Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:07

Берлин деворини бузган Pink Floyd Ўзбекистон деворидан ошиб ўтолмади


Британиялик Pink Floyd мусиқа гуруҳи “Louder than Words” (Сўздан ҳам жарангдор) қўшиғи асосидаги клипини суратга олиш учун виза сўраб мурожаат қилганида ўзбек расмийлари тўрачилик қилгани маълум бўлди.

Жаҳонга машҳур гуруҳ ўзининг Фалокат ва Умид ҳақидаги мусиқий клипини қуриб қолган Орол денгизи ëқасидаги Мўйноқ шаҳрида суратга олишни режалаштирган эди.

Ўзбекистон расмийларидан изн ола олмаган Pink Floyd режиссери Обри Пауэлл (Aubrey Powell) мусиқий клипни Орол денгизининг Қозоғистон қисмида суратга олиб мусиқасеварларга тақдим қилди.

Озодлик билан эксклюзив интервью мобайнида Обри Пауэлл Ўзбекистонинг Британиядаги элчихонаси яратган тўсиқ боис Pink Floydнинг ўн тўртинчи альбомига кирган қўшиқлардан бири асосидаги клип Орол денгизининг Қозоғистон тарафида олинганлигини билдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ Pink Floyd ижодкорлари жорий йил май ойида Лондондаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилишганида виза масаласи пайсалга солинган:

- Биз Оролнинг Ўзбекистон тарафида ҳам клипни суратга олмоқчи эдик. Мўйноқ шаҳрига бормоқчи эдик. Шу боис Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасидан виза сўрадик. Улар бу жараëн уч ҳафта давом этишини айтишди. Бунинг устига Ўзбекистон ичкарисидан қайсидир ташкилотдан таклиф зарурлигини айтишди. Биз кутиб тура олмас эдик. Шунинг учун клипни Қозоғистоннинг Аральск шаҳрида олиб қўя қолдим, дейди Озодлик билан суҳбатда Pink Floyd режиссери Обри Пауэлл.

Озодлик Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси расмийларига ҳам боғланди. Элчихона мулозимлари Орол муаммоси ҳақида клип олмоқчи бўлган афсонавий гуруҳга виза бериш нега чигаллаштирилгани борасида изоҳ беришдан бош тортди.

Мусиқали клип булутлар узра ботаëтган қуëш сари қайиқда эшкак эшиб бораëтган боланинг романтик тасвири билан бошланади. Бола тушган қайиқ пировардида қуриб қолган Орол денгизига боради. Камера қуриган денгиз сатҳидаги занглаган кемалар панорамасини кўрсатади. Кейинги кадрда эса Орол соҳилида турган 13 кишининг тасвири кўринади.

Обри Пауэллнинг Озодликка айтишича¸ клипда Аральскда истиқомат қилувчи кишилар кўнгилли тарзда суратга тушган.

- Ҳаво совуқ бўлса ҳам одамлар бизни иссиқ қарши олди¸ дейди¸ суҳбатдош. Клипни томоша қилиш мобайнида “Louder than Words” (Сўздан ҳам жарангдор) деган жумла мазмуни аëн бўлади.

Кадрдаги қуриган денгиз фожеаси¸ бу фожеа гувоҳи бўлган чолнинг мунгли қарашлари сўз ифода қила олмаган даҳшатни акс эттиргандек бўлади.

Орол ҳақидаги қўшиқ Pink Floyd гуруҳининг 20 йиллик танаффусдан кейин яратган “The Endless River” (Туганмас дарë) альбомидан ўрин олди.

Британиялик Pink Floyd афсонавий мусиқа гуруҳи 1994 йилда "The Division Bell" альбомини ëзганидан кейин 20 йиллик сукутга чўмган эди.

20 йиллик танаффусдан кейин 2014 йилда ëзилган алъбом фалокат сўнггидаги умид ҳақида, дейди Озодлик билан суҳбатда Обри Пауэлл

- Фалокат ва умид ҳақидаги альбомдаги мусиқий клиплардан бирини атом станцияси аварияга учраган ўлик шаҳар Ченобилда олдик. Бу альбомга Чернобилга уйғун яна бир контент зарур эди. Шу маънода мен қуриб қолган Орол денгизини танлаган эдим. Шу тариқа гуруҳимиз билан Оролга йўл олдик¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда Обри Пауэлл Оролнинг Ўзбекистон тарафида ҳам суратга олсак, манзара бутун бўлар эди, дея афсус қилади.

Озод Европа/Озодлик радиосинияг Марказий Осиë мамлакатлари ҳаётини ёритувчи “Қишлоқ овози” блоги муаллифи Брюс Паниернинг айтишича, Ўзбекистон тарафи Британиялик Pink Floyd афсонавий мусиқа гуруҳига Орол денгизи бўйида клип сурат олишга изн бермай катта ҳатога йўл қўйган:

- Ўзбек расмийларининмг изн бермагани кулгили ва ачинарли. Энг муҳими Ўзбекистон Орол муаммосини Pink Floyd кўмагида тарғиб қилиш имконини бой берди. Клипда Орол Қозоғистонга оид қилиб кўрсатилган. Обри Пауэллнинг ўзи мен билан суҳбатда ўзбек мулозимларини Орол муаммосини менсимаганликда айблади¸ дейди суҳбатдош.

Девор ҳақида қўшиқ айтиб деворни синдирган Pink Floyd

Pink Floyd —фалсафий матн¸ овоз экспериментлари ва инновацион шоулари билан дунëга танилган британиялик рок гуруҳидир.

Гуруҳ мусиқа оламида тижорий муваффақият қозонганлиги билан фарқланади. Pink Floyd шу пайтгача 300 миллион альбом сотиб бу соҳада пешқадам бўлган.

Pink Floyd 1965 йилда Лондон политехника университетининг меъморчилик факультети талабалари Ричард Райт (вокал), Роджер Уотерс (бас-гитара, вокал), Ник Мэйсон (ноғорачи ) ва уларнинг Кембрижда яшовчи дўсти Сид Барретт (вокал, гитара) тарафидан тузилган.

Гуруҳ тарафидан 1973 йил ëзилган The Wall (Девор) рок операси Pink Floydга шон-шуҳрат келтирган.

Pink Floydнинг бу қўшиғи 1989 йилда Берлин деворининг йиқилишига бағишланган маросимда иштирок этган эди.

XS
SM
MD
LG