Линклар

Ўзбекистон араб жамғармаларидан 700 миллион доллар қарз олмоқчи


Ўзбекистон ҳукумати 2015-2019 йилларда араб давлатларига доир молиявий муассасаларидан 700 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ кредит олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидаги манбасига таяниб, РИА Новости агентлиги хабар қилди.

“Бу маблағларни ажратишга оид келишувга Араб мувофиқлаштирув гуруҳи аъзоларининг Тошкентдаги мажлисида эришилди”, дея иқтибос келтирди агентлик вазирлик расмийсидан.

Вазирлик мулозимига кўра, умумий миқдори 1,6 миллиард АҚШ долларига тенг инвестицион лойиҳалар тиббий муассасалар, олий ўқув юртларини ускуналар билан таъминлаш, умумий таълим мактабларида муқобил энергия манбаларини жорий қилиш, канализация ва ичимлик суви билан таъминлаш тизимларини реконструкция қилиш каби мақсадларга қаратилади.

Араб мувофиқлаштирув гуруҳига Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси, Араб иқтисодиётини ривожлантириш Қувайт жамғармаси каби ташкилотлар киради.

Ўзбекистон ҳукумати йирик сармоялар ижтимоий соҳаларга жалб қилинишини айтиб келса-да, сўнгги йилларда, айниқса, аҳолини энергия ва ичимлик суви билан таъминлаш соҳаларида жиддий муаммолар кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG