Линклар

Келаси йил мартида Ўзбекистонда Президент сайлайди (Сиёсий грамматика)

  • Сарвар Усмон

Сарлавҳада ҳеч қандай хато йўқ. Ҳар ҳолда блоггеримиз: “Худди шундай сарлавҳа бўлуви лозим, хато кўринган нарсанинг аслида хато эмаслигини қуйида тушунтириб бераман”, деб туриб олди.

Декабрда ўтадиган парламент сайлови муносабати билан тингловчиларимиздан “Президентлик сайлови қачон бўлади?” деган саволлар келаётгани боис ўша саволларга жавоб тариқасида ёзилган блогдир ўқийдиганингиз.

***

Келинг, гапни “президентлик сайлови” иборасидаги “лик”дан бошлай.

“Лик” бу иборада мутлақо ортиқчадир.

“Президент” бу “ЛИКиллаган” думга муҳтож эмас.

Шундай бўлса-да, нафақат тингловчимиз, балки ҳамкасбларим – журналистлар ҳам кўпинча шундай ёзади. Тан оламан: ўзим ҳам ёзганман бир неча марта “президентЛИК сайлови”, деб.

Қаердан келди бу “лик”?

Имомлар тилиданми? (боришЛИК, келишЛИК, ўқишЛИК, ёзишЛИК ва ҳоказо)

Имомлар “ЛИК” билан феъл ясайдилар, сифат эмас.

Демак, имомларимизнинг бу масалага дахли йўқ. Уларнинг умуман президентга дахли йўқ. Президент имомлардан мустақил.

Бу ерда гап “президентлик сайлови” иборасининг русча “президентские выборы”дан калька қилинганида.

Русчада “выборы” – от, “президентские” сифатдир.

Бинобарин, ўзбекчада ҳам “сайлов” отдир. Сайловнинг қандай эканини эса “президент” оти билан аниқлаймиз ва бу ўринда от сифат (сифатлашган от) ролини ўйнайди.

Қиёслаш учун: “парламентские выборы”ни “парламентЛИК сайлови”, демаймиз-ку?!

(Шу жойда мавзудан четлаб “спортивная одежда”нинг “спортЧА кийим” эмас, “спорт кийими” эканлигини ҳам уқтириб ўтмоқчиман)

Ҳа, айтганча, русча “выборы”ни ўзбекчага кўплик қўшимчаси билан ўгирмаслик керак. Бу сўзнинг бирликдаги шакли (“выбор”) сайловни билдирмайди.

Шундай қилиб, “президент”нинг “ЛИКиллаган” думини кесиб ташлаймиз ва деймиз:

“Келаси йил мартида Ўзбекистонда президент сайлови бўлади”.

Бу гапда “сайлов” - эга, “президент” эса аниқловчидир. (Қандай сайлов?)

“Президент” атоқли эмас, балки турдош отдир ва шунинг учун бу сўз ёзилар экан, у бош ҳарфдан бошланмаслиги керак.

Лекин Ўзбекистонда шаклланган таомилга кўра “президент” сўзи ҳар доим бош ҳарф билан ёзилади ва ўрганаётганимиз гап мана бу кўринишни касб этади:

“Келаси йил мартида Ўзбекистонда Президент сайлови бўлади”.

“Президент” сўзи бош ҳарф билан ёзилганидан сўнг энди у шунчаки аниқловчидан қаратқич аниқловчига айланди. (Кимнинг сайлови?)

Фикримиз аниқроқ очилсин учун юқоридаги гапда “Президент” сўзидан тушириб қолдирилган қаратқич келишиги қўшимчасини қўшиб ёзамиз:

“Келаси йил мартида Ўзбекистонда Президентнинг сайлови бўлади”.

Менимча, айнан шу шакл Ўзбекистонда президент сайлови билан боғлиқ вазиятни аниқ-тиниқ беради.

Яъни, бу мамлакатда президентни сайламайдилар, балки Президент сайлайди.

Хоҳласа ўзини, хоҳласа бошқани - мирзолари ёки мирзиёларидан бирини.

Сарлавҳада адашмабмизми?

Хуллас, грамматикада гап кўп.

Айниқса, сиёсий грамматикада.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG