Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:57

Ўзбек имомлари: Қуръонни ўзбекчага ўгирган илк олим - Олтинхонтўра


Ўтган асрда яшаган яна бир йирик Ислом олими - Марказий Осиё мусулмонлари орасида илк бор Қуръони карим маъноларини туркий тилга ўгирган ва мухтасаргина изоҳи билан эски ўзбек ёзувида чоп эттирган саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозий - Олтинхонтўра "Ўзбек имомлари" рукнининг навбатдаги қаҳрамонидир.

Ўзбек халқи орасида Олтинхонтўра номи билан танилган саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозий шу кунда сўзлашаётганимиз ўзбек тилига Қуръон маъноларини илк бор таржима қилган ва изоҳи билан бирга эски ўзбек ёзуви - араб имлосида чоп эттирган етук олимдир.

Бу киши 1917-йиллардан сўнг шўъро ҳукуматининг диндорларга нисбатан бошлаган респрессиясига нишон бўлган ва таъқиблар ортидан 1930-йилларда Туркистонни тарк этган. Умри давомида Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Саудия Арабистонида яшаган.

Муҳожират йилларида Ислом илмидан жуда кўплаб асарлар ёзган ва унинг Қуръони карим маъноларининг туркий тилга изоҳли таржимаси собиқ совет замонларида Ҳаж сафарига борган ўзбекистонлик зиёратчилар орқали 1970-йилларда Ўзбекистонга кириб келган.

Бу таржима шу кунларда танилган аксар ўзбек уламолари, айниқса, Қуръони карим маънолари таржимасига қўл урган олимлар учун илк илмий-амалий қўлланма, нодир манба вазифасини ўтаган.

Олтинхонтўранинг тафсири эски ўзбек имлосидан кирилл имлосига ўгирилган ва айни пайтда Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларида дарслик сифатида қўлланилади.

Саййидлар авлоди

Саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозий - Олтинхонтўра 1896 йилда Қозоғистоннинг бугунги авлодга Жамбил, деб танилган қадимий Тароз шаҳрида туғилган.

У кишининг ҳаёти ҳақида маълумот жуда оз. Бу киши ҳақида ўзбек тилида маълумот берилган Интернетдаги қарийб ягона манба - Siyrat.uz сайтида берилишича, Маҳмуд Тарозийнинг отаси саййид Назир Қуръони каримни тўлиқ ёд олган ва ҳадис илмининг билимдони сифатида ном қозонган аҳли илмлардан бири бўлган.

Аммо, 1933 йилларда бошланган қатағоннинг дастлабки йилларида ҳибсга олинган ва ҳибсдан нари бедарак кетган.

Отасиз қолган Маҳмуд Тарозий кичиклигиданоқ Қуръон тиловатига меҳр қўяди ва пухта ўзлаштиради. Отаси ҳибсга олингунига қадар отасидан илм олади, кейин эса ўша кезда Наманганда ном таратган уламолардан бири — шайх ибн Камол ибн Носирхон Тўра Косоний ва ўша даврада танилган бошқа аҳли илмлардан сабоқ олади.

Кейин эса Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида, кейинчалик Бухоро мадрасаларида таҳсил олади. У Қуръон, ҳадис, фиқҳ илмини ўрганиш билан бир қаторда араб, турк, форс тилларини ўзлаштиради.

21 ёшида Тарозда шаҳрида мактаб очади ва кейинчалик Тароз шаҳаридаги мадрасада мударрислик қилади. Ўша пайтдаёқ шуҳрат қозониб, номи Туркистон, Чимкент, Сайрам томонларда танила бошлайди.

Шўъролар таъқиби

Шуҳрати Тароздан ошиб, Туркистонга ёйила бошлаган Маҳмуд Тарозий Фарғона водийсининг Қўқон ва Наманган шаҳарларидаги аҳли илмлар билан алоқалар қуради. Ҳатто, наманганлик аҳли илмлардан бирининг қизига уйланади.

Муддарис Тарозий номи билан танилган олим 34 ёшга кирганида собиқ шўъро тизимини ўрнатган ва 1917 йилда чор ҳукумати ўрнини олган большевикларнинг диндорларга қарши Туркистонда ҳам таъқиблари авж олади.

Бир неча бор ҳибсга олингач, мактаби тинтилиб, мударрислик фаолияти тўхтатилгач, саййид Маҳмуд Тарозий - у даврга келиб эса Олтинхонтўра номини ҳам олиб улгурган ёшгина мударрис - Туркистонни тарк этиб, муҳожиратга юз тутади.

Муҳожират

Марказий осиёлик аксар аҳли илмларни таниган ва уларнинг китоблари, қўлёзмаларининг Ўзбекистондаги илм даргоҳларига дарслик сифатида кириб боришига ҳиссасини қўшган уламо, шайх Абдулазиз Мансур Маҳмуд Тарозийнинг ҳижратига оид баъзи маълумотларни сўзлаб берди:

- Қатағонда юртдан чиқиб кетган эканлар Олтинхонтўра, шу 30-йилларда. Шошилинч кетганларида хотини ва ўғилини қолдириб кетганлар. Кейинчалик мен у кишининг ўғилларини кўрганман. Янгийўлда яшарди. Биз Ҳаж зиёратига бориб келганимиздан кейин бизни зиëрат қилгани келган. Шунда танишиб, гаплашганмиз. Муҳожиратда ватандошларимизнинг фарзандларига дарс бериб, китоблар ëзиб, тафсир ва бошқа китоблар ёзган, шоирликлари ҳам бўлган, - деб хотирлайди Абдулазиз Манзур.

Шайх ҳазратлари берган маълумотга кўра, саййид Маҳмуд Тарозий умри давомида туркий тилда кўп китоб ёзган ва араб тилидаги айрим диний-илмий асарларни ўқувчи учун тушунарли бўлсин, деган ният билан шеърга солиб туркий тилга ўгирган.

- Туркий тилда кўп китоблар ëзганлар. Ақоид илмини назмга солганлар. У кишининг китоблари Ҳиндистон, Афғонистон ва Саудия Арабистони туркий тилда чоп этилган. Кўплаб туркий халқларга тарқалган. Шу муҳожиратдаги умри давомида илмни ватандошларига тарқатиш дарди билан яшаб ўтганлар. Ҳеч ҳам бу ëққа кела олмаганлар. Мустақилликдан олдин оламдан ўтиб кетдилар, - дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Ёт ўлкада қозонилган мавқе

Айрим тарихий манбаларда саййид Маҳмуд ибн НазирТарозийнинг бир муддат Қобулда яшагани ва 1932-йилларда Афғонистон Маориф вазирлигида маслаҳатчи бўлиб ишлагани айтилади. Бу ҳақда Озодликда Siyrat.uz сайтида сийрат узда берилган маълумотлардан бошқа маълумот йўқ:

“Кейинчалик олим Афғонистондан ҳаж сафарига йўлга чиқади кейин Ҳиндистонга бориб, Бомбайнинг мусулмонлар яшайдиган жойида муқим туриб қолади. У ерда маҳаллий масжидлардан бирида имомлик қилади. Шу тарзда Бомбайда 10 йил яшаб, етук тасаввуфшунос олим ва муҳаддис бўлиб танилади”.

Бу маълумотлардан кўринадики, иқтидорли олим қайси юртга борса, араб, форс тиллари ва Ислом илмини чуқур бўлгани боис, қисқа муддатда зиёлилар қатламига танилган. Дин йўлидаги ғайрат-шижоати боис, дарҳол ўз ўрнини топган ва хизматини тўхтовсиз давом эттиришга уринган.

1940 йиллардан кейин Ҳиндистонда Британия империясидан озод бўлиш учун кучайган миллий-озодлик ҳаракатлари боис юзага келган сиёсий нотинчликлар ортидан Маҳмуд Тарозий Арабистонга кетади ва дастлаб, Макка шаҳрида хусусий мактаб очади. Ўзи каби Туркистондан қочиб келган муҳожирларнинг фарзандлари ва маҳаллий аҳолининг болаларига араб, форс тиллари, Ислом илми ва Қуръондан дарс беради.

Қуръон таржимаси

1950 йиллар бошида Саудия Арабистонига ўрнашган олим асосий эътибори, имкониятини Қуръон таржимаси ва тафсирига қаратади. Тез орада Қуръонни туркий тилга тарима қилади ва мухтасаргина изоҳи билан кичик бир тафсир тарзида чоп этади.

Бу китобни мутолаа қилган ва ундан илк илмий манбалардан бири сифатида фойдаланган қирғизистонлик уламо, Қирғизистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ раиси Содиқ қори Камолов хотирлайди:

- Бу киши ҳижратдаги ўзбек ва туркистонлик биродарларнинг ниҳоятда кўплигини, ўзбек муҳожирларнинг кўплигини эътиборга олиб: “Шулар Қуръони каримдан бебаҳра қолмасин, фақат ҳижратда тирикчилик орқасидан юриб, ўзининг динидан, Қуръонидан узоқлашиб кетмасин” деган ният билан ўзбек тилига биринчи бўлиб, Қуръонни таржима ва тафсир қилган киши Олтинхонтўра ҳисобланади. Ўрта Осиëда Қуръонни ўзбек тилига таржима қилган кишилар ўша кишининг тафсиридан кўчириб, фойдаланиб, кирилл ҳарфига ўгириб, ёзишган. Ҳозирги таржималарнинг 80-90 фоизи Олтинхонтўра тафсиридан олинган, - деб ҳисоблайди Содиқ қори Камолов.

Содиқ қори ўз бисотида Олтинхонтўрага оид таржима ва мухтасар тафсир ҳозир ҳам борлиги ва шун кунда ҳам тез-тез бу асарга мурожаат қилишини айтади.

- Араб ҳарфи билан, эски туркий тил деб қўямиз, эски ўзбек имлосида ëзилган. Бу кишининг китоблари кўп маротаба Покистондаги босмахоналарда босилиб, аҳли хайрлар, бой кишилар орқали Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Саудияга тарқатилган. Саудиянинг Жидда шаҳрида ҳам қайта-қайта босилиб, тарқатилган. Бу тафсир ўша даврга ниҳоятда керак бўлган, озуқа бўлган. Ҳамма чанқоқлик билан ўқиган ва ўқитган. Бизларнинг Ўрта Осиëда аëллар ўртасида ҳам, эркаклар ўртасида ҳам, ўсмирлар ўртасида ҳам Қуръони карим ўша тафсир орқали ўқитилган, - дейди Содиқ қори Камолов.

Олтинхонтўра таржимасининг аҳамияти

Тарозий ҳазратларидан қолган Қуръон маъноларининг таржимаси ва тафсири бу манбани ўзбек тилига ўгирган яна бир олим шайх Абдулазиз Мансур учун қимматли қўлланма бўлган.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳам "Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири" муаллифидир.

Шайх ҳазратлари Олтинхонтўра ўгирган Қуръон маънолари таржимасининг баъзи муҳим жиҳатларига тўхталади:

- У киши изоҳли таржима қилганлар. Мана бизнинг қўлимизда бор у китобдан. Оятларни сўзма-сўз таржима қилганларидан кейин алоҳида яна китоб ҳошиясида изоҳини ҳам берганлар, баъзи оятларни шарҳлаб кетганлар. Бу кишига қадар биз ҳозир гаплашиб турган тилимизга яқин битта манба бор эди. Уни "Тафсирул баëн" дейишган. Татар олимларининг таржима ва тафсири. Ўзбеклар тушунса бўладиган бўлгани учун ўша "Тафсирул баëн" китобини бизникилар билишган. Лекин ҳозирги биз гаплашиб турган ўзбек тилидаги илк таржима ва тафсир Олтинхонтўранинг китобидир. 1991 йилда Исматулло Абдуллаев домламиз бу китобни ҳозирги кирилл ҳарфига ағдарганлар, - дейди Абдулазиз Мансур.

"Олтинхонтўра" номининг берилиши

Саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозийга "Олтинхонтўра" номи 21 ёшдан эндигина ошган кезларида Фарғона водийсидаги олимлар томонидан берилган хотирланади.

- Биласизми нима учун у кишини "Олтинхонтўра" дейишган? Асл исмлари Маҳмуд у кишининг. Лекин, олтиндек камëб бир олим, деб билишгани учун Ўрта Осиë уламолари бу кишига ëш пайтларида шундай ном беришган. Зиëвуддинхон Бобохон ҳазратларининг дадалари Эшон Бобохон, унинг атрофларидаги сафдошлари, катта уламолар бу кишига "Олтинхонтўра" деб ном беришган, - дейди Содиқ қори Камолов.

Туркистон қайғуси

Шўъролар истибдодидан қочган аксар олимлар каби Саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозий умри давомида Туркистонга қайтиш орзусида яшади.

У кишини Саудияда зиёрат қилган Содиқ қори Камолов биринчи ва сўнгги учрашувини яхши хотирлайди:

- 1980 йили Ливияда ўқиб турган вақтимизда ўша ердан Ҳажга борганмиз. Шунда илгариги совет иттифоқидан тўпланган ҳожиларга Ўрта Осиë ва Қозоғистон мусулмонлари диний идора раиси, марҳум муфтий Зиëвуддинхон Бобохон ҳазратлари бош бўлганлар. Раҳматли Зиëвуддин қори ака: “Олтинхонтўрани зиëрат қилайлик, касал эканлар”, дедилар. Мадинада Олтинхонтўранинг уйларида бўлганмиз. Уйларида зиëрат қилганмиз. Икки-уч соат давомида суҳбатлашиб ўтирганмиз, - деб хотирлайди Содиқ қори Камолов.

Ўша кезда Олтинхонтўра 80 ёшдан ошган эди.

- Хотиралари ниҳоятда тиниқ, ҳатто кўзойнак тутмасдан китоблардан баъзи бир нарсаларни кўрсатганлари эсимда. 80 ёшдан ошган даврлари экан ўшанда. Касал эканлар. 1980-йили уйларида кўришган бўлсак, икки ëки уч йилдан кейин вафот қилганлар. Шунда айтувдилар, ўғлим Тошкентда, деб. Ўғилларига баъзи бир ҳадялар, баъзи бир хат-хабарларни муфтий орқали бериб юборганлари эсимда, - дейди Содиқ қори Камолов.

Саййид Маҳмуд ибн Назир Тарозий – эл тилида эса Олтинхонтўра, деб улуғланган олим Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинишидан икки ой олдин - 1991 йил 26 июнь куни вафот этган.

Мерос

Олим ўзидан анчагина илмий ва адабий мерос қолдирган:

- Қуръони карим маъноларининг Туркистон тилига изоҳли таржимаси;
- “Нурул басар” номли сийрат китоби;
- Имом Нававийнинг “Риёзус солиҳин” китобининг изоҳли таржимаси;
- Имоми Аъзамнинг “Ал-фиқҳул акбар” китобининг изоҳли таржимаси;
- Абу Ийсо Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг изоҳли таржимаси.

Булар орасида аҳли илмлар орасида энг кўп тарқалган китоби “Нурул басар” номли китобидир.

Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг!

Шу вақтгача ҳикоя қилганимиз йигирмага яқин ўзбек уламоси ҳақидаги маълумотларни сиз азиз мушатрий кўмагида йиғдик ва бунинг учун сизларга чуқур миннатдорчилик билдирамиз!

Сизда ҳам қўшимча маълумотлар бўлса, марҳамат, мурожаат қилинг:

ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org
+420 221 123 437, +420 608 549 460

XS
SM
MD
LG