Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:50

Сурхондарё вилоят ҳокимининг ишдан кетгани айтилмоқда


Бир-биридан мустақил бир неча манба Сурхондарё вилоят ҳокими Эшдавлат Жўраев ўз аризасига биноан ишдан кетгани ҳақида қилган иддаоларни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати инкор қилди. Аммо, Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларидаги манбалар бу хабарни тасдиқлади ва тез орада ҳокимнинг ишдан олинишига оид процедура бўлиши кутилаётганини айтди.

3-4 ноябрь кунлари Озодликка норасмий манбалар томонидан йўлланган хабарда Сурхондарё вилоятининг 2013 йил 19 декабрида ишга тайинланган ҳокими Эшдавлат Жўраев ишдан олинганини иддао қилди.

"Ҳоким пахтани деб ишдан кетди. Яқинда эълон қилинади", деб ёзди исмини ошкор қилишни истамаган термизлик манба.

Бироз сўнгра Twitter тармоғидаги исмини ошкор қилмаётганимиз манба: "Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Жўраев ўз аризаси билан ишдан кетибди", деган твит қолдирди.

Бу иддаоли хабарларни Сурхондарё вилояти ҳокими Эшдавлат Жўраевнинг матбуот котиби Олимжон, деб тақдим қилинган мутасадди "уйдирма" деб баҳолади:

"Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтмаган бўлсангиз, сизга бунақа уйдирма гапларга ишонмасликни маслаҳат берардим", дея гапни қисқа қилди матбуот котиби Олимжон, деб тақдим қилинган мулозим Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Аммо, республика ҳуқуқ-тартибот идоаларидаги манба Эшдавлат Жўраевнинг ишдан олинганини "тўғри маълумот" демоқда:

"Сурхондарённг ҳокими ишдан кетди, аниқ гап бу", деди манба. Унинг айтишича, бу қарорни расмийлаштириш маросими кутилмоқда.

Айни манба, шу алфозда Сурхондарё вилояти прокурори ҳам алмашгани, янги прокурор Тошкент вилоятидан юборилганини иддао қилди. Аммо, мавзуга доир бошқа тафсилотларга тўхталмади. Бу маълумот ҳозирча бошқа бирор мустақил манба томонидан тасдиқланмади.

Шу тариқа, бироз зиддиятли иддаолар қоришиғида қолаётган бу маълумотга муносабат билдирган сурхондарёлик бир мулозим 1-2 ноябрь куни селектор йиғинларида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари қаттиқ танқид қилингани, бу танқидлар ортидан вилоят ҳокими ишдан кетишга қарор қилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган сурхондарёлик мулозимга кўра, селекторда "пахта теримида оқсоқликлар бўлаётгани", "жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани энг катта раҳбар томонидан" танқид қилинган:

"Одатда бунақа селекторлардан кейин танқид қилинган вилоятларнинг ҳокимлари кетиши бор гап. Камида бир-иккита туман ҳокими олинади. Лекин вилоят ҳокими сессияда олинадида, шуниси қизиқ. Ҳозир вилоятда ҳеч ким аниғини билмайди. Лекин, селектордан бери ҳаммада ваҳима бор. Чамамда Сурхондарёда навбатдан ташқари сессия бўлса керак", деб ёзди ижтимоий тармоқлар орқали Озодликка боғланган сурхондарёлик манба.

Дарвоқе, Twitter тармоғида Самарқанд вилоятидаги туманлардан бирининг ҳокими Сурхондарёга ҳоким қилиб тайинланиши кутилаётгани ҳақидаги иддао ҳам тарқалди. Ҳозирча бу иддао ҳам бошқа мустақил манбалар томонидан тасдиқланмади.

Жўраев Эшдавлат Турсунович Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йилнинг 19 декабридаги фармони билан Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Ўшанда Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтган, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қатнашган сессияда 2011 йил 2 декабридан бошлаб вилоят ҳокими вазифасини бажариб келган Нормўмин Чориев ишдан олинган.

Ўшанда президент ҳокимликка лойиқ номзод танлаш масаласи ўзи учун ҳар доим оғир кечиши ҳақида юракдан куйиниб гапирган эди:

"Энг мураккаб вазифангиз нима, деб сўрашса айтардим, шу раҳбарларни лавозимга кўтаришга тавсия бериш! Энг мураккаб вазифа шу – одамнинг ичида нима бўлаётгани, нафс балосидан ўзини сақлаяптими-йўқми? Нафс балоси шундай бало бўладики, шундай хавфли бир касаллик – касаллик бўладики, ундан ўзини сақлаш оғир бир савдо"
, деган эди президент.

Президент Каримовнинг Сурхондарë вилоятида 2013 йил 19 декабрда сўзлаган нутқидан парча
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъкидича, Сурхондарё вилояти мамлакат бошқарувида сиёсий-иқтисодий аҳамияти кучли бўлган ва мудофаа тизимининг стратегик муҳим нуқталаридан биридир. Шу боис, бу ҳудудда раҳбар алмашинуви президент Ислом Каримов учун ҳамиша ўта муҳим қарор ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:56 0:00
Бевосита линк

Сурхондарë вилоят ҳокими этиб тайинлангунига қадар Эшдавлат Жўраев Ўзбекистон Бош Прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Асли музрободлик бўлган Эшдавлат Жўраев муқаддам Қашқадарë вилоят прокурори лавозимида ҳам ишлаган.

***************************************************************************

Озодлик зиддиятли иддаолар қоришиғида қолаётган айни мавзуга доир қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринмоқда.

Мавзуга доир тафсилотлардан хабардор бўлсангиз, фактларга эга бўлсангиз, марҳамат, Озодликка хабар йўлланг:

WhatsApp: +420 724 971 539

Skype: OzodOvoz, OzodlikOnline, OzodSkype

Email: ozodlikmail@gmail.com, uzbekweb@rferl.org

mobile: +420 602 612 713 SMS ва қўнғироқлар

Facebook+Twitter+Одноклассники: Ozodlik Radiosi

XS
SM
MD
LG