Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:47

Путин маслаҳатчисининг ўғли тожик хизматчисига уйланиш қарорида қатъий


Юрий ва Феруза. Сурат РЕН ТВдан олинган.
Юрий ва Феруза. Сурат РЕН ТВдан олинган.

Россия президенти маслаҳатчиси Сергей Глазевнинг ўғли ва тожикистонлик уй хизматчиси ўртасидаги муҳаббатни Россия ахборот воситалари “Минг бир кеча” эртакларидаги Шаҳризода ҳикоясига қиёслади. Юрий мансабдор отасининг қаршилигига қарамай, севганига уйланмоқчи.

Россиядаги РЕН ТВ хабарига кўра, Россия президенти маслаҳатчиси, иқтисодчи Сергей Глазевнинг ўғли Юрий Глазев юқори мансабларда ишлайдиган ота-онаси билан сену-менга борган ва уларнинг ўзаро муносабатлари муҳаббат боис жиддий совуқлашиб кетган.

Юрий Глазевнинг ота-онаси билан келишмай қолиш сабаби, унинг вақтинча сақлаш изоляторида қолаётган тожикистонлик уй хизматчисини яхши кўриб қолганлиги билан изоҳланмоқда.

Юрий ва Феруза байрам қилаяпти.
Юрий ва Феруза байрам қилаяпти.

31 ёшли Юрий Глазевнинг маҳбубаси, тожикистонлик Феруза Савушкина одам ўлдириш билан таҳдид қилганликда айбланмоқда.

Россия президенти маслаҳатчисининг ҳомиладор келини Москвадаги Солнечногорск шаҳар суди қарори билан ҳибсга олинган.

Тергов версиясига кўра, 31 ёшли Феруза Савушкина ўз ватандоши ва ҳамкасби Дилафрўз Мирзоевага ўлдириш билан таҳдид қилган. Бироқ Юрий Глазев бу айбловнинг асоссиз эканлигини ва отаси шу йўл билан уларнинг тўйига тўсқинлик қилмоқчи эканлигини айтади:

“Аслида бу тўқилган, йўқ жойдан ўйлаб чиқарилган айблов. Менинг фуқаровий хотиним билан онам ҳеч чиқишмасди. Феруза уйда пайдо бўлган биринчи кундан бошлаб уни сиғдиришмади ва нафрат билан муомалада бўлишди. Феруза эса ҳамма ишда ёрдам берар, онамга яхши гапирар эди. Лекин муносабатлар кун сайин ёмонлаша бошлади”, дейди Юрий Глазев.

Юрийнинг айтишича, унинг ота-онаси Ферузанинг “суюқоёқ” ва “мол-мулкни ўзлаштирмоқчи” эканлигини иддао қилиб, у ҳақида доим ёмон гаплар айтиб келган:

“У вос-вос бўлиб қолган, гўёки Феруза мени ўлдириб мол-мулкимга эга бўларкан ва ҳоказо”, дейди Юрий онаси ҳақида.

Юрийга кўра, бундан аввал Ферузани Россияда қолиш муддатини узайтирмагани учун айблашган:

“Унинг Россияда туғилган фарзанди борлигига қарамай, 10 йил муддатга депортация қилиш ҳақида қарор чиқаришди. Лекин Феруза бу қарорни бекор қилишга муваффақ бўлди”, дейди Юрий Глазев.

Юрийнинг таъкидича, унинг фуқаровий хотини ва Дилафрўз Мирзоева орасида шунчаки маиший асосдаги можаро бўлган, аммо шу можаро баҳонасида Ферузани ҳибсга олишган.

Феруза Савушкина бир ярим ойдан буён ҳибсда қолмоқда.

Юрий бу айблов билан ҳеч қачон муроса қила олмаслиги ва охирига қадар фуқаровий хотинини ҳимоя қилишини айтади:

“Қандай йўл билан, қандай усул билан бўлмасин мен уни ҳимоя қиламан”, дейди Юрий Глазев.

Юрий Глазев “Экстренный вызов” программаси мухбирлари гувоҳлигида мансабдор отаси билан телефонда суҳбатлашди. Сергей Глазев бу пайт Малайзияда хизмат сафарида бўлгани боис узоқ гаплаша олмаслиги ва Ферузани озод қилиш учун қўлидан келган ишни қилишини айтиб, ўғлини ишонтирмоқчи бўлган.

Феруза Савушкина Юрий Глазевдан аввал бошқа бир россияликка турмушга чиққан ва ундан Полина исмли қизи бор.

Cергей Глазев.
Cергей Глазев.

53 ёшли Сергей Глазев Запорожье шаҳрида туғилган. 1983 йилда Ломоносов номидаги Москва давлат университетини экономист-кибернетик ихтисоси бўйича тугатган. 1990 йилда докторлик диссертациясини ёқлаган. 2008 йилдан буён Россия ФА академиги.

2012 йилнинг 28 июлида Россия, Беларусь, Қозоғистон божхона иттифоқи доирасидаги интеграцион лойиҳаларни ривожлантириш масалалари бўйича Россия президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланган.

XS
SM
MD
LG