Линклар

Украина шарқида айирмачилар сайлов ўтказди


"Донецк Халқ Республикаси"даги сайлов участкаларидан бири, 2014 йил 2 ноябрь.

"Донецк Халқ Республикаси"даги сайлов участкаларидан бири, 2014 йил 2 ноябрь.

Украина шарқидаги икки исёнчи вилоятда яшовчи фуқаролар Россия тарафдори бўлган айирмачилар “халқ кенгашлари” аъзолари ва президент сайлаш учун овоз бердилар. Москва Украина шарқидаги Луганск ва Донецк вилоятларидаги сайловни тан олиш ниятида эканини билдирган. Бироқ Украина ҳукумати, АҚШ, Европа Иттифоқи ва БМТ сайловларни “нолегитим” деб атаб, унинг натижалари тан олинмаслигини таъкидлаган.

Россия тарафдори бўлган айирмачилар назорат қилаётган Украина шарқидаги икки вилоятда халқ кенгашлари ва президентлик сайловлари ўтказилди.

Фуқаролар Украинадан мустақил деб эълон қилган Луганск ва Донецкда “халқ кенгашлари” аъзолари ва “Республика президенти”ни сайлаш учун овоз бердилар.

Мухбирлар Донецк шаҳридаги сайлов участкаларига қуролли шаслар жойлаштирилганини хабар қилди.

Украина хавфсизлик хизмати 2 ноябрь кунги сайловни мамлакат конституциясига зид ва ҳокимиятни “ноқонуний эгаллаб олиш” дея баҳолади.

Хавфсизлик хизматига кўра, сайлов ташкилотчиларига қарши “жиноят иши” очилган.

Украина ҳукумати, АҚШ, Европа Иттифоқи ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун мазкур сайловларни “ноқонуний” деб атаб, унинг натижалари тан олинмаслигини таъкидлаган.

Россия расмийлари эса Украина шарқидаги сайловни тан олиш ниятида эканларини билдирди.

Айни пайтда Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи вакиллари Россиянинг бундай позицияси “Минскда имзоланган тинчлик келишуви”га зид эканини таъкидламоқда.

Луганск Халқ Республикаси деб аталаётган жойда президентлик лавозимига тўрт номзод, жумладан, ҳозирги раҳбар Игорь Плотницкий ҳам даъвогарлик қилмоқда.

Донецк Халқ Республикаси деб аталаётган ҳудудда эса президентлик лавозимига иқтидордаги раҳбар Александр Захарченкодан ташқари яна икки номзод даъвогарлик қилаяпти.

А.Захарченко Донецк шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.

А.Захарченко Донецк шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.

Донецк шаҳридаги сайлов участкасида овоз берган Александр Захарченко ҳарбий ҳаракатлар оқибатида йўқотилган ҳамма нарсани қайта тиклаш ва давлат барпо этишга қодир эканини иддао қилди.

- Биз иқтисодиётни қайта тиклай оламиз. Биз йўқотилган ҳамма нарсани қайтара олмамиз. Ишлаб чиқаришни ҳам қайта йўлга қўя оламиз. Хуллас, давлат барпо эта оламиз, дея баёнот берди А.Захарченко.

1 ноябрь куни айирмачилар раҳбарлари уч миллионта сайлов бюллетенлари чоп этилганини билдирган эди.

Луганск ва Донецкдаги сайловлар Украина қонунлари асосида ёки Марказий сайлов комиссияси назоратида ўтказилмаяпти.

Украина шарқидаги сайлов жараёнини халқаро кузатувчилар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари кузатмаяпти.

Бироқ айирмачилар бир неча хориж давлати ва Грузиядан мустақиллик эълон қилган Абхазия каби ўлкалардан келган 30 – 70 нафар кузатувчи овоз бериш жараёнини кузатаётганини иддао қилди.

Сайловлар Украина шарқида айирмачилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида эришилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битм тез-тез бузилаётган бир пайтда бўлиб ўтмоқда.

1 ноябрь куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши 31 октябрдан бери рўй берган отишмаларда олти аскар ҳалок бўлгани ва 10 нафари яраланганини билдирди.

БМТ томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, Украина шарқида етти ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 4035 одам ўлдирилган. Қурбонларнинг 300 нафардан ортиғи сўнгги 11 кун ичида ҳалок бўлган.

2 ноябрь куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот котиби Андрей Лисенко Украина шарқидаги Россия тарафдори бўлган айирмачилар назорат қилаётган ҳудуднинг бир қисмига Россия ўз ҳарбий техникаси ва аскарларини жадаллик билан жойлаштираётганини билдирди.

Донецкдаги Франс пресс агентлиги мухбирлари йигирмага яқин юк машинасидан иборат автокарвон кетаётганини кўрганлари, айрим машиналарга учқичларга қарши ишлатиладиган қуроллар ортилганини хабар қилди.

Мухбирларга кўра, автокарвон ҳукумат назоратида бўлган аэропорт томонга кетган. Бу янги кучларми ёки ўша ердаги кучларми, ҳозирча аниқ эмас.

Ғарб давлатларидаги айрим агентликлар ҳам Донецк яқинида қўшинлар жадаллик билан ҳаракат қилаётгани тўғрисида хабарлар тарқатди.

XS
SM
MD
LG