Линклар

Ўзбекистонда тўққиз ой ичида 800 мингга яқин ишчи ўрни яратилган


Ўзбекистонда тўққиз ой ичида 777,8 мингта ишчи ўрни яратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисод вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Яратилган ишчи ўринларининг 280 мингдан ортиғи қишлоқ жойларига тўғри келиши айтилмоқда.

Мустақил кузатувчилар Ўзбекистон ҳукуматининг аҳоли бандлигига доир ҳисоботларини шубҳа остига олиб келишади.

- Ўзбекистонда ҳар йили бир миллиондан ортиқ ишчи ўрни барпо этилиши айтилади. Агар бу ҳақиқат бўлса нега миллионлаб ёшларимиз оиласини боқиш учун Россияга, Қозоғистонга, Кореяга йўл олмоқда? Нега мардикор бозорларимиз ишсизлардан тўлиб тошган? Ҳукуматнинг бандлик бўйича берадиган ҳисоботлари ҳаммаси реалликдан узоқ, қоғоздаги гап, - дейди тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистонда расмий рақамларда ишсизлар сони ўта камлиги, меҳнатга лаёқатли аҳолининг атиги 5% иш излаётгани айтилади. Бироқ бу расмий рақамлар реал воқеликни акс эттирмайди.

Мамлакатдаги ҳақиқий воқеликни акс эттирадиган маълумотларни қўлга киритиш эса ўта мушкул. Ҳозир камида 3-4 миллион ўзбекистонликнинг Россия ва Қозоғистонда ишлаётгани тахмин қилинади.

XS
SM
MD
LG