Линклар

"Исломий давлат" халифасининг Сурияга олиб ўтилгани айтилмоқда


Ироқ Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати "Исломий давлат"даги манбаларига таяниб, жароҳатланган халифа Абу Бакр Бағдодий Сурияга олиб кетилганини таъкидламоқда. Бағдодийнинг 8 ноябрь куни АҚШ етакчилигидаги коалиция ҳаво ҳужумлари чоғида жароҳатлангани айтилмоқда. Пентагон бу маълумотни тасдиқлай олмаслигини айтмоқда. Вашингтон Бағдодийни қўлга олиш имконини берувчи аниқ маълумот учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилган.

10 ноябрь куни оқшом Ироқ Ички ишлар вазирлиги АҚШ етакчилигидаги коалиция 8 ноябрь куни амалга оширган ҳаво ҳужумлари чоғида "Исломий давлат"(ИД) халифаси Абу Бакр Бағдодий Сурияга ўтган, деб баёнот тарқатди.

Ироқ ҳукуматининг ИДдаги манбаларига таяниб таъкидлашича, Бағдодий 8 ноябрь куни оғир жароҳат олган ва Сурияга олиб ўтилган.

Аммо, Ироқ ҳукуматининг бу даъвоси ҳозирча бошқа манбалар орқали тасдиқлангани йўқ.

Бу хабарга жавобан баёнот берган Пентагон матбуот хизмати Бағдодий жароҳатланганига оид маълумотларни ҳануз тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Бунга қадар Associated Press агентлиги Ироқ ҳукумати расмийлари мамлакат ғарбидаги Анбар вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужумлари чоғида "Исломий давлат" етакчиси Абу Бакр Бағдодий оғир жароҳат олгани ҳақида расмий телевидениеда чиқиш қилганини хабар қилган эди.

Агентлик Ироқ Ички ишлар вазирлигининг разведка бошқармаси мулозимига таяниб, ҳаво ҳужуми 8 ноябрь куни Қаим шаҳарчасида амалга оширилганини ёзмоқда. Разведка мулозими жангарилар ичидаги информатор бу ҳақда ҳукуматга билдирганини таъкидлаган.

Daily Mail нашрининг ёзишича, якшанба куни Ироқ расмийлари бу хабарни тасдиқлаган ва Бағдодий бу ҳужумларда "энг камида жароҳатлангани"ни таъкидлаган.

Нашр бу ҳужумларда Бағдодийнинг ўнг қўли ҳисобланган Абдулраҳмон Алъафарий исмли шахс ўлдирилганини хабар қилмоқда.

Ироқ хавфсизлик кучлари расмийси Ҳишом ал-Ҳошимий Daily Mail нашрига жавобан Алъафарий Бағдодийнинг жуда яқин сафдоши экани ва 10 тага яқин машина вайрон қилинган ҳужумда ўлдирилганини айтган.

"У ва Бағдодий камдан-кам ҳолларда алоҳида юрар эди. Шунинг учун ҳам ҳужум вақтида Бағдодий у билан бирга бўлган бўлиши мумкин", дея Ҳошимийдан иқтибос келтирди Daily Mail нашри.

Шунингдек, Ҳошимий Алъафарийнинг ўлими унинг яқинлари томонидан ҳам тасдиқланганини айтган. Ҳозирча бу хабар бошқа манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.

Ҳужумни амалга оширган АҚШ етакчилигидаги коалиция раҳбарияти 8 ноябрь кунги ҳужумларда ИД халифаси жароҳатлангани ёки ўлганига оид маълумотларни тасдиқлай олмаслигини айтмоқда.

Daily Telegraph нашрига сўзлаган Британия қуролли кучлари Мудофаа штаби раҳбари генерал Николас Ҳоутон ҳам Бағдодий ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлай олмаслигини айтган.

"Мен бунинг мутлақ ҳақиқат эканини тасдиқлай олмайман. Эҳтимол, буни тўлиқ тасдиқлаш учун бир неча кун керак бўлади", дея генералдан иқтибос келтирди Daily Telegraph нашри.

Дунё матбуоти халифа, деб эълон қилинганидан буён "кўринмас шайх" номини олган Бағдодий жароҳатландими, ўлдими ёки ғойиб бўлдими, деган саволга жавоб қидираётган бир пайтда ИД сафида юрган ўзбек мужоҳидлари бу хабарни инкор қилиб, Озодликка ёзмоқдалар:

"Aniq yolgon habar men kecha bagdodiyni on qoli bilan uchirashdim ismi abu husayn unaqa habar yoq", деб ёзди исмини ошкор қилмаётган ва ҳужум содир этлган кунда Мосулда бўлганини айтган ўзбек мужоҳиди.

Озодликка шу кунга қадар боғланаётган ўзбек мужоҳидлари орасида Абу Бакр Бағдодийни кўрганини айтган мужоҳид учрамади. Уларнинг айтишича, Бағдодий ҳамиша маҳфий суратда ҳаракатланади, шу боис унинг жароҳатланганига оид хабарларни ҳам аниқ тасдиқлаш мушкул:

"Агарда шахид болган болсада, яна бошка халифа сайлаб оламиз. Улим (ўлим) хак, хар бир жон улим шарбатини тотгувчидир. Бу дин аллохни дини, абу бакрнинг динимас иншааллах. Лекин йолгонлиги аник, кофирлар атей шунака гап таркатишни яхши коради", деб ёзди ИД халифалигида жанг қилаётганини даъво қилган ва 10 ноябрь куни WhatsApp орқали Озодликка боғланган ўзбек.

Шу йил 1 июль куни Интернет воситасида тарқатилган видеобаёнотда Абу Бакр Бағдодий “Исломий давлат” халифаси этиб сайланганини эълон қилган ва дунё мусулмонларини жиҳодга даъват қилган.

29 июнь куни собиқ “Ироқ ва Шом исломий давлати” гуруҳи Суриянинг Ҳалаб вилоятидан Ироқнинг Дияла вилоятигача бўлган ҳудудда халифалик ўрнатилганини эълон қилган ва номини “Исломий давлат”, деб ўзгартирган эди.

43 ёшга кирган Бағдодий Ироқнинг Самарра шаҳрида туғилган ва АҚШ қўшинлари Ироқда бўлган даврда масжидда муллалик қилган. У Бағдод университетида исломий илмларни ўрганган ва докторлик даражасига эришган.

Вашингтон маъмурияти Бағдодийни қўлга олиш имконини берувчи аниқ маълумот учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG