Линклар

logo-print

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроилни ҳарбий жиноятларда айблаб чиқди.

Бу ерда гап Исроилнинг жорий йил ёз ойларида Ғазо секторида амалга оширган ҳарбий амалиётлари ҳақида кетяпти.

Amnesty International мутахассисларига кўра, Ғазодаги амалиётлар пайти ўнлаб тинч фуқаро исроиллик ҳарбийлар тарафидан ўлдирилган, Фаластин оилалари яшайдиган бир қанча уй Исроил ҳужумларига нишон бўлган.

Исроилнинг бу амалллари ҳарбий жиноят сифатида таснифланиши мумкин, демоқда Amnesty International мутахассислари.

Amnesty International ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича дастури раҳбари Филип Лютер бу ҳақда шундай деди:

"Исроил ҳарбий кучлари уруш қоидаларини безбетларча бузиб, тинч оилалар яшайдиган уйларни ҳужумга тутган. Бундай ҳужумлар оқибатида юзлаб одам нобуд бўлди. Исроил ҳарбийларининг бу ҳатти-ҳаракати уруш жиноятларига тенглаштирилиши мумкин", деди Лютер.

Исроил ХАМАС радикал гуруҳининг ракета ҳужумларига жавобан Ғазода ҳарбий амалиётларни ўтказган эди.

БМТ маълумотларига кўра, 50 кунлик уруш 2200 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган. Амалиётлар давомида Ғазода 2100 фаластинлик нобуд бўлган. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи тинч фуқаролардир.

Исроил Фаластинни одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланганликда айблаган.

Исроилнинг 64 аскари, 6 тинч фуқароси ҳалок бўлган.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Amnesty International даъволарини рад этди.

Вазирликка кўра, ташкилот ХАМАС тарафидан содир этилган ҳарбий жиноятлардан кўз юмган.

"Ҳисоботда ХАМАС ва бошқа Фаластин гуруҳлари тарафидан содир этилган террорчилик амаллари тилга олинмаган, уларнинг Исроилга ўтиб, террорчилик амаллари содир этиш учун қазиган ерости йўллари ҳақида лом-лим дейилмаган", - дейилади Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Исроил томонининг даъвосича, Ғазодаги амалиётлар пайти исроиллик ҳарбийлар тинч аҳоли орасидан талафотлар бўлмаслиги учун астойдил ҳаракат қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG