Линклар

"Соғлом бола" йилида Гепатит А вакцинаси пулга сотиляпти


"Соғлом бола" йилида ҳам ўзбекистонлик болалар текин вакцина олиш имконидан маҳрум бўлдилар.

"Соғлом бола" йилида ҳам ўзбекистонлик болалар текин вакцина олиш имконидан маҳрум бўлдилар.

Жиззах шаҳрида болаларни Гепатит А га қарши эмлаш учун ота-оналардан 91 минг сўмдан талаб қилиняпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили мажбурий бўлмаган вакцина аҳолига сотилаётганини тасдиқлар экан, меҳрибонлик уйи ва кам таъминланган оилалар болаларига вакцина бепул қилинаётганини иддао қилди. Лекин, Жиззахдаги кам таъминланган оилалар бундай имтиёздан фойдалана олмаётганидан шикоят қилмоқда.

Жиззах вилояти санитар эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нинигул Асқаровна, Озодлик билан суҳбатда, Гепатит А га қарши вакцина ҳақиқатан ҳам 91 минг сўмдан сотилаётганини тасдиқлар экан, кам таъминланган оилалар бу вакцинани бепул олиши шарт деди:

- “Гепатит А”га қарши эмлаш бепул эмлаш режасига киритилмаган. Республикадан пуллик бўлиб келяпти. Ҳар бир вакцинанинг нархи 91 минг сўм. Лекин, ҳозир бизларга “Мурувват” ёрдами орқали бизларга 2000 дона вакцина келди. Бу болалар уйи, интернат ва бизга рўйхати тақдим қилинган кам таъминланган оилалар учун бепул берилади. Агар шундай оила маҳалладан справка тақдим этса, текин олиш ҳуқуқига эга, деди Нинигул Асқаровна.

Гепатит А га қарши эмлаш Ўзбекистонда қабул қилинган “Ўзбекистон профилактик эмлаш жадвали”га киритилмаган ва ихтиёрий равишда амалга оширилиши керак.

Бунда, санитар эпидемиология назорати врачига кўра, кам таъминланган оила ўз фарзандини Гепатит А га қарши эмлаш истагида бўлса, вакцина бепул тақдим қилиниши лозим.

Жиззах шаҳрининг Бобур маҳалласида истиқомат қиладиган Нортожи Ҳайдарованинг айтишича, у кам таъминланган оиладан бўлган неварасига Гепатит А касаллигига қарши вакцинани сўраб борганида рад жавобини олган:

“Ҳозир бизда сариқ касал жуда кўпайган. Боғчаларда сариқ касал кўп, больницалар тўлиб кетган. Неварамиз бир яшар Умиджон Илясовни эмлатолмаяпмиз. Вакцина чет элдан келган, 91 минг сўмлик дейди. Қизимни меҳрибонлик уйида катта бўлган йигитга турмушга берганман. Ўзлари ижарада яшайди, бола касал, нимкола. Камбағал оила эканлиги ҳақида маҳалладан справка олиб бориб берсак ҳам эмламади, дейди Нортожи Ҳайдарова.

Суҳбатдошнинг айтишича, у мурожаат қилган Жиззах шаҳар 5-оилавий поликлиника шифокорлари вакцинани шаҳар санитар эпидемиология марказидан ўзлари сотиб олишини айтган:

“Поликлиника бошлиғи Лайло Бозоровна болалар духтури Мавлудахонга учрашинг деди, учрашсам шаҳар СЭСига борасиз ва пулингизга сотиб оласиз, бизда йўқ деб айтди,- деди Нортожи опа.

Жиззах шаҳар 5-оилавий поликлиника шифокори Лайло Бозоровна, Озодлик билан суҳбатда, шу пайтгача поликлиника бепул вакцина олгани йўқ, деди:

- Бу ҳақда СЭС ҳамма ерда эълон берган эди. Биз ҳам кам таъминланган оилалар болаларининг рўйхатини тузиб шаҳар СЭСига тақдим қилганмиз. Айтишларича, бу рўйхат Тошкентга юборилар ва ўша ердан вакцина келганидан сўнг бизга берилар экан. Пули бор одамларга вакцина зарур бўлса СЭСга мурожаат қилишни маслаҳат беряпмиз,- деди Лайло Бозоровна.

Ўзбекистонда шу пайтгача гепатитнинг “В” шаклига қарши вакциналар ҳукумат томонидан хориждан сотиб олиниб, болалар текин эмланиб келинган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича, гепатитнинг “А” шаклига қарши эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади ва у пуллик қилиб қўйилган:

- Бизда 11 хил вакциналар бепул. “Гепатит А” қарши вакцина эса бизга пуллик келган. “Гепатит В” қарши вакциналарни қўллаш 12 йил олдин бошланган эди. Бу вакцина эса Ўзбекистонга шу йил биринчи марта кириб келди. Шунинг учун ҳозирча меҳрибонлик уйидаги ва кам таъминланган оиладаги болаларга бепул, қолганларга эса пуллик қилиб белгиланган. Менимча, ҳозирча давлатимизни пули камлик қилаётгандир, худо хоҳласа бу ҳам текин бўлиб қолар”, деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими.

Озодлик жорий йилнинг август ойида Гепатит Ага қарши эмлаш Тошкент шаҳрида мажбурий ўтказилаётгани, эмланмаган болалар эса боғча ва мактабларга қабул қилинмаётгани ҳақида хабар берган эди.

Озодликнинг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаси¸ ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан¸ янги ўқув йили арафасида нега айнан гепатитнинг А турига қарши эмлашни “жиддий тавсия” қилиш билан астойдил шуғулланиб қолганига ойдинлик киритган эди.

Бу манба таъкидича¸ Ўзбекистонга юқори ҳукумат доираларига қарашли ширкатлар томонидан катта миқдорда олиб келинган гепатит А га қарши эмлаш воситалари айни кунларда Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирлиги воситасида аҳолига қарийб мажбурий тартибда “ўтказилмоқда”.

Айни манба таъкидича¸ хусусий ширкатлардан ташқари Ўзбекистонга Ғарб давлатларидан келган гуманитар тиббий ëрдам орасида ҳам катта миқдордаги гепатит А га қарши эмлаш воситаси бор ва бу ëрдам ҳукуматнинг маъмурий босим кучини қўллаш имконига эга тизимлари томонидан ўзлаштирилган ва эндиликда қарийб мажбурий кўринишга ўтаëтган “тавсия ва тушунтириш” ишлари остида пулланмоқда.

Ўзбекистонда ўтган йилдан бери Гепатит А касаллиги кенга тарқалишига доир бир неча ҳодиса қайд этилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG