Линклар

Қўл телефони дарвозасиз ҳовлидек бўлиб қолди: кунда-кунора ҳар турли эълонлар, SMS-рекломлар чақирилмаган меҳмондек келаверади. Уяли алоқа операторлари мижоздан сўраб-нетиб ўтирмайди.

Қўл телефони дарвозасиз ҳовлидек бўлиб қолди: кунда-кунора ҳар турли эълонлар, SMS-рекломлар чақирилмаган меҳмондек келаверади. Уяли алоқа операторлари мижоздан сўраб-нетиб ўтирмайди.

“Исмингиз маъносини билмоқчимисиз - унда дарҳол фалон рақамга сўров йўлланг”, дея ақл ўргатади ўзбекчада ҳатто ўз исмини тўғри ёзолмайдиган “алломаи замон”.

“Севганингизга дил изҳори қилмоқчимисиз - ҳеч иккиланмай фалон рақамга сўров юборинг”, дея меҳрибонлик қилади ҳожатбарор ширкат.

“Чинакам севгини қидиряпсизми - ёшингиз, қаерда туғилганингиз ҳақидаги маълумотларни фалон рақамга юборинг”, дея билиб-билмай қўшмачилик таклиф этади ишқпарвар оператор.

“Квартира ютмоқчимисиз - унда ҳисобингизни фалон сўмга тўлдиринг”, дея куппа-кундузи мижозларни шилмоқчи бўлади “ҳотамтой” компания.

Бу руҳдаги SMSлар бошвоқсиз новвосдек қўл телефонингизга бостириб келаверади, келаверади.

Қўйиб берсангиз, уяли алоқа операторларидаги афсунгарлар битта SMS билан сизни бахтга кўмиб ташлайди. Кўз очиб юмгунча гижинглаган тойдек автоуловга миндириб қўяди. Ҳорун ар-Рашиднинг ҳам тушига кирмаган қаср хўжайинига айлантиради.

Лекин... энг анойи мижоз ҳам барибир ич-ичидан сезиб туради операторнинг дарди ҳам, муддаоси ҳам ақча эканини; устма-уст ёғилаётган умидбахш SMSларларнинг бари қуруқ реклама эканини.

Кундек равшан – бир зумда минглаб мижознинг шахсий телефонига бемалол-бедаллол юборилаётган SMSлардан мурод чўнтакни ғорат қилиш.

Аслида, мижозга алламбало SMS-рекломларни тиқиштириш ёқмаган овқатни мажбурлаб едиришдек гап. Аммо Ўзбекистонда ҳозирча рекломсевар уяли алоқачилар мушугини пишт дейдиган қонун йўқ.

Бир неча ой аввал Россия Давлат думаси мамлакатдаги уяли алоқа операторларининг ўзбошимчалик билан SMS юборишини тақиқлади. Бу тўғрида қабул қилинган қонунга кўра, оператор абонент розилик берган хабарларнигина жўнатишга ҳақли. Мижознинг тинчини бузиб, бўлар-бўлмас SMS-спамлар юборган ширкат эса жавобгарликка тортилади.

Блоггерлар фаолиятини ҳозиржавоблик билан назоратга олган Ўзбекистон парламенти мобил операторлар томонидан SMS-спам тарқатишга қарши қонун ҳам қабул қилиши керак. Ана шунда бири тоғдан, бири боғдан келаётган SMSлар урчиши олди олинармиди…

Дарвоқе, фурсатдан фойдаланиб, ўқувчиларга бир муҳим хабарни маълум қилсам. Эмишки, ҳозирча банан емай турганингиз маъқул, чунки занжиларнинг суюмли бу меваси Эбола вируси тарқашига сабаб бўлиши мумкин. Оббо, бу гапни қаердан олдингиз дейсизми? Қаердан бўларди, қўл телефонимга келган SMS хабардан-да…

Инжиқ абонент

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG