Линклар

logo-print

Россияда Халқ бирлиги кунида миллатчилар “Рус марши” ўтказди


Россияда Халқ бирлиги куни нишонланган 4 ноябрь куни Москвада миллатчилар “Рус марши”ни ўтказди. Асосан, эркаклардан иборат икки минг намойишчининг айримлари Россия Империяси давридаги шиорларни кўтариб чиқдилар. Миллатчилар уюштирган тадбирлар тинч ўтгани хабар қилинди.

Рус миллатчилари Москванинг жануби-шарқий қисмида уюштирган юришни Россия полицияси ходимлари кузатиб борди. Тадбир муносабати билан айрим кўчаларда автомобил ҳаракати тўхтатиб қўйилди.

Айримлари юзига ниқоб таққан, бошқалари ҳарбий кийим ёки бейсбол шапкасини кийиб олган рус миллатчилари “Россия руслар учун!”, Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун!”, “Россия, олға!” деган шиорларни айтиб, қичқирдилар.

Айрим миллатчилар немис фашистлари каби қўлларини олдинга кўтариб қичқирганига қарамай, юриш давомида зўравонлик рўй бермади.

Рус миллатчиларининг кичикроқ юришлари Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳамда жорий йил март ойида Россия ўз ҳудудига аннексия қилган Қримда ҳам уюштирилди.

“Рус марши” Россияда 2005 йилдан бери ўтказиб келиняпти.

Халқ бирлиги куни Россия 1612 йилда поляк босқинчилари устидан ғалаба қозонган кун муносабати билан президент Владимир Путин томонидан жорий қилинган.

Бу байрам 1917 йилда большевиклар инқилоб амалга оширган кун нишонланадиган 7 ноябрь байрамининг ўрнига нишонланади.

Владимир Путин 2012 йилда учинчи марта президент этиб сайланганидан кейин ватанпарварлик Россия учун ўта муҳим эканини бир неча бор таъкидлаган.

Сўнгги йилларда Путин ва унинг ҳукумати ватанпарварлик ва миллатчилик руҳида сиёсат юритиб келмоқда.

Россиянинг Украина бўҳронига алоқадорлиги боис Россия ва Ғарб муносабатлари ўта совуқлашди.

24 октябрь кунги чиқишида Путин “агар миллатчилик бошқа одамларга тоқатсизликни англатса ... бу мамлакатимизни бузади” деган.

Ўтган йилдаги каби рус миллатчиларининг асосий марши Москва шаҳри чеккасида, бирликни тарғиб қилувчи Кремл иттифоқчиларининг йирик тадбирлари эса пойтахтнинг марказий қисмларида ўтказилмоқда.

Халқ бирлиги куни муносабати билан Москвада марказида ўтказилган тадбирда сўзга чиққан сиёсий партиялар етакчилари Кремлнинг Украина бўйича олиб бораётган сиёсатини қўллашини билдирди.

“Справедливая Россия” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Сергей Миронов Украинада фашизм уйғонаётганини урғулади.

- Бизга қардош бўлган Украинада бугунги кунда фашизм уйғонмоқда. Биз тарихдан фашизм тўхтатилиши ва томири билин йўқ қилиниши кераклигини биламиз. Бугунги кунда Украинадаги фашизмни фақат Новоруссия қўшинларининг найзалари ва ўқлари тўхтата олишига ишончимиз комил. Биз биродарларимиз билан бирдаммиз, дея баёнот берди Сергей Миронов.

4 ноябрь куни Хабаровск шаҳрида юзга яқин рус миллатчиси қорда тадбир ўтказди. Уларга шаҳар марказида юриш ўтказишга рухсат берилмагани боис Амур дарёси соҳилидаги паркка йиғилдилар ва бир соатдан кейин тадбир тарқатиб юборилди.

Москванинг жануби-шарқий қисмида ўтказилган тадбирда рус миллатчиларининг Украина борасида якдил эмаслиги яққол кўзга ташланди.

Битта шиорда “Руслар Украинадаги урушга қарши” деб ёзилган бўлса, бошқалари Украина шарқидаги русларни қўллаш мақсадида Россия империяси давридаги байроқларни кўтариб чиқди.

XS
SM
MD
LG