Линклар

logo-print

Ўзбек жангариларининг яна бир гуруҳи "Исломий давлат" етакчисига байъат берди


Ўзларини “Имом Ал-Бухорий катибаси” деб атаган ва Суриядаги ўзбек исломий жангариларидан ташкил топган гуруҳ "Исломий давлат" экстремистик ташкилоти ва унинг етакчиси Абу Бакр Бағдодийга содиқлигини изҳор қилиб, қасамëд қилди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган "Исломий давлат" сафида бир неча юз ўзбекистонлик бор.

Yotube.com порталида 29 октябрь куни эълон қилинган тарғибот видеоролигида ўзини "Имом Ал-Бухорий катибаси"нинг амири Шайх Салоҳиддин, деб таништирган шахс билан олиб борилган савол жавобда¸ олдин Афғонистонда жанг қилган бу гуруҳ жангариларининг эндиликда Шом диëрларида жиҳод қилиши билдирилди.

Ижтимоий тармоқларда 29 октябр куни эълон қилинган яна бир видеороликда эса¸ “Имом Ал-Бухорий катибаси”нинг ўзларини Абу Ҳафс ал-Ўзбекий ва Абу Саид ал-Ўзбекий деб атаган икки киши бошқа ўзбекистонликларни ҳам ўз сафларига чорлайди.

Жангарилар ўз даъватида Моварауннаҳр ўлкасидан Шом диëрларига келиб, жанг қилаëтган ўзбекларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишади.

Бу видеороликда Ўзларини “Имом Ал-Бухорий катибаси” деб атаган ва Суриядаги ўзбек исломий жангариларидан ташкил топган гуруҳ вакиллари "Исломий давлат" экстремистик ташкилоти ва унинг етакчиси Абу Бакр Бағдодийга содиқлигини изҳор қилиб, қасамëд қилгани акс этган.

Катибага оид ва жорий йил ëзида юкланган яна бир видеороликда қора байроқ кўтариб, саф тортиб бораëтган 60 нафар ўзбек жангариси акс этган.

Жангарилар айтаëтган қўшиқда уларнинг мақсадлари акс этган:

Тавҳид бизнинг ғоямиз¸

Шом юртини оламиз.

Тез кунда Иншо Оллоҳ¸

Ўзбекистон борамиз.

Видеороликларнинг айнан қайси жуғрофий ҳудудда суратга олингани аниқ эмас.

Айрим маълумотларга кўра¸ бу икки видеоролик Туркияда суратга олинган.

Айни пайтда, бу маълумотни бошқа манбалардан тасдиқлашнинг иложи бўлмади.

Озодлик – Озод Европа радиоси блоггери Жоанна Паразчукнинг (Joanna Paraszczuk) ëзишича¸ “Имом Ал-Бухорий катибаси” Суриянинг Ҳалап вилоятида Ал-Қоидани Сурияда тамсил қилган Жабҳат ал Нусра билан биргаликда жанг қиладиган ўзбек батальонидир.

Сурия армиясидаги терминологияга кўра¸ аскарларнинг асосий фаол гуруҳини ташкил қилувчи 500 кишилик батальон "катиба" деб номланади.

Суриядаги ўзбек жангарилари катибаси Афғонистон иморати (амирлиги. Тахр.) таркибига кирувчи бир неча юз кишилик гуруҳ экани айтиб келинади.

Ўзбек гуруҳи чеченлар бошқарувидаги Кавказ иморатига оид “Сайфуллоҳ Шишоний жамоати” ва “Жайш ал-Мухожирин вал-Ансор” экстремистик гуруҳи билан бирга жанг қилиши ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

Ўзбеклардан таркиб топган “Имом Ал-Бухорий катибаси” интернетдаги ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланиб келади.

Бу гуруҳга оид “Ал Фатҳ” студияси Суриядаги ўзбек жангарилари ҳақидаги пропагандистик роликларни интернетга мунтазам юклаб туради.

Шундан роликлардан бирида “Имом Ал-Бухорий катибаси”нинг машқ лагерлари ҳам ўз аксини топган.

Хандаротга ҳужум

Октябрь охирида эълон қилинган сўнгги роликлардан бирида “Имом Ал-Бухорий катибаси”нинг Сурия мунтазам армияси назоратидаги Ҳандарот шаҳрига хужуми акс этган.

Ҳалап шимолидаги бу шаҳарга хужум Ғарб тарафидан қўллаб-қувватланадиган “Озод Сурия” армияси ва хусусан “Ҳаракат ул-Ҳазм” қаршилик ҳаракати билан уйғунликда ташкил қилингани ҳақида маълумот бор.

Ғарб тарафидан қўллаб-қувватланадиган “Озод Сурия” армияси билан ҳамкорликда жанг қилган ўзбеклар гуруҳининг нега "Исломий давлат" қора байроғи остида жанг қилишга қарор бергани борасидаги савол жавобсиз қолмоқда.

Yotube.com порталида 29 октябрь куни эълон қилинган тарғибот видеоролигида ўзини "Имом Ал-Бухорий катибаси"нинг амири Шайх Салоҳиддин деб таништирган шахснинг бу борадаги жавоблари жуда умумий.

Шайх Салоҳиддин ўз гуруҳининг Шом диëрида жанг қилиши сабабини ҳадислар билан изоҳлади.

Видеороликда ўзини "Имом Ал-Бухорий катибаси"нинг амири Шайҳ Салоҳиддин деб таништирган шахс “эътиқодий ва амалий манхажлари бир бўлган мусулмонлар албатта бирга бўлиши керак” деган фикрни таъкидлади.

Қора байроқ остидаги ўзбек жангарилари

"ИД"нинг қора байроғи остида жанг қилаëтган “Имом Ал-Бухорий катибаси” Суриядаги ягона ўзбек батальони эмас.

Озодлик – Озод Европа радиоси блоггери Жуанна Паразчукнинг ëзишича, "Исломий Давлат"га қасам берган яна бир ўзбек отряди "Сабри жамоат" жорий йилнинг мартидан бошлаб Ҳалап ва Хомсда жанг қилмоқда.

Бу ўзбек жамоати Суриядаги "ИД" қўмондонларидан бири Умар Шишанийга байъат қилгани айтилади.

Ўтган ойда Суриянинг Кобани шаҳридаги ўзбек жангарилари "Исломий давлат" рекламаси билан шуғулланаëтгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди.

Кобанини ишғол қилиб турган гуруҳ таркибида ўзбек жангарилари ҳам борлиги айтилади.

Бироз муқаддам Сурияда жанг қилиб юрган ва ўзининг айни гуруҳга мансуб эканини айтган ўзбекистонлик жиҳодчи Озодлик билан боғланган эди.

У ердаги жанг ҳаракатлари ва унда иштирок этишдан мақсадини баён қилган "жиҳодчи" ўзбекистонлик ва Марказий Осиё минтақасидан борган жиҳодчилар кўплиги, уларнинг 200-300 кишилик бир неча гуруҳи Сурия ҳамда минтақанинг бошқа ҳудудларидаги жангларда иштирок этаётганини иддао қилган.

Норасмий кузатувларга кўра, кейинги пайтларда Сурияга кетиб қолаётганлар сафига Россияда мардикорлик қилиб юрган ўзбеклар ҳам қўшилмоқда. Туркиялик ҳуқуқ фаоллари Суриядаги жиҳодчи ўзбеклар сони 3-3,5 минг кишига етганини тахмин қилмоқда.

Ўтган ойда Ўзбекистон Исломий ҳаракати "Исломий Давлат"ни қўллаб-қувватлаши ва у билан бир сафда эканлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари 44 яшар Усмон Ғозий (асл исми Валиев Абдуносир Шукурович-таҳр.) тарафидан 13 сентябр куни имзолаган ва 26 сентябр куни эълон қилинган баëнотда “Ироқ ва Шомда Исломий Халифалик эълон қилингани хабари” ҳаракат аъзоларини “хурсанд ва хушнуд” қилгани таъкидланган эди.

Баëнот муаллифлари бутун дунё мусулмонларини “Исломий Хилофатнинг тикланиши” билан табриклаб, бошқаларнинг ҳам бу гуруҳни қўллаб-қувватлашга чақирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG