Линклар

logo-print

Uznews.net нашрига яна кибер ҳужум уюштирилди. 10 ноябрь куни нашрнинг кибер ҳужум воситасида қўлга киритилгани даъво қилинган молиявий ҳисоботлари, грант берувчилари ва муҳаррир ёзишмалари Интернетга сиздирилди. Нашр муҳаррири Галима Бухорбоева бу галги ҳужум мухбирлар ҳаётига бевосита таҳдид солгани боис, нашрни ëпишга мажбур қолиши мумкинлигини айтди.

10 ноябрь куни бир вақтнинг ўзида мамлакат ташқарисидаги иккита ўзбекча ва бир неча русийзабон Интернет нашрларида Uznews.net нашри бош муҳаррири электрон почтаси ва шахсий компютеридан кибер ҳужум воситасида олингани даъво қилинган маълумотлар чоп этилди.

Бундан ташқари, Facebook, Odnoklassniki, Twiiter ва бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам айни мазмунда тақдим қилинган Uznews.net нашри муҳаррири ёзишмаларига оид маълумотлар тарқала бошлади.

Бу маълумотларда Uznews.net нашри молиявий ҳисоботлари, нашрга грант берувчи ташкилотлар ва уларга тақдим қилинган ҳисоботлар, журналист Галима Бухорбоеванинг шахсий ёзишмалари ва муҳими, Интернет нашри билан Ўзбекистондан туриб ҳамкорлик қилган ўнлаб мухбирга оид маълумотлар бор.

Озодлик билан суҳбатда Uznews.net нашрининг бош муҳаррири, 40 яшар журналист Галима Бухорбоева бу маълумотларнинг эълон қилиниши биринчи галда Ўзбекистондаги ҳамкорлар ҳаëтини хавф остига қўйишини таъкидлади.

- Бизга қарши кибер ҳужум уюштирилгани кўриниб турибди. Бизга оид конфеденциал ва шахсий маълумотлар эл оғзига элак қилинди. Ўзбекистон каби мамлакатда бу маълумотларда исми зикр этилганларга қарши тазйиқлар бўлиши муқаррар, деб таъкидлади журналист.

Кибер ҳужум боис, исми ошкор бўлган Ўзбекистондаги ҳамкорларини қандай оқибат кутаëтгани ҳақида Бухорбоева шундай тахминни тилга олди:

- Биз билан олдин ҳамкорлик қилган ва ҳозир ишламаëтганларнинг исмлари ҳам ошкор қилинган. Ўзбек режими бу маълумотлардан номи тилга олинган кишиларга қарши ўзи билганича фойдаланиши мумкин. Энг даҳшатлиси, бу маълумотларни ўзларини мустақил журналистик ташкилот, деб иддао қилган нашрлар эълон қилганидир. Мен уларни журналист эмас, балки хорижга атайлаб жўнатилган вазифадор шотирлар, деб атайман. Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз ҳаëтини ҳавф остига оладиган маълумотни эълон қилган Ризо Обид ва Исмат Ҳушев жиноят содир қилмоқда. Голландияда адвокат топдик. Биз бу одамларга Европада эканини эслатиб қўямиз, - деди Галима Бухорбоева.

Галима Бухорбоеванинг бу айблови ортидан Озодлик мухбири номи зикр қилинган Ризо Обид ва Исмат Ҳушев билан боғланди.

Озодлик билан суҳбатда Ризо Обид Uznews.netга оид конфединциал маълумотларни чоп қилганидан афсусланмаслигини билдирди:

- Мен Галима Бухорбоевани бировнинг ҳақига хиëнат қилмайдиган, зиëли инсон, деб билганман. Лекин, ҳужжатларга ишониладиган бўлса, унинг таъмагирлик қилгани аëн бўлади. Мен ана шундан афсусланаман, - деди суҳбатдош.

Кандада истиқомат қилувчи журналист Исмат Ҳушев эса маълумотларни ўз сайтида чоп қилишдан олдин Бухорбоевага мактуб билан мурожаат қилгани ва жавоб ололмаганини айтди:

- Ўзбекларда "Сукут - аломати ризо", деган гап бор. Шу маънода мен Бухорбоеванинг сукутини розилик аломати, деб нотўғри тушунибман. Муҳими, мен одамларнинг ҳаётини хавф остига соладиган даражада аҳмоқ эмасман. Мухбирлар номини чоп этмадим. Лекин, мақолани иккиланиб чоп қилган эдим. Ҳозир вазиятни тушуниб, мақолани нашрдан олиб қўйдим, - дейди суҳбатдош.

Айни пайтда сиздирилган маълумотлар ижтимоий тармоқларнинг биридан иккинчисига кўчиб юрибди. Бу маълумотлар асосида янги-янги мақолалар ëзилмоқда.

"Бу манзара фонида сизнинг навбатдаги қадамингиз нимадан иборат бўлади?" деган саволга журналист шундай жавоб берди:

- Тан олишим керак, бу Uznews.net нашри учун ҳалокатли зарба. Чунки бизнинг ишимиз Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз боис, эътибор қозонган эди. Ҳозир сайтнинг фаолияти савол остида қолмоқда. Ҳатто, Uznews.net нашрини ëпиш ҳақида жиддий ўйлаяпмиз. Uznews.net ëпилиши мумкин, дейиш мумкин. Бугун бу қарорни ҳамкасбларимга ҳам етказаман, - деди Бухорбоева.

Ўзбекча нашрлардан бирида Саид Озод (Таҳририят бу муаллиф ҳақида маълумотга эга эмас) исмли муаллиф номидан эълон қилинган мақолада Uznews.net да эълон қилинган Украина Россия низосига оид мақолалар тилга олинади.

Мақола муаллифи, гўёки, Uznews.net да чоп этилган Қрим аннексиясига оид мақолаларининг ножоизлигини таъкидлайди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда Uznews.net нашрига уюштирилган бу галги кибер ҳужум ортида Россия хавфсизлик кучлари турибди, деган эҳтимол тилга олинмоқда.

- Россиялик устамонлар бу кибер ҳужумга катта ҳисса қўшган. деган фикрга қўшиламан. Бугун Украина муаммоси фақат Украинанинг муаммоси бўлмай қолди. Кремль собиқ совет республикаларини ўз ҳудуди деб билади. Путин назарида бу ҳудудлар Россиядан ноҳақ тортиб олинган ва уларни эгасига қайтармоқ лозим. Шу боис, биз Қозоғистон ва Ўзбекистонга Путин кўз тикаëтгани ҳақида ëзган эдик. Бу мақолалар эълон қилингандан кейин минглаб троллар бизга ҳужум қилингани эсимизда. Бугун Кремль ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари бирлашиб, Uznews.net нашрига қақшатқич зарба берди, - дейди Uznews.net нашри бош муҳаррири Галима Бухорбоева.

Uznews.net нашри ахборот хизмати ўлароқ Ўзбекистондан хабарлар етказишга ихтисослашган оз сонли мустақил медиа-ташкилотдир.

Сайт Ўзбекистон ичидаги ва унинг атрофидаги воқеалар ҳақида холис, аниқ ва объектив ахборотларни тарқатиш, демократия ғояларини тадбиқ этиш ва мустаҳкамлаш билан шуғулланиб келади.

Uznews.net нашри 2005 йилда икки ўзбек журналиси Галима Бухорбоева ҳамда Қудрат Бобожоновлар тарафидан Тошкентда ташкил қилинган.

Нашр 2005 йил охирида ҳам кибер зарба оқибатида издан чиқарилган. Сиëсий қочқин сифатида мамлакатни тарк қилган икки журналист 2006 йилда нашрни чет элда қайта тиклади.

Галима Бухарбоеванинг айтишича, шу кунларда Uznews.net нашрини кунига 20 минг янги муштарий ўқимоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG