Линклар

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Россияда Ӯзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотилиши камайиб кетган.

Москвадаги Европа бизнес уюшмаси Автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси берган маълумотга кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Россияда 33, 472 дона GM Uzbekistan машиналари сотилган.

Бу рақамларни ўтган йилнинг айни шу даврига қиёсласак¸ ўзбек автомобиллари савдоси Россияда қарийб 27 фоизга пасайганини кўриш мумкин.

Ўтган йилнинг айни даврида Россияда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 49 014та автомобил реализация қилинган эди.

Шу йилнинг октябрь ойида эса ўзбек автомобилларининг Россияда сотилиши 64 фоизга камайиб кетди.

Ўтган ой Россияда 1819та GM Uzbekistan машиналари сотилган. Ўтган йилнинг октябрь ойида 5921, яъни деярли уч баравар кўп ўзбек машинаси сотилган эди.

Европа бизнес уюшмаси Автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси эълон қилган рўйхатда GM Uzbekistanда тайёрланган бирон-бир машина Россияда энг кӯп сотилган 25 та харидоргир автомобил қаторига кирмаган.

Рўйхатда сўнгги тўққиз ой ичида Россияда энг кўп сотилган машина Тольятти заводида ишлаб чиқарилаётган "Lada" автомобилидир.

Шу йилнинг январь-октябрь ойларида Россияда 321 590 та "Lada" автомобили сотилган.

Россия автомобил бозоридаги вазият билан яхши таниш бўлган “Колеса”журнали бош муҳаррири Андрей Шепелев GM Uzbekistan машиналари сотилиши камайганини шундай изоҳлайди:

- Ҳақиқатан GM Uzbekistan машиналари сотилиши сезиларли камайди. Сабаби, Ўзбекистонда чиқаётган машиналарнинг моделлари анча эскириб қолган. Россияликлар севгисини қозонган ўша “Nexia” ҳам “Matiz” ҳам ҳозир чиқаётган бошқа машиналарга конкуренция бобида бас келолмай қолди. Ҳатто ўзимизда чиқаётган ВАЗ машиналарини сифати ҳам анча ахшиланиб қолди. Икки йил аввал чиқарилган “Gentra” машиналари ҳам Россия бозорида ўзини оқламади. Рақобатчилик кучайди. Ҳозир Хитой ҳам Россия бозорини ўзини машиналари билан тўлдириб ташлаяпти. Олдин унча бой бўлмаган россияликлар орасида иккита танлов "Lada" ёки "Nexia" бўлган бўлса, ҳозир бир қанча моделлар ўртага чиқмоқда. Айнан мана шу омил ўзбек машиналари сотилишига таъсир қилмоқда, дейди Андрей Шепелев.

Аввалроқ россиялик автомобил ишлаб чиқарувчилар Россия президенти Путинга мурожаат қилиб, GM Uzbekistan маҳсулотларини мамлакат ҳудудига олиб киришни чеклашни сӯрашганди.

- Тошкент ҳукумати чет эл машиналари, жумладан, Россия автомобилларини Ўзбекистон бозорида сотиш учун қийинчиликлар яратгани, солиқларни кўтаргани учун жавобий чора қӯлланиши зарур деган фикр билдириляпти. Агар бу амалга ошса, ўзбек машиналари учун Россия бозорида майдон яна да тораяди, дейди Шепелев.

Айни бир пайтда, Россия матбуоти хабарларига кӯра, Россияда фақат Ӯзбекистон автомобиллари эмас, балки умуман машиналар савдоси камайиб кетган.

Европа бизнес уюшмаси Автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси берган маълумотга кўра, Россияда автомобиллар сотилиши сўнгги тўққиз ой давомида ўтган шу даврга қараганда 12,7 фоизга камайган. Шу йилнинг январь-октябрь ойлари оралиғида Россида 1 991 312 та машина сотилган.

Россия автомобил бозоридаги вазиятни кузатиб борувчи Москвадаги Автостат таҳлил маркази мутахассиси Алексей Коволенко автомобиллар сотилиши йил охиригача яна камайишини айтади:

- Машина бозоридаги энг катта тушиш октябрь ойида кузатилди. Бу энг аввало россияликларнинг эртанги кунга ишонқирамай қарай бошлагани билан боғлиқ. Ҳозир уруш бўлаётганини ҳамма кўриб турибди. Келажак учун самрмоя қилиш хавфли. Чунки машина сотиб олиш узоқ муддатга сармоя қилиш деганидир. Иккинчи сабаб банклардаги вазият билан боғлиқ. Кредитлар олиш қимматлаб кетди. Ҳозир йилига 10 фоизлик устама билан кредит олиш имконсиз. 15 фоизлик кредит билан машина олишга кўпчиликни чўнтаги кўтармайди. Буларни ҳаммаси машиналар сотилишига салбий таъсир қилмоқда, йилни оxиригча машиналар сотилиши яна камайиши мумкин, деди Коволенко.

Россияда машина савдоси бозорида харидор камайгани GM-Uzbekistan машиналарига Ўзбекистонда таклиф ошишига олиб келиши мумкин, демоқда таҳлилчилар.

Лекин “Колеса” журнали бош муҳаррири Андрей Шепелев фикрича, бу яқин фурсатда рўй бериши даргумон:

- Қайсидир маънода, Ўзбекистонда машиналарга таклиф ошиши мумкин. Лекин, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар шундоқ ҳам Россияга қараганда 20 фоизга қиммат сотилиши бизга аён. Бундан ташқари ўзбекистонликларга ўзида ишлаб чиқарилаётган машиналардан бошқа танлов йўқ. Балки, Россияда ҳаридор камайиши ортидан GM Uzbekistan ўзбекистонликлар учун кўпроқ машина таклиф этишни бошлар. Лекин буни яқин орада рўй беради деб айтиш қийин. Сабаби олдин ҳам Россияда ўзбек машиналарига талаб камайган пайтда Ўзбекистонда таклиф ошганини кузатмаганмиз, дейди Андрей Шепелев.

Андижондаги GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг дона енгил автомобил ишлаб чиқаради.

Бошқа давлатларда GM Uzbekistan маҳсулотлари арзон сотилаётган бир пайтда ўзбекистонликларнинг ўзлари автомобил харид қилиш учун олдиндан пул тўлаб, устига-устак, уни ойлаб кутишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG