Линклар

Айирмачилар пулемётидан ўт очган россиялик актёр Михаил Пореченков устидан Украинада жиноят иши очилди


Михаил Пороченковга нисбатан “ноқонуний қуролли гуруҳларда иштирок этиш” айби билан жиноят иши қўзғатилди.

Михаил Пороченковга нисбатан “ноқонуний қуролли гуруҳларда иштирок этиш” айби билан жиноят иши қўзғатилди.

Украина ҳукумати россиялик таниқли актёр Михаил Пореченков устидан жиноят иши очди. Рус актёри Украина шарқида россияпараст айирмачилар қўлида қолаётган Донецк вилоятида пулемётдан отаётгани тасвирланган видео тарқалиши ортидан Россия Журналистлар уюшмаси эътирозига ҳам сабаб бўлди. Пореченков айирмачиларга қарашли пулемётдан ўқ узаётган пайтда “Press”, яъни матбуот деган ёзув туширилган каскада бўлгани журналистлар тарафидан кескин танқид қилинмоқда.

Украина Ички ишлар вазирлиги 31 октябрь куни “ноқонуний қуролли гуруҳларда иштирок этиш” айби билан Пороченковга нисбатан жиноят иши қўзғатди.

Ички ишлар вазири Арсен Аваков ўзининг Facebook саҳифасида “Михаил Пореченков, Донецкдалиги пайтида Украина қуролли кучларига қарата автоматик қуролдан ўт очишда шахсан иштирок этди”, дея билдирди.

Россия Журналистлар уюшмаси котиби Павел Гутионтов бу ҳодисани “актёр тарафидан масъулиятсиз хатти-ҳаракат”, дея атаб, Пореченковдан расман узр сўрашни талаб қилди.

Пореченков ўзини оқлашга уриниб, бу махсус уюштирилган саҳна бўлгани ва ўқсиз патронлардан отганини иддао қилди. Матбуотга доир кийим ҳақида изоҳ берган актёр, унга “Press” ёзуви туширилган каска билан ўқ ўтмказмайдиган камзулни беришганини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG