Линклар

logo-print

Совет Ўзбекистони Халқ Нозири Виктор Ҳайдуров вафот этди


Ўзбекистон ССР Халқ назорати қўмитаси раиси Виктор Ҳайдуровнинг дафн маросими (Сурат муаллиф тавсияси билан www.dunyouzbeklari.com сайтидан олинди)

Ўзбекистон ССР Халқ назорати қўмитаси раиси Виктор Ҳайдуровнинг дафн маросими (Сурат муаллиф тавсияси билан www.dunyouzbeklari.com сайтидан олинди)

Собиқ совет иттифоқи даврида узоқ йиллар Ўзбекистон ССР Ижроия қўмитасидаги етакчи лавозимларда йирик давлат арбоби Виктор Хайдуров 83 ёшида вафот этди. Тошкентда дафн этилган бу шахс совет Ўзбекистони Халқ назорати қўмитаси раҳбари, Сирдарё вилояти қўмитаси раиси бўлган ва шу кунда Ислом Каримовга хизмат қилаётган кўплаб мулозимлар, жумладан Зелимхон Ҳайдровга устозлик қилган.

Россиянинг Саратов шаҳрида туғилган, аммо Янгийўлда ўсиб-улғайган Виктор Алексеевич Хайдуров 83 ёшида Москвада вафот этди.

Бу киши билан узоқ йиллар бирга ишлаган ўзбекистонлик кекса журналист Шароф Убайдуллаевнинг Озодликка айтишича, Ҳайдуров сўнгги йилларда инфарктдан азият чеккан ва даволаниш учун Москвага кетган эди.

- У ерда 5 ноябрь оқшом вафот этибди. Аммо, вафотидан олдин болаларига Тошкентга кўмишларини васият қилган экан. 6 ноябрь куни Тошкентга келтиришда. Бугун соат 11 да Дўмбирабод қабристонига дафн этдик, - деди Шароф Убайдуллаев.

Виктор Ҳайдуров Мустақил Ўзбекистонда улғайган авлодлар учун нотаниш бўлган, аммо собиқ совет Ўзбекистони даврида улғайган ва шу кунда кексайган авлод учун жуда ҳурматли, қадрли давлат арбоб бўлган.

У ўзининг салкам қирқ йиллик меҳнат фаолияти давомида кўпроқ Сирдарё вилоятида ишлаган, хусусан Мирзачўлни ўзлаштирган давлат мулозимларидан бири бўлган.

- У Усмон Юсупов қўлида тарбия топган эди. У кишининг тавсияси билан ўша вақтда Жиззахни ҳам ўзида бирлаштирган Сирдарё области қўмитаси биринчи котиби бўлган. Ўшанда Мирзачўлда қарийб 500 минг гектар майдоннинг ўзлаштирилишига бош бўлган. У кишининг даврида Сирдарё вилоятида 600 минг тоннагача пахта етиштирилган. Бугун бу пахтанинг ярми ҳам йўқ, - деб хотирлайди Шароф Убайдуллаев.

Виктор Алексеевич Хайдуров 1970 йилларнинг бошида Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Сирдарё вилояти қўмитасининг биринчи секретари этиб сайланган.

Бунга қадар - 1963 йилдан у Сирдарё вилояти қўмитасининг қишлоқ хўжалиги бўлимини бошқарган. У вақтларда бугунги Жиззах вилояти ҳам Сирдарё вилоятида таркибида эди.

1980 йилларнинг бошида Виктор Хайдуров Ўзбекистон ССР Халқ назорати қўмитаси раиси этиб тайинланди. Айни пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюро аъзолигига ҳам номзод бўлди.

"У ўзини Усмон Юсуповнинг шогирди, Шароф Рашидовнинг сафдоши, Ислом Каримовнинг замондоши, деб биларди" деб хотирлайди Шароф Убайдуллаев.

Бу хизмат лавозимларида ишлаган чоғларида Виктор Ҳайдуров кейинчалик президент Ислом Каримовга садоқат билан хизмат қилган ва хизмат қилиб келаётган кўплаб кадрлар, шу жумладан 1993 йилдан буён Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари бўлиб қолаётган Зелимхон Ҳайдаровнинг устозидир.

XS
SM
MD
LG