Линклар

Тошкент вилоятининг етти шаҳар ва туман ички ишлар бўлим бошлиқлари ишдан олинди. Бир неча ИИБ бошлиғи бошқа лавозимга тайинлангани расман маълум қилинди. Норасмий манбалар бу қадар кенг кўламдаги раҳбар алмашинуви Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи Абдумажид Муллажоновнинг ишдан олиниши билан боғлиқлигини иддао қилмоқда.

Сўнгги ҳафта давомида Тошкент вилоятидаги еттита туман ва шаҳар ички ишлар бўлими бошлиқлари ишдан олиниб, ўрнига янги раҳбарлар тайинланди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири буйруғи билан Янгийўл, Оққўрғон, Бўка, Зангиота, Қибрай туманлари ва Ангрен, Чирчиқ шаҳарлари ички ишлар бўлимларига янги бошлиқ тайинланган.

Оққўрғон тумани ички ишлар бўлимига полковник Собиржон Иброҳимов тайинланди. Туман ИИБдан олинган расмий маълумотга кўра, Иброҳимов бошқа тумандан келган ва эски бошлиқнинг тақдири бобида қандай қарор берилиши ҳозирча номаълум.

Янгийўл тумани ИИБнинг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, собиқ бошлиқ Саидакбар Пўлатов Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи вазифасига ўтказилган ва Янгийўл ИИБ вазифаси вакант бўлиб қолмоқда.

Қибрай тумани ИИБга полковник Собиржон Таджиев бошлиқ этиб тайинланди. Эски бошлиқнинг қаерда экани ҳақида Озодлик маълумот ололмади.

Ангрен шаҳар ИИБга подполковник Валижон Ибрагимов бошлиқ этиб тайинланди. Эски бошлиқнинг қаерда экани борасида ҳам ҳозирча маълумот йўқ.

Норасмий манбалар Тошкент вилоятида бирданига етти туман ва шаҳар ИИБ бошлиғининг янгиланишини бир ҳафта муқаддам ишдан бўшатилган вилоят Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдумажид Муллажонов билан боғлиқ, деб иддао қилмоқда.

Иддаоларга кўра, Ўзбекистоннинг энг нуфузли шахсларидан бири ҳисобланган Марказий банк раиси Файзулло Муллажоновнинг ўғли Абдумажид бутунлай ички ишлар тизимидан четлатилгани ва унга қарашли ўнлаб АЁҚШларда текширув бошланган.

Аммо яна баъзи норасмий манбалар Муллажоновнинг Тошкент милицияси раҳбарлигидан олиниши унинг четлатилиши эмас, балки бошқа бир вилоят, эҳтимол, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига бошлиқ қилиб ўтказилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқдалар.

Бироқ Озодлик ҳозирча бу иддаоларни бошқа мустақил ва расмий манбалар орқали тасдиқлата олмади.

***************************************************************************

Озодлик айни мавзуга доир қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринмоқда.

Мавзуга доир тафсилотлардан хабардор бўлсангиз, фактларга эга бўлсангиз, марҳамат, Озодликка хабар йўлланг:

WhatsApp: +420 724 971 539

Skype: OzodOvoz, OzodlikOnline, OzodSkype

Email: ozodlikmail@gmail.com, uzbekweb@rferl.org

mobile: +420 602 612 713 SMS ва қўнғироқлар

Facebook+Twitter+Одноклассники: Ozodlik Radiosi

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG