Линклар

logo-print

Жиззах вилояти ҳокими Сайфиддин Исмоилов 28 октябрдан 12 ноябргача Арнасой тумани хўжаликларида ўтказган йиғилишларда ғалла, пахта режасини бажармаган, давлатдан қарздор бўлиб қолган фермерларни урган. Бу воқеанинг гувоҳи бўлган фермерларнинг айтишларича, туманда ўтказилган олтита йиғилишда ҳам режа бажармаган фермерлар уятли сўзлар билан ҳақоратланиб, калтакланган.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка микрофонсиз гапирган фермернинг айтишича, 7-12 ноябрь кунлари тумандаги дон қабул қилиш пунктида, “Қозоғистон”, “Фарғона” хўжаликларида ўтказилган йиғилишларда фермерлар ҳоким тазйиғига учраган:

“Мен ана шу йиғилишларнинг учтасида қатнашдим. Вилоят ҳокими Сайфиддин Исмоилов туманнинг “Фарғона” совхозида ғалла ва пахта режасини бажармаган фермерларни чиқариб олдида, жуда ҳам ёмон уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, режани нега бажармадинг деб, калтаклашга тушди. Фермерлар эса, "Ахир олти ой сув бўлмадику, қандай бажарамиз?" деганига қарамасдан, қорнига, юзига муштлаб сола бошлади. Фермерлар индамай қуллуқ қилиб тураверди”, деди фермер.

Арнасой туман дон комбинатида ўтказилган йиғилишда иштирок этган бошқа бир фермернинг айтишича, калтакланганлар орасидан фақат бир нафари ҳокимнинг зўравонлигига қаршилик қила олган:

“Дон комбинатида 28 октябрь куни ўтказилган йиғилишда ҳоким қўлининг қичиғини қолдириш учун фермерларни савалади. Ҳар битта совхоздан учтадан фермерни чақириб олиб, "Нега пахтага кам одам чиқардинг?" деб уришни бошлади. Кейингисини ҳақоратлашни бошлаган эдики, фермер “Сен менинг онам билан қизимни ҳақоратламагин, мен бозорга онам билан қизимни олиб чиқиб сотадиганлардан эмасман, эшитдингми”, деди. Кейин сену менга боришаётган эди, вилоят милицияси бошлиғи Азизов ажратиб қўйди. Билсак, бу одам милициядан пенсияга чиқиб фермер бўлган, ўзига анча ишонадиган шахс экан. Шундай кейин ҳоким бошқа фермерларни урмади”, деди фермер.

Суҳбатдош вилоят ҳокимининг калтаклаш усуллари ҳақида шундай дейди:

“Ҳоким фермерларни ўртага чиқариб, доира қилиб териб қўяди. Кейин яккама-якка қўйиб бир четдан қорнига, ичига, юзига уриб, шапалоқлаб, тепиб чиқади. Салгина гап қайтарган одамни "онангни"," қизингни" деб, ҳақорат қилади”, деди фермер.

Озодлик фермерларнинг бу иддаосига муносабат олиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимлиги сайтида эълон қилинган барча телефон рақамларига қўнғироқ қилди. Аммо телефон гўшагини ҳеч ким олмади. Вилоят ҳокимлиги эълон қилган 226 00 11 рақамли ишонч телефонининг эса факсга улаб қўйилганлиги маълум бўлди.

Арнасой тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳақиқатан ҳам вилоят ҳокими туманда олтита йиғилиш ўтказганини тасдиқлар экан, вилоят ҳокимининг муштумзўрлигидан хабари йўқлигини айтди.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг фермерларни, корхона ва ташкилотлар раҳбарларини ҳақорат қилиш, уриш ҳолатлари кўп кузатилади.

Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими 18-19 октябрь куни кечаси ўтказилган йиғилишларда оз пахта топширган фермер ва теримга кам ўқитувчи чиқарган мактаб директорларини калтаклаган.

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Чироқчи тумани ҳокими Равшан Комилов Пўстин қишлоғида истиқомат қиладиган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини бузган, ҳаммани уриб-сўкиб пахтага ҳайдаган эди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб Равшан Комилов Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норовни ургани ҳақида Озодлик манбалари хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG