Линклар

Фарғонада пул йўқлиги важидан бола пулига ҳужжат қабул қилинмаяпти


Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги "Маслаҳат" қишлоқ фуқаролар йиғини эшигига осилган эълон.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги "Маслаҳат" қишлоқ фуқаролар йиғини эшигига осилган эълон.

Фарғонанинг Бувайда туманида 2-14 ёшгача бўлган болалар пули ва эҳтиёжманд оилалар учун моддий ёрдам сўралган ҳужжатлар қабул қилинмаётир. Тумандаги "Маслаҳат" қишлоқ фуқаролар йиғини сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун давлат ажратган пул тугагани боис, ҳужжат олмаслигини очиқ эълон қилди. Аҳолининг 4 ойлик ҳаққи кейинчалик бериладими ёки йўқми - номаълум қолмоқда.

Бувайда туманидаги "Маслаҳат" қишлоқ фуқаролари йиғинида истиқомат қилувчи 26 яшар ота (исми сир сақланмоқда - таҳр.) 2 ёшгача бўлган боласига нафақа пулини олиш учун киритган сўрови рад этилганидан Озодликка арз қилди:

- 2 ёшгача бўлган болаларга бериладиган бола пулига лимитимиз тугади, деб айтишди. Кейин берасизларми, десам шу ойники қарз, кейинги ойда берамиз, дейишди. Лекин қолган ойларни ҳам беришадими-йўқми аниқ жавоб айтишмаяпти,- деди бувайдалик тингловчи.

Бу тингловчи "Маслаҳат" қишлоқ фуқаролар йиғини ойнасига ёпиштирилган эълоннинг суратини ҳам Озодликка йўллади.

Эълонда сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун давлат ажратган пул тугагани боис, 14 ва 2 ёшгача бўлган болаларга нафақа, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам пули сўралган ҳужжатлар қабул қилинмаслиги айтилган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаси эълон берилган маҳалла қўмитаси расмийси билан боғланиб, бунинг сабабини сўраганида, шундай жавоб олди:

"Туман ҳокимиятининг Молия бўлимидан ажратилган лимитимиз тугаб қолгани учун шунақа эълонни осиб қўйдик. Сентябрь ойида ҳужжат топширганлар кўпайиб кетди. Уларга ҳали пулини тўламасдан туриб, яна бошқаларнинг ҳужжатини олиб қўйсак, уларга пулни қаердан олиб берамиз, тўғрими?!" дея вазиятни изоҳлашга уринди "Маслаҳат" фуқаролар йиғини расмийси.

Расмий маҳалла аҳлининг сентябрдан декабргача бўлган 4 ойлик ҳаққи кейинчалик бериладими, деган саволга: "Билмадим", деб жавоб берди.

Аҳолига моддий ёрдам кўрсатишга масъул "Маҳалла" хайрия жамғармаси Бувайда тумани бўлимининг ўзини таништирмаган ходими бу савол жавоби ҳар бир маҳаллада тузилган 15 кишилик ҳайъатнинг ихтиёрида эканини айтди:

"Биз аҳолига бериладиган моддий ёрдам пулига масъулмиз, холос. Ҳар бир маҳалладаги комиссия ўзаро маслаҳатлашиб, кимга ва қанча моддий ёрдам беришга қарор қилса, ўшанча одамга пул ажратамиз. Лекин, 14 ёшгача ва 2 ёшгача бўлган болалар пулини ҳар битта маҳалла котиби тўғри ҳокимиятнинг Молия бўлимидан, ведомость асосида олади. Қолиб кетган 4 ойлик пулни кимларга ундириш мумкинлигини ҳам комиссия ҳал қилади", деди Маҳалла" хайрия жамғармаси Бувайда тумани бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Бувайда тумани ҳокимлиги Молия бўлимига бу борада қилган мурожаатимиз жавобсиз қолди.

Аммо, ўзини ҳокимият ходими, деб тақдим қилган расмий болаларга бериладиган нафақа пули масаласи тўлиқ маҳалла қўмиталари масъулиятига берилганини таъкидлади:

"Молия фақат конкрет суммани ажратади, маҳалла комитетлари ўша пулни бола пулини олишга ҳақли бўлган аҳолига адолатли тақсимлаб беради. Ҳамма бола пулига қараб ўтирса, етмайди пул, албатта. Шунинг учун 3 ойда ҳужжат янгиланади ва пул ростдан эҳтиёжманд оилаларга етиб борсин, деган мақсадда қилиняпти шу иш", деди Бувайда тумани ҳокимлиги вакили.

Аҳолига бериладиган нафақа пуллари, бола пули ва эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам пули ҳажмини қисқартириш амалиёти 2014 йил бошидан буён кузатилмоқда.

Бунга қадар Бувайда туманида осиғлиқ эълон мазмунига яқин эълон Жиззах шаҳрининг "Иттифоқ" маҳалласида осилгани Озодликка маълум.

У эълонда ҳам маҳаллада 2 ёшгача бола пулини олишга ҳақдорлар "фавқулодда кўпайиб кетгани" ва шаҳар Молия бўлими ажратган пул ҳажми етмай қолгани сабабли ҳужжатлар олинмаслиги айтилган ва аҳолидан "узр" сўралган эди.

Озодликка маълум бўлишича, "Иттифоқ" маҳалласининг 6 ойгача ҳужжатлари қабул қилинмаган ҳақдорларига пуллари ҳануз берилмаган.

Ўшанда ҳам мутасаддилари нафақалар учун чеклов белгилангани сабабини моддий ёрдам ва нафақа пулларининг асл эҳтиёжманд оилаларгагина берилишини таъминлаш ва бюджет маблағини тежаш билан изоҳлаганлар.

Ўзбекистонда нафақа ва моддий ёрдам пулининг тайинланиш схемаси. Lex.uz сайтидан олинди.

Ўзбекистонда нафақа ва моддий ёрдам пулининг тайинланиш схемаси. Lex.uz сайтидан олинди.

2013 йилнинг февраль ойида республика Вазирлар Маҳкамаси "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом"ни тасдиқлаган.

Айни қарор асосида эҳтиёжманд ва ҳақдор оилаларда нафақа ёки моддий ёрдам пулининг фақат бир турини олиш ҳуқуқи қолдирилган.

Яъни, 2 ёшгача боласи бўлган оилалар, боқувчиси ногирон, ишсиз бўлиши ёки 14 ёшгача бўлган бошқа болалари бўлишидан қатъий назар 2 ёшгача бўлган гўдаги учун нафақа пулини олиши мумкин.

Бу сумма ҳам уч ой берилади ва қолган муддат учун яна янгидан ҳужжат ҳозирланади.

Бувайдалик 26 яшар отадан олинган маълумотга кўра, у 2 ёшгача бўлган боласи учун давлатдан ойига 185 минг сўмдан нафақа олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG