Линклар

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани электр станциясида 24 октябрь куни маҳаллий электр станциясининг ишдан чиқиши оқибатида туманнинг катта қисми светсиз қолди. Қўшработ ҳокимлигидаги манбага кўра, туман аҳолиси яна камида бир ҳафта давомида электрсиз яшашига тўғри келади.

Озодликка маълум бўлишича, 24 октябрь куни соат 11лар атрофида Қўшработ туманидаги электр станциясида портлаш рўй берган. Авария оқибатида бир неча соат давом этган ёнғиндан электр станцияси ёниб кул бўлди, деди Қўшработ туман ҳокимлиги расмийси.

"Электр станцияси 1978 йил қурилган. Тўлиқ ёниб битган. Тўлиқ трансформатор ва ячейкалар алмаштирилаяпти. Давлат бюджетидан линиялар учун маблағ ажратилган, подстанциялар учун пул ажратилган эмас. Чунки подстанциялар Каттақўрғон туманига қарайди. Ҳозирда алмаштирилаяпти энди. Ҳақиқаттан ҳам туманда электр станцияси ёниб кетгунча 2 соатдан электр қуввати бериб келинган", дея изоҳ берди Қўшработ тумани ҳокимлиги расмийси.

Қўшработ туманининг Пичот қишлоғида яшовчи Озодлик манбасига кўра, электр станциясидаги портлашдан кейин катта ёнғин содир бўлган.

"Бутун Қўшработни электр билан таъминловчи станция портлаб кетган. Жуда катта ёнғин бўлган. 125 тонналик трансформаторларни ёғи ёниб портлаб кетган дейишаяпти. Ҳеч кимга зарар етмаган. Мен Қўшработда сойнинг ёнида тураман. Катта ёнғин ўчирувчи машиналар келиб, сув олиб, икки соатда ёнғинни ўчириб бўлишди", деди Пичот қишлоғида яшовчи манба.

Айни пайтда, Қўшработ тумани марказида ҳокимият, тиббиёт муассасалари ва туман марказида электр қуввати берилди, дейди марказда яшовчи Озодлик манбаси.

"Уч кундан кейин ёқишди. Ҳозир Заркентдан трасса тортиб келиб, марказда светни бераяпти. Четроқлар ҳали ёнгани йўқ. Бир ойдан кейин қишлоқларда бўлади деяпти. Биз бориб кўрдик ёниб кетган станцияни. Монтёрлар айтаяптики, светни ўчириб ёқаверганидан ёниб кетган. Марказда электр станцияси ёниб кетгунига қадар кундузи икки соат чироқ бермас эди. Кейин тунги 12 дан кейин ўчирар эди", деди қўшработлик манба.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми бошланиши билан табиий газ ва электр таъминотида муаммолар пайдо бўлади. Вилоят ва туманларда кун давомида меъёрлаб электр қуввати билан таъминлаш сўнгги йилларда одатий ҳолга айланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG