Линклар

Москвада "Спартак" ишқибозини уриб ўлдирган фарғоналик Жаҳонгир Аҳмедов 7 йилу 3 ойга кесилди


Жаҳонгир Аҳмедов Ўзбекистон фуқароси бўлишига қарамасдан, бу мамлакатда ҳибсга олиниб, Россияга қайтариб берилган эди.

Жаҳонгир Аҳмедов Ўзбекистон фуқароси бўлишига қарамасдан, бу мамлакатда ҳибсга олиниб, Россияга қайтариб берилган эди.

Москва вилояти Пушкин шаҳар суди “Спартак” футбол клуби ишқибозини уриб ўлдирганликда айбланган Ўзбекистон фуқаросини 7 йилу 3 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Асли фарғоналик 25 ёшли Жаҳонгир Аҳмедов шу йилнинг 13 май куни 22 ёшли Россия фуқароси Леонид Сафьянниковни ўлдириб қўйгани суд терговида тасдиқланди, дея хабар қилмоқда рус матбуоти.

5 ноябрь кунги ҳукмга кўра, Жаҳонгир Аҳмедов қасддан одам ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳатини етказганликда айбдор, деб топилди ва жазони қаттиқ режимдаги қамоқхонада ўташи белгиланди. Суд хулосаларига кўра, Аҳмедов Сафьянниковга мушт отиши натижасида, жабрланувчи боши билан бетон плитага йиқилгани оқибатида кейинчалик касалхонада вафот этган.

Май ойида рўй берган ҳодиса Москва вилоятида рус миллатчилари тарафидан тартибсизликларнинг уюштирилишига олиб келган эди.

Бу воқеадан кейин Жаҳонгир Аҳмедов Ўзбекистонга кетиб қолишга улгурган эди. Лекин у Ўзбекистон фуқароси бўлишига қарамасдан, бу мамлакатда ҳибсга олиниб, Россияга қайтариб берилган эди.

Россияда, айниқса, футбол ишқибозлари миллатчилик кайфияти билан танилган ва улар тарафидан марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонликлар содир этилиши одатий ҳолга айланган.

XS
SM
MD
LG