Линклар

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги бир неча мактабнинг 7-8-9-синф ўқувчилари 15 кундан буён дарсга бормай пахта термоқда. Озодлик суҳбатлашган ота-оналарга кўра, пахта теримига Тошкентдан юборилган ҳашарчилар қайтарилгач, мактаб ўқувчилари далага сафарбар этилган.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги аксарият умумтаълим мактабларининг 7-8-9-синф ўқувчилари икки ҳафтадан буён пахта теримига чиқарилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ота-оналардан бирининг айтишича, ўқувчиларга кузги таътил бошланганига қарамасдан улар пахта теряпти:

- Бир икки ҳафталар бўлди болаларимизни пахтага чиқариб юборилганига. 7-8-9-синф ўқувчилари учун дарс, тамоман тўхтаган. Фақат кеча қаттиқ ёмғир ёққани ва агатнинг ичига киришнинг имкони бўлмагани боис бир-икки кунга жавоб берилди, - деди ота-оналардан бири.

Ўзини Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Исомиддин, деб таништирган мулозим, ўқувчиларнинг пахта теримига чиқарилгани ҳақидаги ота-оналарнинг иддаосини инкор қилди:

- Ким айтган бўлса ҳам бекор айтибди. Бир дона ҳам ўқувчи чиқарилган йўқ. Пахта теримига ўқувчи умуман жалб қилинмаган, - деди мулозим.

Озодлик бундан сўнг Дўстлик туманидаги “Истиқлол” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз, 14 ёшли бу ўқувчи ҳам 15 кундан буён пахта теримида эканини айтди:

- Дарслар 7-9 синфлар учун тўхтаган. Ҳар бир синфга 150 килограмм норма берган. Ҳаммамиз шуни териб бермасак жавоб бермайди. Кеча ёмғир кўп ёққани учун ўқитувчиларимиз дам олинглар, кун яхши бўлса яна чиқамиз, - деди.

Ўқувчи пахтадаги қийинчиликлар ҳақида шундай дейди:

- Эрталаб соат еттида далада бўлишимиз керак. Пахта йўқ ҳисоби. Лекин нормани бажаришимиз шарт, бўлмаса ўқитувчимиз уришади. Тушликка ўзимиз билан овқат олиб борамиз, далада совуқ чой, у тугаб қолса сув ичамиз. Кечқурун чарчааааб, соат 7 ларда уйга қайтсак, на свет бўлади ва на газ. Шам ёруғида тимирскиланиб овқатланамизда, ухлаб қоламиз, - деди 7-синф ўқувчиси.

Дўстлик туманидаги давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси ҳам ўқувчиларнинг пахтага чиқарилаётганини тасдиқлади:

- 20 октябрь куни Тошкентдан келган ҳашарчилар қайтиб кетди. Адашмасам, 22 октябрда план ҳам тўлди, Озодбек келиб стадионда концерт ҳам берди. Лекин ҳашарчилар кетганидан сўнг мактаблар ёпилди, 7-8-9-синф ўқучилари ёппасига далага ҳайдалди. Чунки қоғозда пахта плани тўлгани билан, хирмонлар бўшку. Ҳар йили пахта пунктида 30-40та уюм бўларди, бу йил йигирмата ҳам чиқмайди. Президент хафа бўлмасин деб рапорт бериб юборгану, энди бу ёғига яна ўқитувчию ўқувчилар балога қолди. Айтишларича, 15 ноябргача терим давом этади экан, - деди манба.

Айни пайтда Озодликка оддий ўзбекистонликлардан келаëтган хабарларга кўра¸ ХМТ экспертлари ҳамроҳлигидаги Миллий мониторинг гуруҳлари кетиши билан аксар вилоятларда коллежларнинг 1-2-босқич ўқувчилари баробарида мактабларнинг юқори синф ўқувчиларини пахтага чиқариш ҳолатлари яна кўпайган.

Бу ҳолатни тасдиқлаган маҳаллий ҳокимият мутасаддилари республика режани бажарган бўлса-да, "юқоридан теримни давом эттириш ҳақида топишириқ берилаётгани", бунинг учун аҳолнинг деярли барча қатлами максимум теримга сафарбар қилинаётганини тан олмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова Озодлик билан суҳбатда, мактаб ўқувчиларини пахта теришга мажбурлаш айниқса сўнгги 15 кун орасида Ўзбекистонда кўплаб кузатилаётганини таъкидлади.

Умида Ниёзова билан суҳбатни қуйида тингланг:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG