Линклар

Актёр Алишер Узоқовнинг 44 миллион пулини еб кетган мансабдор 8 йилга кесилди. Тошкентдан Урумчига авиарейс очилмоқда. Бекободлик она кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятга қўл урди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Таниқли актёр Алишер Узоқовни чув туширган ширкат раҳбари 8 йилга кесилди”

Таниқли актёр Алишер Узоқовнинг 44 миллион сўм пулини еб кетган “Сatalea Group” ширкати бош директори устидан маҳкама якунига етди (“Даракчи”, 6 ноябр). Ширкат раҳбари номи ошкор этилмаган. Ўзини режиссурада ҳам синаб кўрмоқчи бўлган Алишер Узоқов “Энди дадам бўйдоқ” деб номланган филмни суратга олишга киришади. Аммо лицензияси бўлмагани сабабли “Catalea Group” ширкати билан битим тузади. Узоқов ширкат лицензиясидан фойдаланиш эвазига фойдани тенг бўлишишга келишади. Филм пракатидан “Catalea Group” ҳисоб рақамига 94 миллион сўмдан ошиқ маблағ тушади. Аммо ширкат филм режиссёри саналган Узоқовга атиги 20 миллион сўм бериб, қолган 44 миллион сўмни беришдан бош тортади. Маълум бўлишича, ширкат раҳбари ушбу филмни Россияда намойиш этиш ҳуқуқини бериш эвазига 4000 АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушган. Фирибгарлик ва порахўрликда айбланган ширкат раҳбари 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Судланувчи зиммасига Узоқовнинг кўп миллионли маблағини қайтариш мажбурияти ҳам юкланган.

“Наманганда икки бола ўз жонига қасд қилди”

Наманган вилоятида сўнгги ойларда икки бола ўз жонига қасд қилган (“Диёнат”, 6 ноябр). Жумладан, жорий йил 30 сентябрда Тўрақўрғон туманида 11 ёшли Ж.Раҳимов ўзини ўлдирган. Маълум бўлишича, боланинг онаси 2012 йилда Россияга ишлагани кетган, отаси бошқа оила қуриб алоҳида истиқомат қилган. Бола эса бир неча йил давомида бувисининг қарамоғида яшаган. Наманган вилоят прокурорининг ёрдамчиси Гўзал Шариповага кўра, бола сўнгги пайтларда ўзини ёлғиз ҳис этиб онасини қаттиқ соғинган ва оқибатда ўз жонига қасд қилган.

Шунингдек, 2001 йилда Наманган туманида туғилган А.Жўраев ҳам номаълум сабабга кўра ўз жонига қасд қилган. Қайд этилишича, боланинг ота-онаси ажрашиб бошқа турмуш қурган, у эса тоғаси қарамоғида қолган. Мазкур фожиа 2014 йилнинг 28 январида рўй берган.

“Сертификат берувчи масъул амалдор пора билан қўлга тушди”

Тошкент шаҳар Синов ва сертификатлаштириш маркази мансабдори Отабек Миркомилов 1500 доллар пора билан қўлга тушди (“Ҳуқуқ”,6 ноябр). Қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун сертификат беришга масъул амалдор турли баҳоналар билан брусчатка ишлаб чиқаришни мақсад қилган тадбиркорнинг ҳужжатларини расмийлаштириб бермайди. Кейин эса ходими орқали 1500 доллар пора талаб қилади. Тадбиркор эса бу ҳақда ҳуқуқ идораларига мурожаат қилади. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди Миркомиловга 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

“Бекободлик она кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятга қўл урди”

Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи аёл кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятга қўл урди – янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлади (“Адолат кўзгуси”, 6 ноябр). Жиноят ишлар бўйича Бекобод шаҳар суди судяси Азамат Шомуродовнинг ёзишича, боланинг зинодан туғилгани онани қотилликка ундаган. Исми ошкор этилмаган онанинг эри ишлаш учун Украинага кетган. Эри хорижда бўлган пайтида аёл бошқа бир эркак билан дон олишиб, ҳомиладор бўлиб қолган. Пировардида хиёнат ортидан туғилган боладан қутулиш учун уни ўз уйи ҳожатхонасига ташлаган. Чақалоқнинг қаттиқ йиғисини эшитиб воқеага аралашган қўшнининг ёрдами билан бола ҳаёти сақлаб қолинган. Ўз эридан икки фарзанди бўлган қотил аёлга қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.

“Тошкентдан Урумчига авиарейс очилмоқда”

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 11 ноябрдан бошлаб Тошкентдан Урумчига авиақатновларни йўлга қўяди (“Оила даврасида”, 6 ноябр). Парвозлар “Боинг 767” лайнерида амалга оширилади. Компания матбуот хизматига кўра, Хитойнинг Урумчи шаҳрига қатновлар 2015 йилнинг 11 ноябрига қадар ҳафтанинг сешанба кунлари амалга оширилади.

“Хонанда Зиёданинг концерти чипталари дўкондорларга мажбурлаб сотилди”

Хонанда Зиёданинг Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида берган уч кунлик концерти чипталарининг асосий қисми пойтахт бозорларидаги дўкондорларга мажбуран сотилди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради. Чипталарнинг мажбурий пулланиши муносабати билан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари хонандага таъна-дашном ёғдирган. Чипталар расман 10 минг сўмдан 80 минггача баҳоланган. “Қизиқ, хонандаларимиз ўз овози ва маҳорати билан концертларига асл мухлисларни жалб қила олишмас экан, шундай катта саройни банд қилиб, зўрма-зўраки концерт беришдан нима наф?.. Чипталарни мажбуран сотиш каби найрангларга бир вақтлар чек қўйилган десак, ҳамон бундай ҳолатлар давом этаётгани ачинарли ҳол. Мутасаддиларнинг эса парвойи палак” деб ёзади “Даракчи” газетаси.

“Адабиётшунос Сувон Мели: ёш танқидчилар кам”

Ўзбекистонда ёш танқидчиларнинг йўқлиги оғриқли масала бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблайди адабиётшунос Сувон Мели (“Ҳуррият”, 5 ноябр). Адабиётшунос бу борада Ёзувчилар уюшмасида Ёш мунаққид тўгарагини ташкил этишни таклиф қилади. “Танқидчи учун бошқача истеъдод, бошқача тафаккур тарзи зарур. Айни таҳлилий тафаккур керак! Бу қийин масала... Танқидчи сўзининг ёмонлаш деган маъноси ҳам бор. Эҳтимол шу жиҳати ҳам ёшларни ўйлантираётгандир” деган адабиётшунос Сувон Мели.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG