Линклар

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Пекиндаги музокаралар чоғида Украина шарқида кечаётган ҳодисалар юзасидан ахборот алмашишга келишиб олдилар.

Керри ва Лавров ўртасидаги учрашув Пекиндаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммити доирасида бўлиб ўтди.

Бир кун аввал Киев Россияни босқинчиликда айблаб, 32 та танк ва бошқа оғир артиллерия ҳамроҳлигидаги рус ҳарбийлари 6 ноябрь куни Луганск ҳудудига киргани ҳақида билдирганди.

Украина армияси матбуот котиби Андрей Лисенко танклар баробарида Россияга қарашли 16 та Ховитзер артиллерия тизимлари, ўқ-дори ва аскарлар жойлашган 30 дан ошиқ юк машинаси ҳам Луганск ҳудудига ўтганини айтганди.

Россия томони бу маълумотни асоссиз, дея рад этмоқда. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудида йўқ, деб айтди.

– Ҳатто Жен Псаки ҳам бу ҳақда: "АҚШ Давлат департаменти ахборотга эга эмас", деб айтди, - деди Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири билан Пекиндаги учрашув ортидан журналистларга гапирган АҚШ давлат котиби Жон Керри: “Украинадаги ҳодисалар юзасидан муайян тафовут сақланиб қолмоқда, биз бу борада ахборот алмашишга, мулоқотни давом эттиришга келишиб олдик”, - деди.

Россиянинг Украинага қарши тажовузкорона хатти-ҳаракатларига жавобан жорий этилажак Ғарбнинг янги санкциялари ҳақида тўхталган Керри "ҳаммаси Москванинг бундан буён тутадиган позициясига боғлиқ", деб айтди.

Шунингдек, Москва ва Вашингтон Киев ҳукуматини Женева келишуви талабларини бажаришга кўндириш борасида ҳам келишганлар.

Бу ҳақда гапирган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу ерда гап Украинанинг барча минтақалари ва сиёсий кучлари иштирокидаги конституциявий ислоҳотлар ҳақида бораётганини қайд этди.

- Биз Жон Керри билан бу масала ҳар қачонгидан долзарб экани, ҳатто апрель ойида бу ҳақда келишилган пайтга қараганда ҳам ҳозир бу долзарброқ экани юзасидан бир фикрга келдик. Украина раҳбариятини бу борада олган мажбуриятини бажаришга кўндиришга ҳаракат қиламиз, - деди Лавров.

Пекиндаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитида АҚШ ва Россия президентлари ҳам қатнашади.

Лекин Барак Обама ва Владимир Путин ўртасида ҳеч қанақа расмий учрашув режаланмаган.

Айни пайтда Украина шарқида айирмачилар ва ҳукумат кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Хабарларга кўра, сўнгги бир кеча-кундуз ичида тўқнашувлар оқибатида камида беш украин аскари ўлдирилган, 20 га яқини жароҳат олган.

XS
SM
MD
LG