Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

Горбачев: Дунё янги совуқ уруш ёқасида турибди


Михаил Горбачёв.
Михаил Горбачёв.

Германия пойтахтида Берлин девори қулатилганининг 25 йиллиги тадбирларида қатнашаётган СССРнинг сўнгги президенти Михаил Горбачев “дунё янги совуқ уруш ёқасида турибди”, дея ғарб ҳукуматларини Россия билан мулоқотни тиклашга чақирди.

83 ёшга кирган собиқ совет раҳбари Михаил Горбачев Украина устидан Ғарб ва Россиянинг тўқнашувга кириши дунёни янги совуқ уруш ёқасига олиб келганини таъкидлади.

- Дунё совуқ уруш, янги совуқ уруш ёқасида турибди. Айримлар бу уруш аллақачон бошлангани ҳақида гапирмоқда. Шундай қалтис вазият юзага келган бир пайтда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ўрни кўринмаяпти, - деди Горбачев.

Жаноб Горбачев ғарб ҳукуматлари, жумладан, АҚШни коммунизм қулаши ортидан пайдо бўлган “триумфализм” ҳиссиётларидан чекиниб, Россия билан мулоқотни тиклашга, Россияга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди.

- Дунёдаги ўзгаришларга етакчи бўлиш ўрнига Европа сиёсий тўқнашувлар, таъсир доиралари учун кураш ва ниҳоят ҳарбий мужодала майдонига айланиб қолди. Бу Европанинг заифлиги оқибатидир. Айни пайтда дунёдаги бошқа сиёсий марказлар кучайиб бормоқда. Агар вазият шу зайлда кетса, Европа дунё сиёсатида ўзининг кучли овозини йўқотади, унга қулоқ солмай қўйишади, - деди Горбачев.

Собиқ совет лидери Украина атрофидаги можаро Россия ва Германия муносабатларига ҳам жиддий путур етказиши ва икки мамлакат орасидаги жарлик Европа хавфсизлигига рахна солишини айтди.

- Чунки Германия ва Россия ҳамкорлигисиз Европа хавфсиз бўлолмайди, - деди Горбачев.

Ғарбий ва Шарқий Берлин ўртасидаги девор 1961 йилда Германия Демократик Республикаси томонидан Совет Иттифоқи кўмагида қурилган эди.

ГДР мулозимларига кўра, девор социалистик Берлинни ғарбий Берлиннинг ëмон таъсиридан тўсиш мақсадида тикланган. Аслида девор шарқий германиялик немисларнинг ғарбга қочишига йўл қўймаслик мақсадида қурилган эди.

Берлин девори совуқ урушнинг яққол тимсолига айланган эди. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида Совет Иттифоқида Михаил Горбачëв томонидан бошланган демократик ислоҳот бу деворнинг қулашига олиб келганди.

XS
SM
MD
LG