Линклар

Албания бош вазири тарихий ташриф билан Сербияга келди


Албания Бош вазири тарихий ташриф билан Сербияга келди. Эди Раманинг 10 ноябрь куни Белградга бошлаган ташрифи Косово ҳамда Сербиядаги миллий озчиликлар ҳуқуқларига доир масалаларга қаратилиши айтилмоқда. Албания раҳбарини Сербия Бош вазири Александр Вучич кутиб олди.

Албан етакчисининг 68 йил ичида Серябияга қилаётган илк ташрифи ўтган ойда амалга ошиши керак эди. Лекин икки мамлакатнинг футбол бўйича терма жамоалари ўйини пайтида рўй берган зўравонлик боис қолдирилган эди.

Икки томонлама музокаралар чоғида Белграднинг асосан этник албанлар яшайдиган Косово мустақиллигини тан олмаётгани масаласининг ҳам кўтарилиши кутилмоқда.

Икки мамлакат етакчилари шунингдек Сербия жанубида кенгроқ мухториятни истаётган этник албанлар ҳуқуқларининг кафолатланиши масаласини ҳам муҳокама қилиши мумкин.

Сербия ҳам, Албания ҳам Европа Иттифоқига қўшилишга умид қилмоқда, лекин бунинг учун иккала мамлакат ўзаро муносбатларда барқарорликка эришишлари талаб қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG