Линклар

АҚШ ва ЕИ шарқий Украинага келаётган қўшин ва қурол-аслаҳа ҳақидаги хабарлардан хавотирда


Шарқий Украинадаги Макеевкада 122 миллиметрли гаубица тортиб кетаётган рақамсиз юк машинаси, 2014 йилнинг 9 ноябрида олинган сурат.

Шарқий Украинадаги Макеевкада 122 миллиметрли гаубица тортиб кетаётган рақамсиз юк машинаси, 2014 йилнинг 9 ноябрида олинган сурат.

АҚШ ва Европа Иттифоқи шарқий Украинадаги россияпараст исёнчилар томонидан назорат қилинаётган ҳудуд орқали қўшин ва қурол-аслаҳа карвонлари ўтаётгани борасидаги маълумотлар юзасидан ташвиш изҳор қилди.

Оқ уй исёнчиларнинг янада кўпроқ ҳудудни эгаллаб олишга оид ҳар қандай уриниши ўт очишни тўхтатиш бўйича шу йил 5 сентябрь куни эришилган битимни “қўпол равишда бузиш” бўлишини билдирди.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши мулозими Бернадетт Миҳан Россия расмийларига исёнчиларни қуроллантиришни бас қилиш ҳамда бутун қўшин ва қуролларини Украинадан олиб чиқиб кетиш чақириғи билан мурожаат қилди. Шу каби огоҳлантирув Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини тилидан ҳам янгради.

Москва Украина шарқида апрель ойидан буён давом этаётган ва 4000 киши ҳаётига зомин бўлган қуролли тўқнашувда бирор-бир роли борлигини кескин рад қилиб келади.

8 ноябрь куни Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўз кузатувчилари Украина шарқида таниш белгилари бўлмаган зирҳли техника ва қўшинлар ҳаракатига гувоҳ бўлганлари ҳақида баёнот тарқатганди. Киев расмийлари бунинг Россиядан келаётган янги қўшинлар эканига шубҳа қилмасликларини билдирганлар.

XS
SM
MD
LG