Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:41

Ўзбекистонда доллар кетидан озиқ-овқат 20-30 фоизга қимматлади


Ўзбекистонда пишиқчилик фасли бўлишига қарамай мева-сабзавот ҳам қимматлаган.
Ўзбекистонда пишиқчилик фасли бўлишига қарамай мева-сабзавот ҳам қимматлаган.

Ўзбекистонда АҚШ доллари қурбининг ўзбек сўмига нисбатан кескин ошиб кетиши, мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган ва хориждан импорт қилинадиган озиқ-овқат, саноат моллари нархи кўтарилишига сабаб бўлди. Озодлик манбаларига кўра, гўшт, гуруч, ўсимлик ёғи, кийим-кечак ва қурилиш моллари 20-30 фоизга қимматлади.

Сўнгги кунларда Ўзбекистон қора бозорларида бир АҚШ долларининг қиймати 3 минг 450 сўмга чиқиши ортидан, мамлакат бозорларидаги озиқ-овқат ва саноат моллари ҳам қимматлади.

Тошкентлик пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаевнинг айтишича, бир килограмм яхши мол гўштининг нархи 40 минг сўмга чиққан:

- Бугун Кадишевадан бозор қилдим. Гўштни 30 минг сўм деб турибди. Мен қассобга ўзинг қандай гўшт есанг шунақа қилиб бер, дедим. Уч кило гўштни 120 минг сўмга олдим. Пиёз 1800 сўм эди, бугун 2500 сўм бўпти. Гуручлар ҳам ўртача 1000-1500 сўмга ошган. Сигаретга ҳам 500 сўм қўшилибди. Хуллас, агар августда пенсиямга 40 минг сўм қўшилган бўлса, ҳозир ўша 80 минг сўм бўлиб чиқиб кетяпти, деди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Тошкентлик ўқитувчи Баҳромга кўра, долларнинг қимматлашгани энг аввало хориж товарларининг нархи кескин ошишига сабаб бўлган:

- Кеча "Абу Сахий" бозорига тушгандим. Битта кўйлакни 150 минг сўм, деб турибди. Қурилиш моллар бозорига ҳам ўтдим. Ҳамма нарса қимматлаган. Савдогарлар “нега бунча қиммат деган” саволингизга “доллар ошдику” деб жўнгина жавоб бериб қўядилар, - деди ўқитувчи.

Озодлик манбаларининг айтишича, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам нарх-навонинг кўтарилиши кузатиляпти.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қиладиган Наримоннинг айтишича, асосан хориждан импорт қилинадиган молларнинг нархи ошиб боряпти:

- Биринчидан, четдан келадиган дори-дармонлар кўтарилган. Ўтган йилда 7-8 минг турадиган дорилар 10-15 минг сўмга қимматлаган. 5 литрлик писта ёғи 26-27 мингдан 30-31 минг сўмга чиқди. Айниқса, кийим-кечак заҳар бўп кетди. Кеча аёлим 800 минг сўмга болаларга қишки кийим-кечак қилиб келди, шу нарсаларни ўтган йили 400 минг сўмга ҳам олса бўларди, - деди Наримон.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида истиқомат қилувчи даллол Ҳайдаржон ҳам савдогарлар нарх-навонинг кўтарилганини доллар қурбининг ошиши билан изоҳлашаётганини айтади:

- Бизда гўшт минг сўмга қимматлади, 25 минг сўм бўлди. Самарқанд томонларда эса 28-29 минг сўмга чиқиб кетибди. Ҳатто. носни нархи ҳам ошди. Ҳар сафар битта халтачасини 500 сўмга олардим, бугун эса 600 дан сотяпти. Ҳа, десам, “ака доллар ошдику”, дейди кўзини лўқ қилиб. Долларни сенга нима алоқаси бор десам, “ие ака, ҳамма нарса ошиб ётибдику”, дейди.

Ўзбекистон қора бозорларида 11 ноябрь куни бир АҚШ доллари 3 минг 410 сўмдан олинди ва 3450 сўмдан сотилди.

Шу куни Ўзбекистон Марказий банки белгилаган 1 АҚШ долларининг расмий курси 2 минг 392 сўму 50 тийинни ташкил этди. Қора бозор ва расмий курс ўртасидаги бугунги фарқ, 1000 сўмдан ортиқни ташкил этяпти.

Кузатувчиларнинг айтишича, собиқ МДҲ давлатлари орасида валюта қора бозори фақат Ўзбекистонда конвертация йўқлиги сабаб сақланиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG