Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:16

Хоразмлик кекса журналист Ражаббой Бобожон вафот этди


Ўзбекистон радиосининг Хоразм вилоятидаги мухбири бўлиб 40 йил ишлаган, хабарларининг долзарблиги ва ўткир публицистикаси билан кўпчиликнинг эътиборига тушган урганчлик журналист Ражаббой Бобожон 5 ноябрь куни 77 ёшида вафот қилди. Озодлик радиоси жамоаси кекса журналист вафоти боис унинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилади.

Ражаббой Бобожонов 1937 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган.

Қирқ йил давомида Ўзбекистон радиосининг Хоразм вилоятидаги махсус мухбири бўлиб хизмат қилган.

- Зил-замбил “репортер” магнитофони билан отам Питнакдан¸ Дўсимбийгача¸ Моноқдан Овшаргача бўлган масофани пикап "Москвич"да кезиб репортажлар ҳозирлар эди, деб эслайди унинг журналист ўғилларидан бири, ҳамкасбимиз Шуҳрат Бобожон.

Радио бошловчиси Қодир Махсумов “Хоразмдаги мухбиримиз Ражаббой Бобожонов биз билан жонли алоқада¸ ассалому алайкум Ражаббой оға ” дейиши билан Ражаббой Бобожон доим баланд овозда "Ваалайкум ассалом, Қодиржон", деб репортажни бошлаган.

“Отам уйдаги улкан магнитофондаги ош ейдиган лаган катталигидаги ленталарни ацетон билан ëпиштириб монтаж қилар эди. Ленталардаги респондентлар овози эса текстга туширилиши лозим эди. Менга зўрға бўйим етадиган улкан магнитофон тугмаларини босиб ўчириш каби зерикарли вазифа тушар эди. Отам лентадаги овозларни эшитиб жумлама-жумла машинкада чиқиллатар эди. Монтаж бўлган якуний маҳсулот эса зудлик билан Урганч аэропортига етказилар эди. Учувчилар лентани Тошкент аэропортидаги махсус қутига ташлашар эди. Радио ходимлари эса бу лентани олиб эфирга қўйишар эди. Тошкентдан 1000 км узоқликдаги Хоразмдан ëзилган лавҳа икки соат ичида эфирга узатилар эди”, деб эслайди Шуҳрат Бобожон.

Ражаббой Бобожоннинг ўғиллари ҳам ота касбини танлаган.

Шуҳрат ва Ҳурмат Бобожонлар бир неча йилдан бери Озодликда ишлайди, Қудрат Бобожон эса, мустақил журналист.

Ражаббой оғани Хоразмдаги оддий шоликор деҳқон ҳам, партком котиблари ҳам яхши таниган. У киши пенсияга чиққанидан кейин ҳам Ўзбекистондаги долзарб муаммолар ҳақида хорижий радиоларга интервью бериб келган.

Озодлик радиосига берган интервьюларидан бирида Ражаббой ота диктатура ҳақида шундай фикр билдирган эди:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:13 0:00
Бевосита линк

Озодлик радиоси жамоаси Ражаббой отанинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этар экан, унинг охирати обод бўлишини Яратгандан сўраб қолади.

XS
SM
MD
LG