Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 12:08

Хориждан борган ўзбекистонлик келинлар мамлакатдан чиқарилмаяпти


Ўзбекистондан Қирғизистонга келин бўлиб тушган ва ота уйига меҳмонга борган аёлларни ўзбек чегарачилари мамлакатдан чиқармаяпти. Қирғизистондан борган ўзбек келинчаклар кейинги бир ой ичида чеклов жуда кучайганидан арз қилмоқда. Чегарачилар келинчаклардан декабрда бўладиган сайловда қатнашишни талаб қилмоқда.

Жалолобод вилояти Новкен туманининг Орол қишлоғида яшовчи Шадманбек Масалиев турмуш ўртоғи (ўзбекистонлик аёлнинг исмини ошкор этмаслик сўралди - таҳр.) бир ойдан буён Ўзбекистондан чиқарилмаётганини аймоқда.

Ўзбекистонлик аёл бир ой аввал Андижонга синглисининг тўйига борган. Аммо, энди уйига қайта олмаётгани боис, сўнги 10 кун давомида чегара постига келиб-кетиш Шодмонбекнинг асосий ишига айланган:

- Яқинда уларда сайлов бўлар экан. Сайловда иштирок этмагунича фуқароларни четга чиқармаслик бўйича буйруқ бўлганмиш. Ўзбекистонда қандайдир бир сиёсий тадбир бўлишидан, юрак безиллаб қолган. Ҳатто, сайлови ҳам оилавий турмушимизга таъсир қилади, - деб арз қилди Шадманбек.

Суҳбатдошимиз, ҳозир унинг аёли каби сайлов сабаб оиласига қайтолмаётган ўнлаб аёлларни билишини айтди:

- Шу масалада чегарага боравериб, бизникидай муаммога дуч келган ўндан ортиқ одамни кўрдим, - дейди Шадманбек.

Ўзбекистонда парламент сайлови 21-декабрда бўлади. Уч ойдан сўнг президент сайлови бўлиши кутилмоқда. Агар сайлов сабаб хориждан борган ўзбекистнлик келинлар мамлакатдан чиқарилмаса, у ҳолда оиласига қайтолмаётган аёллар март-апрелгача Ўзбекистонда қолишига тўғри келади.

Ўш, Жалалобод ва Боткен вилоятларида Ўзбекистондан келин бўлиб тушган минглаб аёллар бор. Паспорт масаласи ва чегара муаммоси сабабли сўнгги уч-тўрт йил ичида яқинларига бўлган соғинчини телефон орқали суҳбат билан қондирмоқда.

Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмагани боис, Қирғизистон томони ўз фуқароси билан никоҳдан ўтгани тўғрисидаги ҳужжат асосида ҳам бу аёлларга етарли ёрдам бера олмаётир.

Қирғиз ҳукумати бу борада Тошкент билан музокаралар бўлаётганини айтиб келади, бироқ натижа сезиларли эмас.

Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш жараёни осон бўлмагани сабабли, бу келинларга қирғиз фуқаролигини бериш имконсиз.

Айни муаммонинг 2010-йилдан кейин кучайгани кузатилмоқда. Натижада, келинчакларнинг чегарадаги муаммоларини ҳал қилишга нодавлат ташкилотлар ҳам уринмоқда.

“Интербилим” ташкилотининг Ўшдаги бўлими раҳбари Гүлғақи Мамасалиева масалани ҳал қилиш Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси масъулиятида, деб билишини айтади:

- Ўзбекистондаги элчилигимиз нима иш қилаётганини билмаймиз. Бирорта масалани ижобий ҳал қилганини эшитмадим. Келинларнинг бу муаммоси бўйича ҳукуматларга мурожат қилиш керак бўлган асосий орган - элчихона. Бу муаммони эшитгандан кейин, жилла қурса, ўзлари бирор чора кўриши керак. Неча йилдан бери кўтарилаяпти бу масала. “Бу хоним Қирғизистонга турмушга чиққан, мана никоҳ гувоҳномаси”, деб, бу аёлларнинг ёнини олиши керак, - дейди Гулғақи Мамасалиев.

Шу каби муаммолар боис, ҳозир Қирғизистон билан Ўзбекистон фуқаролари ўртасида бир-биридан қиз олиш ҳам тўхтаб қолди.

XS
SM
MD
LG