Линклар

logo-print

Украина шарқида жанглар давом этди. БМТ Хавфсизлик кенгаши яна чора кўрмади


БМТ Хавфсизлик кенгаши.

БМТ Хавфсизлик кенгаши.

Украина расмийлари сўнгги 24 соат ичида россияпараст айирмачилар билан жангларда ҳукумат қўшинларидан 4 аскар ҳалок бўлгани, 18 нафари жароҳатланганини айтмоқда.

Украина ҳарбийларининг 13 ноябрь куни билдиришича, жанглар, асосан, Донецк халқаро аэропорти яқинида ҳамда Луганск вилоятига туташ Дебалцево қишлоғида рўй берган. Шарқий Украинадаги бу ҳудудлар айирмачилар назоратида қолмоқда.

Жангариларнинг билдиришича, кечаси Донецкнинг ўққа тутилиши оқибатида уч киши ҳалок бўлган.

Бу хабар БМТ Хавфсизлик кенгаши Украина хусусида яна фавқулодда йиғин ўтказиши ортидан пайдо бўлди.

Украина бўҳронига бағишланган 26 учрашувда ҳам Хавфсизлик кенгаши бирор чора кўришга доир қарор қабул қилмади. БМТ расмийлари шарқий Украинада “тўлақонли жанглар” бошланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантириш билан кифояланди.

12 ноябрь кунги фавқулодда мажлиснинг чақиртирилишига НАТОнинг юқори мартабали мулозими Украина шарқида россияпараст айирмачилар назоратидаги ҳудудга 10 ноябрдан бери Россия томонидан танк, артиллерия ва ҳаво ҳужумига қарши қуроллардан иборат “бир нечта колонна” ўтгани ҳақида баён қилиши туртки бўлди.

Россия бу айбловларни инкор қилиб, Украина шарқида ўз қуролли кучлари борлигига доир далиллар йўқлигини таъкидлади.

Хавфсизлик кенгашида вето ваколатига эга Россияга қарши БМТ резолюцияси қабул қилингани йўқ.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр кенгаш олдида қилган чиқишида Россия “тинчлик ҳақида гапириб туриб, урушни авж олдирмоқда”, дея баён қилди.

Халқаро кузатувчилар айирмачилар назоратидаги нуқталарда 8 ноябрдан бери ҳеч бир нишонсиз қуролли кучлар кўпаяётгани ҳақида гапирмоқда.

XS
SM
MD
LG