек, Андижон, Сирдарё, Қашқардарё театрларида ҳам саҳналаштирилди.

Тоҳир Малик таржимачилик соҳасида ҳам қалам тебратган. Карло Гоцци, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Владимир Икскуль, Чингиз Айтматов, Аҳиёр Ҳакимов ва турк ҳамда булғор адиблари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Адиб кинодраматургия соҳасида ҳам баракали ижод қилди. Ўз асарлари асосида суратга олинган фильмлар сценарийларини ёзиш билан бирга “Академия”, “Ўргимчак тўри” бадиий фильмлари ҳамда “Амир Темир даври адабиёти”, “Соҳилсиз денгиз”, “Мош табиб”, “Варахша”, “Зулмат салтанати” ҳужжатли фильмлар сценарийларини ёзди.

Тоҳир Малик “Чўлпон” ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида бўлим бошлиғи, масъул котиб, Бош муҳаррир лавозимларида ишлади.

Кейинги ўн беш давомида Ички ишлар вазирлиги Академиясида ўзбек тилидан дарс беради.

Тоҳир Малик “Дўстлик” ордени ва “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвони билан тақдирланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG