Линклар

Киев Шарқий Украина бўйича стратегиясини қайта кўриб чиқмоқчи


Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко россияпараст айирмачилар Донецк ва Луганскда сайлов ўтказиб, 5 сентябрь куни Минскда эришилган сулҳ шартларини бузгани учун Киев бу борадаги ўз мажбуриятларини қайта кўриб чиқишини билдирди.

Кеча Украина элига қилган мурожаатида Порошенко мамлакат шарқидаги бўҳронга қарши кураш бўйича ҳаракат режасига тузатишлар киритиш учун у 4 ноябрь куни хавфсизлик идоралари раҳбарлари билан учрашажагини маълум қилди.

Украина президенти, хусусан, Донецк ва Луганскдаги исёнчиларга уч йил давомида ўз-ўзини бошқариш бўйича чекланган ваколат берувчи қонунни бекор қилиш таклифи билан чиқмоқда.

Айирмачилар назорати остида бўлган Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим ҳудудларида 2 ноябрь куни ўтказилган сайловларда, исёнчилар иддаосича, ўзларининг икки лидери ғалаба қозонган. Айирмачилар етакчиларининг билдиришича, ўзини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган минтақада Александр Захарченко, ўзини Луганск Халқ Республикаси деб эълон қилган минтақада эса Игорь Плотинский энг кўп овоз жамғаришга муваффақ бўлган.

Ғарб расмийлари бу минтақаларда ўтказилган сайловлар ноқонуний эканини айтиб, унинг натижаларини тан олмаслигини билдирганлар. Айни пайтда Москва Донецк ва Луганскда ўтказилган сайловларни «ҳурмат қилиши»ни қайд этган.

XS
SM
MD
LG